«Тонировка» муаммоси: виждон қораймасин

11:15 - 02.08.2022

11

Анчадан буён шахсий автомашиналар ойналарини қорайтириш масаласи фуқаролар ўртасида муҳокама қилиниб келаётган муаммолардан бири эди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 28 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари халқимизни қийнаётган бир қанча муаммолар қатори шахсий автомашина ойналарини қорайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ҳар бир ислоҳотимиз, таклиф ва ташаббусларимиз – энг аввало инсон қадри учун. Шу боис халқимизга қандай енгилликлар берсак, у биздан рози бўлади деган савол барча раҳбарларни ҳар куни, ҳар дақиқа ўйлантириши керак. Ҳар гал жойларга чиққанимда оддий-оддий одамлар билан учрашиб, муаммоларини эшитаман, яна қанча аҳолимизда шундай муаммолар борлиги ҳақида ўйлайман ва унга ечим қидираман. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалалардан ҳам хабардорман. Мана, бугунги кунда мамлакатимизда енгил автомашиналар сони 3,5 миллиондан ошди. Ҳайдовчиларимизда ҳам кўплаб эътирозлар тўпланиб қолган. Шу боис бугун ҳайдовчилар ва йўловчилар анчадан бери кутган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган қарорни имзоладим», – деди Президент.

Шу куни давлат раҳбарининг «Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга асосан автомобиллар ойнасини қорайтиришга чекловлар анча юмшатилди. Орқа ён ойналарни қорайтириш бепул бўлди, олд ён ойналар учун рухсатнома тўлови анча арзонлашди. Хусусан, 2022 йилнинг 1 июлидан автомобилларнинг орқа ойна, орқа ён ойнасини 100 фоизгача, олд ён ойнани эса ёруғликни ўтказиш миқдори 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорда қорайтиришга рухсат берилди. Нархлари эса қуйидагича тасдиқланди. Орқа ойна, орқа ён ойналар бепул. Олд ён ойналар учун 1 йилга жисмоний ва юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баробари (ҳозирги кунда 2 млн. 400 минг сўм) қилиб белгиланди. Мана, муҳокамаларга сабаб бўлиб келаётган муаммо ҳал этилди. Лекин айрим инсофсиз тадбиркорлар бундан фойдаланиб чўнтак­ларини қаппайтиришни бошлаб юборди.

Хабарингиз бор, бундан бир неча йил аввал қонунларга янги норма киритилиб, автомобилларда ўт ўчириш мосламаси, тиббий қути, авария тўхташ белгиси ва ёруғлик қайтарувчи нимча бўлиши шартлиги белгилаб қўйилганди. Ўша йили мазкур норма кучга киришидан олдин ўша буюмларни харид қилиш учун Сергели туманидаги автомобиль эҳтиёт қисмлари бозорига бордим. Эсимда, харид учун тушган одамлар ҳар доимгидан уч-тўрт баробар кўп. Бозорга киришдан бошлаб одамлар қатор туриб олиб, қўлида ўт ўчириш мосламаси, тиббий қути, авария тўхташ белгиси ва ёруғлик қайтарувчи нимча ушлаб турибди. Бозорга кирмасдан нархини сўрадим. Аввалгидан беш-ўн баробар қиммат айтишди. Кичкинагина ўт ўчириш мосламасининг нархини бир одамдан сўрадим, 130 минг сўм деди. Ваҳоланки, шундай мослама қонунга норма киритилмасдан аввал 13-15 минг сўм эди. Сотувчи билан савдолашсам, нархини 5 минг сўм пасайтириб беришини айтди. Қолган буюмларнинг ҳам нархи осмонда. Афсуски, бозор ичкарисига кириб, дўконларда савдо қилаётган тадбиркорлардан ушбу буюмларнинг нархини сўрасам, улар ҳам кўчадагилардан қолишмади. Нархлар кўча билан деярли бир хил. Ўша куни харид қилмадим. Икки ойлардан кейин яна шу бозорга бордим. Ҳаммаси ўрнига тушган, ўша 130 минг сўмлик ўт ўчириш мосламасини 13 минг сўмга сотиб олдим. Қолган нарсаларни ҳам деярли беш-олти баробар арзон нархда харид қилдим.

Бир неча кун аввал шахсий автомашина ойналарини қорайтириш учун халққа енгиллик берилгандан кейин яна ўша тадбиркорлар инсоф, диёнат деган тушунчаларни бир четга суриб қўйишди. Президент қарори қабул қилинмасдан олдин автомашина ойналарини қорайтириш учун ишлатиладиган плёнкаларнинг нархини икки баробар оширишди. Мана сизга халқчиллик, мана сизга инсоф.

