«Келаверинг, ҳамма ухлади»

14:21 - 04.08.2022

11

Зариф (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кўчадан келди-ю, ногаҳон опасининг хонасидан эшитилаётган шивир-шивирдан ҳушёр тортди: «Ким билан гаплашяпти у ярим кечаси?!». Бориб эшикни итариб кўрди, берк…

Синглиси ва онаси ўз хонасида ухлаб ётганини кўргач, шубҳаси баттар ортди. Эшикка яқинроқ бориб, ичкаридаги овозларга яхшироқ қулоқ тутди. Чиндан адашмаганди, ичкарида опасидан бошқа яна кимдир бор. Боз устига эркак киши!..

Бу ҳолатдан ҳали йигирмага ҳам кирмаган йигитнинг қони қайнаб кетди. Шартта отасининг кушхонасига кирди-да, азалдан мол сўйишда ишлатадиган пичоғини олиб, чўнтагига солди. Сўнг келиб эшикни итарди, очилмади. Опаси эса «Озгина кутиб тур, ҳозир…» деди бироз саросимали оҳангда. Кейин яна қандайдир шивир-шивирлар эшитилди…

…Нигора ўша куни ўқишини Тошкентдан Намангандаги университетга кўчириш ниятида йўловчи машинага ўтирди. Манзилга яқинлашганида Музаффар исмли таниш тадбиркор йигитга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўради. Улар ўқув курсида танишган, икки-уч йилдан бери ўрталарида муҳаббат пайдо бўлганди. Иккиси университет маъмуриятидан керакли маълумотларни олгач, Музаффар Нигорани ўзининг «Спарк»ида уйига олиб бориб қўйди.

– Қўнғироқ қиламан! – деди Музаффар хайрлашаётиб. Чиндан ҳам бир соат ўтар-ўтмас телефон қилди. «Кетишингдан олдин бир учрашайлик, Нигор! Эртага кетсанг, яна қачон келасану…» деди йигит ялингудек бўлиб. Нигора куни билан ўз юмушларини ташлаб, унинг учун югурган йигитнинг таклифини рад этишдан хижолат қилдими ё унда кўнгли борлиги учун йўқ деёлмадими, хуллас, рози бўлди.

– Фақат тунда, уйдагилар ухлаганидан кейин учрашамиз, – деди.

Кечки овқат ейилгач, Нигоранинг укаси Зариф оғайнилари билан учрашиш учун кўчага йўл олди. Ота-онаси ва синглиси эса ухлаш учун ўз хоналарига кириб кетишди. Ярим соатларда ҳовли сув қуйгандек жимжит бўлиб қолгач, у Музаффарга хабар ёзди: «Келаверинг, ҳамма ухлади»…

Йигит кўп куттирмади. Ҳаял ўтмай дарвоза ёнида пайдо бўлди. Афтидан у шу яқин-атрофда кутиб турганди чоғи. Келганидан хабар топган қиз уни ўз хонасига бошлади. Улар бироз суҳбатлашиб ўтиришди. Кейин Музаффар қиз билан хайрлашиб, кетмоқчи бўлди. Нигора уни кузатиб қўйиш учун ҳовлига чиқди-ю, кўчадан кимдир кириб келаётганини сезиб ортига қайтди.

– Укам! Кўриб қолса ўлдиради! – ваҳима аралаш шивирлади Нигора. Кейин Музаффарнинг қўлидан маҳкам ушлаганча уни яна хонаси томон судради.

Йигит Нигоранинг ранги ўчиб кетгани, кира солиб эшикни қулфлаб олганини кўриб, аввалига бироз каловланиб қолди. Кейин ўзини қўлга олиб, қизга юзланди:

– Намунча ваҳима қилмасанг?! Ҳозир ўзим чиқиб тушунтираман укангга! Йигит киши-ку, жуда бўлмаса муштлашамиз, бўлди!

– Асло! – шивирлади унинг қўлига ёпишиб Нигора. – Сиз укамнинг қанақалигини билмайсиз! Одамга қулоқ соладиган бола эмас у… Ҳозир чиқсангиз, сизни ҳам, мени ҳам ўлдиради!..

Шу пайт Зариф опасининг хонасига кириш мақсадида эшикни очмоқчи бўлди.

– Жим! – бармоғини лабига босиб шивирлади Нигора. Шундан кейин атрофни тушунарсиз сукунат босди. Музаффар шундагина жуда оғир ҳолатга тушиб қолганини англаб, юраги орқасига тортиб кетди. Кейин эса нима қиларини билмай, ўзи билан бирга ишлайдиган Икромга қўнғироқ қилди.

– Ака, Шариф қассобникига тез келинг, илтимос! Келиб «Зариф» деб чақиринг. Мен ичкаридаман. Сиз баҳона чиқиб кетволаман… – деди деярли шивирлаб. Чунки ташқарида Нигоранинг укаси уларни пойлаётганини сезиб турарди.

Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас яна шеригига телефон қилди:

– Ака, келаяпсизми? Мен Нигораларникидаман… Мен билан гаплашиб юрадиган қиз бор-ку, танийсиз… Ўшаникидаман… Тез келиб мени олиб кетмасангиз бўлмайди, кела қолинг, ака!..

Икромжон унга «Нима бўлаяпти ўзи? Нигоранинг ўзи қани?» дея хабар ёзиб, «Тезроқ келинг, Зарифни чақириб олинг» деган жавобни олгач, қандайдир кўнгилсизлик бўлишини сезди-ю, машинасига ўтириб, Шариф қассобнинг уйи томон елдек учиб кетди.

Зариф бу пайтда ҳовли ўртасида тишини ғичирлатганча опасининг хонасини кузатиб турар, «Ким бўлса ҳам шу эшикдан чиқади барибир! Қаёққа ҳам кетарди! Қанча бўлса кутаман! Қўлимга тушсин бу ифлос!» деганча чўнтагидаги пичоқни бот-бот ушлаб қўярди.

Орадан бироз вақт ўтди. Ниҳоят, тоқати тоқ бўлган Зариф шартта бориб яна эшикни итарди. Бу гал эшик очилиб кетди. Шу пайт ичкаридан нотаниш бир йигит югуриб чиқди-да, уни шартта итариб юбориб, ўзи кўчага қараб қочди. Зариф эса мувозанатини йўқотиб, ногаҳон ерга ўтириб қолди.

– Тўхта! Кимсан?! – у ўрнидан тура солиб Музаффарнинг ортидан қувиб кетди. Катта йўлда унга етиб олди-ю, тепиб юборди. Қочаётган йигит ҳам бўш келмай, ортига қаради-ю, шартта Зарифнинг юз-кўзи аралаш мушт тушириб қолди.

«Музаффар-ку?! – Зариф чироқ шуъласида уни таниб, баттар ғазаб отига минди. – Опамга бу йигит билан муносабатни тақиқлагандик, яна нима қилиб юрибди бу мараз?! У бизни назарга илмай, опамнинг хонасигача кириб ертепки қилдими, уни ўлдирмай қўймайман!».

Зариф шундай деганча чўнтагидаги пичоқни олди-ю, унга яна мушт ўқталаётган Музаффарнинг бўйнига тортиб юборди… Кейин пичоқни унинг дуч келган жойига санчаверди…

Ўзига келганида Музаффар қонга беланганча асфальтда узала тушиб ётар, унда ҳаёт белгиси сезилмасди. Бу ҳолатдан қўрқиб кетган Зариф «Ота!» деб бақириб юборди. Сал нарида уларга яқинлашолмай турган Нигора ҳам югуриб келиб Музаффарнинг ҳолатини кўрди-ю, қўрқувдан чинқириб юборди…

Музаффар Зарифнинг отаси ва қўни-қўшнилар кўмагида зудлик билан шифохонага олиб борилди. Бироқ у аллақачон ҳаёт билан видолашиб бўлганди…

Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон тумани судида Зариф Собировнинг мазкур жинояти кўриб чиқилди. Суд муҳокамасида унга нисбатан эълон қилинган айблов ўз исботини топиб, у узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Биз шундай тарбия кўрган халқмиз: ўтганларни ким бўлишидан қатъи назар, «раҳматли яхши одам эди» деймиз. Бир ҳовуч дуомиз марҳумнинг гуноҳларини енгиллаштиришидан умид қиламиз. Шундай бўлса-да, аччиқ ҳақиқатдан кўз юмолмаймиз. Агар эътибор берган бўлсангиз, кейинги пайтларда рўй бераётган оғир жиноятлар замирида бир гуноҳ ётгани, айбланувчи ҳам, жабрланган ҳам ўйламай босилган қадам касрига қолганининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Юқоридаги жиноят ҳақида эшитганлар «Музаффарни ўша хонадонга ажал етаклаб борган экан-да» дейишган чиқар. Назаримизда, уни калтабинлиги бошлаб борганди бу хонадонга. Йўқса, отанинг, инининг ори, иззат-нафсини топтаб, ярим кечаси бир қизнинг номига доғ тушириб қўйишдан ҳам орланмай бировнинг уйига борармиди?! У ҳам ака эди… Уйланиб қизли бўлса, отанинг қадди букилиши қанчалик оғир бўлишини ҳис этарди балки… Афсуски, шу тобда буларнинг ҳеч бирини ўйламади…

Нигора-чи?! Бу ҳолатда энг катта гуноҳни у қилмадими? Ярим тунда бегона бир йигитни ўз хонасига чақириб, ибо, ҳаё чегарасини бузмадими? Укасининг қўли ор талашиб бировнинг қонига бўялишига сабабчи бўлмадими?! Зариф-чи?! Тўғри йўл тутдими? Тўғри, унинг йигитлик ғурури билан ўйнашдилар, иззат-нафсини топтадилар. Аммо бу жараёнда жаҳлдан кўра ақл билан иш тутганида бугун қотил сифатида симтўр ортида ўтирмаган бўларди.