Гўдакни кимнинг қўлига топшираяпсиз?

14:05 - 04.08.2022

6

Яқиндагина ижтимоий тармоқларда кичик ёшли болани азоблаб, тиббиёт талабларига мутлақо мос бўлмаган уқалаш муолажаси акс этган видеолавҳа тарқалган эди. Пойтахтимиздаги оилавий поликлиникалардан бирининг биносида тасвирга олингани айтилган бу ҳаракат жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.

Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдирди, вазирлик мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Соҳа мутахассислари бу борада ўз фикрларини билдиришди.

«…ушбу хатти-ҳаракатлар нафақат тиббиёт, балки инсонийлик туйғуларига ҳам ётдир. Вазирликнинг бу каби ҳолатларга нисбатан позицияси аниқ ва қатъий: биз инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган, қадр-қиммати ва шаънини топтовчи ҳар қандай хатти-ҳаракатга муросасиз муносабатдамиз. Ишонамизки, тез орада ушбу ҳолат ўз ҳуқуқий баҳосини олади», – деди ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирган Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев.

Кеча эса худди шундай ҳолат Бухорода ҳам юз бергани ҳақида хабар тарқалди. Тўғриси, она сифатида ҳар иккала видеотасвирни охиригача кўришга юрагим дош бермади.

Қарай олмадим. Эсимда қолгани сохта массажчининг бемеҳр қўлларида азобланаётган ҳимоясиз гўдакнинг аччиқ йиғиси. «Дунёдаги барча болалар бир тилда йиғлайдилар» деган эди донишмандлардан бири. Улар нодонлар дастидан ва зулмидан оқиллардан нажот кутади.

Массаж муолажасини бажарган шахслар мазкур фаолият билан шуғулланиш учун рухсатнома ва сертификатга, қолаверса, физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга эмаслиги маълум бўлганида жамоатчиликда кўплаб ўринли саволлар пайдо бўлди.

 Нега бундай ҳолатга йўл қўйилди? Наҳотки тиббиётга оид соҳаларда рухсатнома, сертификатсиз ҳам фаолият юритиш мумкин бўлса? Бу бўйича назорат олиб бориладими ўзи? Демак, аксарият ҳолатларда биз фарзандларимизни ҳеч қандай тиббий билимга эга бўлмаган «кинначи»лар қўлига топшириб келаётган эканмиз-да?

Тўққиз ойлик жиянимга массаж муолажасини олишни бошламоқчи бўлган келинимга телефон қиламан: массажчи опанинг рухсатномаси, сертификати бормикан, сўрадиларингми? Уни ким тавсия қилган эди?

Кутганимдай жавоб оламан: сўралмаган. Рухсатнома, сертификати бор-йўқлигини сўраш бизда одат эмас. Ким тавсия қилган? Қўшни аёллар…

Юқоридаги каби ҳолатларга соҳани назорат қилиши керак бўлган мутасаддилар билан теппа-тенг ўзимиз ҳам айбдормиз. Ҳуқуқий билимимиз ҳам, тиббий билимимиз ҳам етишмайди. Оқ халат кийган киши борки, гапига ишонамиз. Суриштириб ўтирмаймиз. Докторнинг ёзган дорисини олиш, айтган тавсиясини қилиш керак деган тушунча онгимизда ўрнашиб қолган. Тўғри, доктор тавсияси билангина шифо топади одам. Лекин мана бу дори нима учун, акс таъсири йўқми, тавсия қилаётган мутахассисингизнинг малакаси борми дея сўрашга ҳаққимиз бор-ку. Йўқ, биз бу саволларни ичимизда, ўзимизга ўзимиз берамиз. Ташқарига чиқармаймиз. Жондан азиз фарзандларимизни сохта табиблар ихтиёрига топшириб қўйишимиз мумкинлигини англаб етмаймиз.

«Болалар ортопедияси амалиётида уқалаш муолажалари кенг қўлланади ва бунинг қатъий қоида ҳамда талаблари бор. Мазкур жараёнда касаллик тури, боланинг ёши ва ҳолати ҳисобга олиниб, ҳар бир беморга индивидуал ёндашилиши зарур. Аммо энг муҳим талаблардан бири уқалаш муолажаси чоғида кичик ёшли беморда қўрқув бўлмаслиги шарт!» – бу тиббиёт фанлари доктори, профессор Аҳрорбек Жўраевнинг гапи.

Аксарият болалар оқ халатли кишиларни кўрганда қўрқиб, йиғлашга тушишини кўп кузатамиз. Буни табиий қабул қиламиз. Аслида шундай бўлиши керакми? Албатта, бу алоҳида ва жиддий таҳлил талаб этадиган мавзу. Айтишларича, болаларнинг докторлардан қўрқиши фақат бизда кузатилар экан. Ривожланган мамлакатлар, дейлик, Европада болалар доктор билан бажонидил мулоқотга киришади, унинг мулажаларини қизиқиш ва хайрихоҳлик билан қабул қилади. Демак, болаларда қўрқув ҳиссининг пайдо бўлишида аксар ҳолатларда педиатрлар ҳам катта рол ўйнайди. Масалан, муҳокама қилаётганимиз ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирдаги болаларга «доктор» нинг қўлида чеккан азобларини унутиш учун қанча вақт керак бўлади?

Мутахассислар бир овоздан уқалаш муолажаси боланинг жисмоний, руҳий ривожланишида, иммунитети мустаҳкам бўлишида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашади. Шу билан бирга, нотўғри муолажа болани бир умрга мажруҳ қилиб қўйиши мумкинлигини ҳам инкор этишмайди. Хулоса чиқаришга шошилмаймиз, албатта. Лекин фарзандингизни, унинг соғлиғини кимга ишониб топшираётганингиз ҳақида жиддий ўйлашга чақирамиз. Бу сизнинг бурчингиз!