Болалик оила билан бахтли

14:18 - 04.08.2022

9

Аҳмад Фарғонийнинг муҳташам ҳайкали жойлашган хиёбон. Кечки салқинда одамлар сайр қилишмоқда. Шу пайт ёшгина жувон саккиз-тўққизтача катта-кичик ўғил-қизлар қуршовида ҳайкал пойига келди ва улардан Фарғоний ҳақида қандай маълумотга эгаликларини сўради. Болалар чуғурлай кетишди:

– Аяжон, мен айтай. Фарғоний Фарғона водийсининг Қува қишлоғида туғилган.

– Мен ҳам биламан, аяжон! У – астрономия, математика, география каби фанларда тадқиқот қилган ўзбек қомусий олими.

– Шарқда Фарғоний, Европада Алфраганус тахаллуси билан танилган. – Қоҳира яқинидаги Равзо оролида нилометрни, яъни Нил дарёси сув сатҳини белгиловчи ускунани ясаган!

Болаларнинг билағонлиги қувонарли албатта, аммо нари борса энди ўттизни қоралаган жувонга саккиз боланинг бараварига аяжон деб мурожаат қилиши жуда ажабланарли. Аравачада қизчасини айлантириб юрган келинчак қизиқсиниб, «Ҳаммаси ўзингизникими?» деб сўради.

– Алҳамдулиллоҳ! – жилмайганча жавоб берди она. – Тўрт ўғил, тўрт қизим бор!

– Буларнинг кўпи бир-бирига тенгдошку. Қолаверса, катталарининг ораси сиздан 10-15 ёшга фарқ қилса кераг-ов…

– Худо берса шу-да, синглим, – деди ёш она ва бири олиб-бири қўйиб Фарғонийнинг илмий мероси ҳақида чуғурлашаётган болалари билан кўздан узоқлашди.

Келинчак ортларидан ҳам ажабланиб, ҳам ҳавасланиб қараб қолди.

Дарҳақиқат, ҳозирги замон аёллари фарзандни икки-учтадан оширмайди. Саккиз ўғил-қиз тарбиялаётган оналарни топиш мушкул. Ҳикоямиз қаҳрамони – Миллий гвардия ходими бўлган Ойсанамхон Бердиеванинг фарзандлари билан боғлиқ вазият эса бироз бошқача.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан вилоятларда оилавий болалар уйлари ташкил этилди. Шу муносабат билан меҳрибонлик ва болалар уйлари бирин-кетин тугатиладиган бўлди. Бундан кўзланган мақсад – етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила муҳитида ҳамда ота-она меҳри, ғамхўрлигида тарбиялашдан иборат. Зеро, истаймизми-йўқми қанча қулайлик, шароит яратилмасин, боланинг қорни тўқ, усти бут бўлмасин, меҳрибонлик уйлари ўз номи билан муассаса, бу маскан оилага тенглашолмайди. Ахир етимхона болаларининг мунгли нигоҳлари, муассаса деразасидан кўчага термулиб, ота-онасини кутиб яшашини ҳаммамиз биламиз-ку. Бундай муассасалардан чиққан кишиларнинг жамиятга қўшилишида ҳам муаммо кўплигини яширишнинг ҳожати йўқ.

Миллий гвардия ходимлари кейинги 11 йил давомида меҳрибонлик уйларида тарбия топган 19-30 ёшдаги кишиларнинг ҳаётини ўрганганда маълум бўлишича, шу йилларда 3637 нафар тарбияланувчи мустақил ҳаётга қадам қўйган. Лекин улардан 2500 дан ортиғи турмуш қурмаган, 1473 таси ишсиз, 347 нафари чет элга чиқиб кетган, 22 таси вафот этган ҳамда 43 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Шу фактларнинг ўзиёқ уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйгач ёлғизланиб қолаётганидан, ижтимоий ҳаётга мослашув жараёни оғир кечаётганидан далолат. Оилавий болалар уйи амалиётининг жорий этилаётгани эса ана шу муаммоларга ечим бўлса ажабмас.

Зотан, фарзанд тарбиялашга оиладан афзал жой йўқ. Оилада болаларни ота-оналаргина эмас, бобо-момолари ҳам қучоғига олади, миллий қадриятларимиз асосида тарбиялашади. Уйдан ташқарида эса маҳалла ҳаётига аралашиб, турли маросимларда иштирок этишади, ёши улуғ отахон-онахонларнинг насиҳатларидан баҳраманд бўлиб, ахлоқий, маънавий ва жамоавий тарбия топишади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан меҳрибонлик уйлари Миллий гвардияга бириктирилгач, Фарғона вилоятидаги бундай муассасалар бирин-кетин ўз эшикларини ёпа бошлади. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўғил-қизларни эса оилавий болалар уйлари ўз бағрига олди.

Миллий гвардия ходимлари бу борада ўрнак бўлишгани таҳсинга лойиқ. Шулардан бири Миллий гвардия Фарғона вилояти бошқармасининг Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмида психолог бўлиб ишлайдиган Ойсанамхон Бердиевадир. Данғара тумани Тўлабой маҳалласида яшаб, турмуш ўртоғи билан икки фарзанд – Алишер ва Бибиойшани катта қилаётган оила Қўқондаги меҳрибонлик уйидан бир эмас, икки эмас, олти бола – уч ўғил ва уч қизни асраб олди.

