“Уйга келаётган бегона эркаклар ким?!”

11:33 - 02.08.2022

18

Уйнинг орқа бетида қурилиш ишлари билан андармон эркаклар қўшни хонадонлардан биридан кўчага югуриб чиққан, ҳамма жойи қип-қизил қонга беланган келинчак ва унинг ортидан чириллаганча кетаётган болакай ва қизалоқни кўриб, донг қотиб қолишди.

– Ёрдам беринглар, – дея дод соларди аёл. – Қайнотам мени пичоқлаб ташлади. Болам бешикда қолди, ўлиб қолади, уни қутқаринглар…

Шу тобда ўша ҳовлидан кўчага югуриб чиққан ёши каттароқ эркакнинг ҳам кийимлари, қорни қонга беланган эди. У ҳовлиққанча ортига қайтиб кириб кетди. Усталар кўчадан ўтаётган машинани тўхтатиб, аёл ва болаларни шифохонага элтишди… Зум ўтмай хонадон олдида пайдо бўлган «тез ёрдам» машинасидагилар бояги қарияни ҳам шифохонага олиб кетишди.

Ўғли Оқил Россияга ишлашга кетгач, Мансур Хуррамов (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) хотини Марям, келини Дилором ва тўрт набираси билан бир ҳовлида яшаб келарди. Қайнота келинни пардоз-андозга зўр бериб, ўзгариб қолганликда айблашдан, тергашдан, келин эса унга беписандлик қилиб гап қайтаришдан чарчамасди. Ўртада бегуноҳ болалар овора бўлишарди. Муносабатлар кун сайин кескинлашиб борарди.

Охири февралнинг совуқ тонгида бошланган навбатдаги жанжал хунрезликка уланди…

* * *

– Сен нега ҳар хил вақтда уйдан сўроқсиз чиқиб кетасан? Кимлар билан дон олишиб юрибсан? Уйга келаётган бегона эркаклар ким? Оиламизни шарманда қилдинг, набираларнинг тарбиясини ҳам бузаяпсан…

Қайнотанинг оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Келин ҳам бир гапдан қолай демасди. Оёқ остида эса саккиз яшар ўғли, олти яшар қизи чирқирарди.

Ғазаб отига минган Мансур ака келини Дилоромни сочидан бураб, ерга босди-ю токчадан олган пичоқни болалари Шоҳрух ва Дилнавознинг кўз ўнгида унинг бўйнига, сўнг дуч келган жойига санча бошлади.

Шоҳрух йиғлаб, бобосининг пичоқ тутган қўлига тармашди:

– Бобожон, аямни қўйворинг, илтимос, бобожон…

Бироқ бобонинг тош қотган кўнглини набиранинг ёлворишлари ҳам эрита олмади. Яна пичоқни сермашга чоғланганида Шоҳрух унинг қўлидаги тиғга тармашди. Тиғ боланинг кафтини тилиб юборди. Шоҳрух чинқирганча ўзи мактабга сув олиб борадиган кичик термос билан бобосининг бошига ура бошади. Болага чалғиган Мансур аканинг қўли бўшашди. Бундан фойдаланган Дилором аввал ҳовлига, сўнг кўчага қочди. Ортидан икки фарзанди эргашиб чиқди. Кичиги эса бешикда қолди. Мансур ака келинини қувлаб чиқиб етолмагач, пичоқни ўзининг қорнига урди…

* * *

Жиноят ишлари бўйича Косон тумани судида Мансур Хуррамовнинг жиноят иши кўрилди.

Суд мажлисида Мансур Хуррамовнинг жинояти инкор этиб бўлмас далиллар билан ўз исботини топди. Судланувчи айбига қисман иқрор бўлиб, келинини ўлдирмоқчи бўлмаганини, шунчаки қўрқитиб қўймоқчи бўлганини қайд этди. Дилором эса ўртада эри ва фарзандлари борлиги боис қайнотасини кечирганини, агар у ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаб берса, бошқа даъвоси йўқлигини айтди.

* * *

Суд ҳукм қилди. Мансур Хуррамовга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жабрланувчига етказилган 10 миллион сўм маънавий зарар ва унинг шифохонада ётиб даволангани билан боғлиқ харажатлар судланувчидан ундирилди. Шунинг­дек, жабрланувчига ўзига етказилган моддий зарарни тасдиқловчи ҳужжатларни тўплаган ҳолда фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида даъво қилиш ҳуқуқи тушунтирилди… Ўзбек оилаларида қайнота-келин ўртасидаги муносабатлар ҳурмат ва эҳтиромга, шарму ҳаёга асосланиши ҳеч кимга сир эмас. Келинларини қизлари қаторида санаб, уларга ҳурмат кўрсатиб, ўзлари ҳам эъзоз топаётган отахонларни кўп кўрганмиз. Қайноталарнинг дуоларини олаётган келинларни ҳам. Юқоридаги қаҳрамонларимиз ҳам улардан ибрат олишлари мумкин эди…