– Қарор чиқмасдан олдин автомобиль ойналарини қорайтириш учун ишлатиладиган, Хитойда ишлаб чиқарилган, узунлиги 30 метр бўлган плёнкаларнинг бир ўрамини сифатига қараб 700-750 минг сўмдан олардим, – дейди «тонировка» билан шуғулланадиган уста Аброрхўжа Ғайратхўжаев. – Қарор эълон қилиниши билан шу маҳсулотни сотадиган тадбиркорлар нархини бир неча баробар ошириб олишди. Ҳозир худди шу маҳсулотни 1 млн. 600 минг-1 млн. 700 минг сўмдан харид қилаяпмиз. Афсуски, биз каби усталар хизмат ҳақини оширмасак ҳам маҳсулотнинг баҳоси ошгани ҳисобига ўз-ўзидан «тонировка» қилиш нархи ҳам кўтарилди. Тўғри, орамизда ноинсоф усталар йўқ дея олмайман. Чунки ҳамкасбларимдан эшитаяпман, айрим усталар шу баҳона хизмат ҳақини оширишибди. Ёки баъзи одамлар хизмат ҳақимиздан бир неча баробар кўп пул таклиф қилиб, навбатсиз қилиб беришни сўраётганмиш. Лекин менда бундай ҳолат бўлмади. Битта машинани олди ойнасидан ташқари барча ойналарини қилиб беришга ишлатиладиган плёнканинг сифатига қараб 600 минг сўмдан 750 минг сўмгача хизмат ҳақи олаяпман. Албатта, бунда ойналарни қорайтириш учун ишлатиладиган плёнкаларнинг ҳаммаси ёнимдан бўлади.

«Тонировка» жамиятдаги кичкина бир эпизод холос. Лекин шу кичик эпизод ҳам одамларнинг қандайлигини, айрим тадбиркорларнинг ноинсофлигини кўрсатиб бераяпти. Ахир ислом динида бундай ҳолатлар қораланган.

– Муқаддас динимизда ҳар бир мўмин-мусулмон киши дунё ҳаётида фаровон яшаши ва Аллоҳ берган ризқини ҳалол йўл билан топишга ҳаракат қилиши кераклиги баён этилган, – дейди Кулолқўрғон жоме масжиди имом ноиби Баҳодир Муҳаммадиев. – Вазиятдан фойдаланиб қолиб, нархни сунъий ошириб фойда кўраман дейиш молни ҳаром йўл билан ейишга киради. Бировнинг мулкини ҳаром йўл билан ейиш бу дунёда турли балоларга, охиратда дўзах азобига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бизни бундан огоҳлантириб, «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли» (Нисо сурасининг 29-оятидан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси) деган.

Инсон доимо ҳаёти учун зарур бўлган уй, улов, овқат, рўзғор анжомлари ва ки­йим-кечакка эҳтиёж сезади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади. Киши ўзга юртдан ўз юртидаги мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни жалб қилиши савобли ишлардан экани ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деган: «Жалб қилувчи – ризқи мўл, эҳтикор қилувчи – Аллоҳнинг раҳматидан узоқдир» (Имом ибн Можа ва Имом Доримий ривояти). Ҳадисдаги «жалб қилувчи» киши – бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келувчи тадбиркор инсондир. Демак, бундай кишининг ризқи улуғ бўлади. «Эҳтикор қилувчи» киши эса ўз юртидаги бозордан нарсаларни сотиб олиб, бироз муддат ушлаб туриб, сунъий равишда нархини орттирувчи кишидир. Ундай киши эса ризқ берувчи зотнинг раҳматидан узоқдадир. Чунки у вазиятдан фойдаланиб, аҳолини ноилож ҳолга қўйиб, ўзи ишлаб чиқармай ёки бош­қа ҳудуддан маҳсулот олиб келмай фойда топишга уринган, оддий халқ ҳисобига бойлик орттиришга ўтган кимсадир. Динимиз инсонпарвар, яхшилик дини бўлиб, доим инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга чорлайди. Шундай экан, ҳар бир одам юртимизда бўлаётган турли вазиятлардан фойдаланиб чўнтагини қаппайтириш ўрнига, ҳар доимгидек маҳсулотининг устига қўядиган ҳақини қўйиб сотаверсин. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мўмин киши доим халқ хизматида бўлишга ҳаракат қилади ҳамда халққа наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзига шараф деб билади. Хулоса ўрнида айтиш керакки, озиқ-овқат сотиладиган бозорлардаги нарх-наво тегишли ташкилотлар томонидан доимий назорат қилинади. Эндиликда вазият ноозиқ-овқат маҳсулотлар сотиладиган бозорлардаги нархларни ҳам назорат қилишни тақозо этмоқда. Чунки бундай бозорларда савдо қилаётган тадбиркорлар вазиятдан фойдаланиб халққа жабр қилаётгани яққол намоён бўлмоқда.