Халқ депутатлари Данғара тумани кенгаши депутати Баҳромжон Бўтабековнинг айтишича, оилада болалар учун барча шароит муҳайё қилинган.

– Болалардан ҳар ойда хабар олиб турамиз, уларнинг каттаси ўн олти, кичиги тўрт яшар. Суҳбатлашганимда кузатаман, ҳаммасининг кайфияти аъло, – дейди Б.Бўтабеков. – Хонадонда болаларнинг алоҳида ётоқхонаси, дарс тайёрлашга, дам олишга мўлжалланган хоналари бор, ота-онаси билан боғларга, театрларга бориб туришади. Болалар қувончининг асл сабаби бу эмас, аслида улар меҳрга тўла оиласи борлигидан бахтиёрдир.

Ойсанамхон учун саккиз боланинг ҳар бири бир дунё. Уларнинг хулқи, таъби, қизиқиш ва мақсадлари ҳам бошқа-бошқа.

– Артём ўн олти ёшда, у ахборот технологияларига қизиқади, келажакда шу соҳани мукаммал эгаллаб, малакали кадр бўлмоқчи, – дейди О.Бердиева. – Роза қизимиз футбол ишқибози, «Турон»да ўйнаган. Ҳозир ёзги таътилда бўш вақти кўплиги учун машғулотларни канда қилмайди. Нуруллоҳ ўн ёшда бўлса-да, автомашиналарнинг тузилишини жуда яхши билади. Келажакда ўзи устахона очмоқчи. Айтганча, ҳозир ҳам у таниш устанинг ёнида. Мунисахон тўққиз ёшда, у ҳам опаси каби футболни севади, унга эргашиб машғулотларга бораяпти. Тўрт яшар Жасурбек билан олти ёшли Шаҳризода боғчага қатнайди. Улар эртак тинглашни, расм чизишни яхши кўришади.

– Бобоси ва бувиси, амма-холалари – ҳаммамиз бир дастурхон атрофига жам бўлганимизда уларнинг кўзлари порлайди, – дейди у. – Меҳрибонлик уйида барча шароит бўлишига қарамай, болалар ўзини у ерда оила бағридагидек қувноқ ва хотиржам ҳис қила олмайди. Нафақат ота-она, балки бобо-буви меҳри ҳам уларга малҳам. Қўшниларни айтинг, болаларимизни улар ҳам яхши кўришади. Тансиқ таом пиширишса олиб чиқишади, нима ёрдам керак бўлса айтинг дейишади. Кўчада маҳалла болалари билан чиқишиб кетишди. Яна бир жиҳати, болалар меҳрибонлик уйида барчани ая деб ўргангани боис ота меҳрига жуда зор. Шу боис тоғалар ҳам, амакилар ҳам улар учун бирдек севимли…

Янги оилага келган болалар, табиийки, мактабни ҳам ўзгартиришди. Артём билан Роза 9-синфда ўқир, бу ёшда ўсмирлар анча ўзгарувчан, таъсирчан бўлиб қолишини ўйлаб Ойсанамхон ташвишлангани ҳам рост. «Кимдир болаларимнинг дилини оғритиб қўймасмикан, етимсан деб юзига солмасмикан?» деган ҳадик эр-хотинни бирдай ўйлантирганди ўшанда. Хайриятки, ундай бўлмади. Ҳозир уларнинг дўстлари кўп. Олти боладан фақат Артём чин етим, қолганларининг ё отаси, ё онаси тирик. Биттасиники ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, бошқасиники панжара ортида. Тақдир зарбасига гўдаклигиданоқ рўбарў келган бу болалар эса ҳақиқий ота-онасини топишганидан дардлари чекиниб, ҳаётга қарашлари юксалиб бормоқда. Ҳар куни янги таассурот, янги мақсадлар билан ота-онани ҳайратга солишади.

Ойсанамхоннинг ёшида аксарият зиёли аёллар ўз фаолиятининг юқори чўққисини кўзлайди. Ўзбекистон миллий гвардияси ходими бўлган Ойсанамхон Бердиева эса карьерадан кўра фарзанд тарбиясини, боқувчисиз қолган болаларнинг меҳрга ташна юрагига малҳам бўлишни, уларни катта ҳаётга тайёрлашни афзал билди. – Биласизми, бир нарсани ўйлаб қувониб кетаман: йигирма йиллардан кейин уйимиз янада гавжумлашса керак, – дейди О.Бердиева. – Ўзингиз ўйланг, ўша кунлари саккиз боламнинг саккизта оиласи бўлади. Ҳаммамиз йиғилсак, тўй бўлиб кетса керак. Буни тасаввур этиш жуда ёқимли. Шу истакнинг ўзи бу дунёдаги жами ҳою ҳаваслардан минг карра устун. Чунки бу – онанинг муқаддас истаги, болаларининг истиқболини ёрқин кўра олаётган ва дунёнинг асл мағзини эзгу амалда деб билган ҳазрати инсоннинг ички қиёфаси…