Йўқолган маош

14:25 - 04.08.2022

12

Байрамхонга келини ёқмай қолди. Тўғри, Асилзодани ўзи топган, ўғлининг қаршилигига қарамай амаллаб кўндириб келин қилган ҳам ўзи. Етим ўсган қиз, ювошгина, қўл-оёғи чаққон деб сепига қарамаган бўлса-да, ҳозир вазият ўзгарди, қуп-қуруқ келгани эсига тушиб бир ловулласа, ҳақоратларига жим туриши, тинмай иш қилавериши тағин асабини бузади.

Ўгай отанинг қўлида қимтиниб ўсган Асилзода икки йилдирки, Байрамхоннинг ҳатто юзига ботиниб қараган эмас. Гоҳ ошхонада, гоҳ ҳовлида куймалангани-куймаланган. Бир кун тандир тўлдириб нон ёпса, эртасига дор-дор кир ювиб ёяди. Оғир ишларни ҳам бир ўзи бажаради. Лекин негадир келинига кўзи тушдими, тамом, Байрамхоннинг жини қўзийверади. Ҳатто сенлашга ўтди.

– Ҳой, Асилзода, чойни нега ичкарига тайёрладинг? Димиқ­тириб ўлдирмоқчимисан? Таш­қа­ридаги супачага кўчир тез!

Хамир қораётган Асилзода ишини ташлаб, югургилаб келиб, кўрпача-ю хонтахтани кўтариб супага олиб чиқди. Сўнг патнисда қанд-қурс, чойнак-пиё­лаларни ташиди. Байрамхоннинг кенжа ўғли Суннат оғироёқ янгасига қарашай демайди, кўзи телефонда, нонушта кечикаётганидан норози тўнғиллаб қўйди.

Хуррамбекни уйғотиб чиққач, келин ошхонага қайтди. Хуррамбек кечаси алламаҳалда қайтган, бўкиб ичганидан боши тарс ёрилай дерди. Хотинига аччиқ кўк чой келтиришни буюрди. Байрамхон нон ушатиб ўғлининг олдига қўйди. Асилзода чой келтириб, ўзи ҳам супа четига ўтирди. Қайнона нондан кичик ўғлининг олдига ҳам ушатгач, қолганининг устига сочиқ ёпди. Келин шўрлик сочиқни олиб ташлашга ботинмай, яқинида турган чиллаки узумдан бир дона узди.

– Бунақа ичиб юришни йиғиштир, ўғлим, – деди Байрамхон келинининг узум еётганини кузатаркан. Сўнг бошқа сочиқ билан узумнинг ҳам устини ёпиб қўйди. – Мана, яқинда фарзанд­ли бўласизлар. Бундай юриш сенга ярашмайди.

Асилзода пиёладаги чойдан ҳўплади. Дастурхондаги неъматлардан егиси келса-да, қайнонасининг жаҳли чиқишидан қўрқиб, ўрнидан турди.

Хуррамбек ўша куни яна алламаҳалда кириб келди. Камзулини ечиб онаси ётган кароватнинг четига қўйгач, уни уйғотди:

– Туринг, она, кабоб опкелдим.

– Кабоб? – зўрға кўзини очди Байрамхон. – Боя овқатлангандик ўзи. Майли, сазанг ўлмасин.

Хуррамбек маош олганини, ишидаги воқеаларни, дўстлари билан ўтирганини гапирди. Байрамхон қорни тўқ бўлса-да, анча кабобни паққос туширди, қолганларини яхшилаб ўраб, «укангга» деб олиб қўйди. Хуррамбек гандираклаб хонадан чиқди. «Яхши бўлди, синглимнинг тўйи­га тўёнани эртадан қолдирмай бериб келаман, қиз чиқариш осонмас, кам-кўстига ишлатар. Опам келмади деб аразлаб юрувди ўзи» деган ўй Байрамхоннинг уйқусини қочирди.

…Эртаси бозор. Кун ёйилиб кетса-да, ўғли ҳамон уйқуда. Байрамхон тўёна бериб келишга шошаяпти. Охири бўлмади, овоз берди. Ўғли ранг-рўйи бир аҳволда ташқарига чиқди. Хотинини чақирди. Келиндан негадир садо йўқ. Ғудраниб сўкинганча юзини ювишга кетди. Аксига сув ҳам ўчибди. Кайфияти баттар бузилиб уйига кириб кетди. Байрамхон шошилар, остонада кутарди. Хуррамбек ичкаридан шитоб билан чиқиб:

– Она, пул йўқ! – деди.

– Нега йўқ? Қўйган жойингни яхшилаб қарадингми?

– Қарадим. Йўқ!

Шу пайт икки челак сув кўтариб, зўрға одимлаганча Асилзода дарвозадан кирди.

– Ҳа, бу сенинг ишинг! Ўғри! Пулни қаерга яширдинг? Кимга бериб юбординг?

Хуррамбек Асилзоданинг сочидан судраб ура бошлади. Байрамхон ҳам ўғлига қўшилди. Келин нима бўлаётганини англамас, «мен ўғри эмасман!» деб такрорларди.

…Мана, бир ойдан ошди, орага маҳалла-кўй аралашиб, келинни қайтармоқчи бўлишди. Хуррамбек сал ён босгандек бўлди, Байрамхоннинг эса икки оёғи бир этикда: «Ё хотининг, ё мен!» деб шарт қўйган.

Аёл ўғри келинни қайта қабул қилмаслигини, туғиладиган набираси ҳақида эшитишни ҳам истамаслигиниц таъкидлар, «Ўғридан ўғри туғилади-да! Керак эмас!» қабилида ким учраса айтиб юрарди. Орада қўшни маҳалладан қиз топиб, совчиликка ҳам борди. Ёшлар учрашиб, маъқул келса, қишга қолмай тўй бўладиган бўлди. Ўғирлик воқеасидан бўлғуси қудаларни ҳам бохабар этди. Албатта, қўшиб-чатиб, озроқ бежаб англатди.

Бугун эрталаб қўшниси – туғруқхонада ишлайдиган Лайлодан Асилзоданинг кўзи ёригани, ўғил неварали бўлганини эшитди-ю, Байрамхон бирдан бўшашиб кетди. Негадир кўнгли юмшаб қолди, чақалоқни кўргиси келаверди. «Қизиқ, кимга ўхшаркин? Борсам кўрсатармикан? Бу боланинг тақдири нима бўлади? Онасига ўхшаб турткиланиб катта бўладими бировнинг уйида? Ё уйга олиб келайми? Бир томони – келин топиб, уларни ишонтириб қўйган бўлсам…».

Хуллас, Байрамхон икки ўт орасида қолди. Ўзини чалғитиш учун уй тозалашга киришди. Кароватнинг тагини – полни артаётиб қараса, Хуррамбекнинг камзули ерда ётибди. Қўлига олиб, чангини қоқди, шу пайт гилам устига бир даста пул сочилиб кетди. Бу – ўша куни ўғли келтирган, келинини ўғрига чиқаришга сабаб бўлган йўқолган маош эди. Камзул сирғалиб кароват билан деворнинг ўртасига тушиб қолгани учун бир ойдан бери ҳеч кимнинг кўзи тушмаган, чанг босиб қолган экан. – Вой шўрим, энди нима бўлади?! – деганча Байрамхон йиғлаб юборди.