“Телефон ўчирилган, телевизорим ғойиб бўлганди…”

11:27 - 02.08.2022

10

Интернетга боши билан шўнғиганлардан бири – андижонлик Салоҳиддиннинг (исмлар ўзгартирилган) тарбияси бутунлай издан чиққан экан. У коллежни битириб бирон жойда ёлчитиб ишламайди. Фикри-зикри  жон койитмай пул топишда бўлиб қолади. Бировларни алдаб чув туширгани учун судланади. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтамай тағин жиноятга қўл урди. Ўзича ўғирлик, босқинчилик қилишнинг янги усулини топди. Ижтимоий тармоққа кириб бировларнинг уйида ижарада турганлар билан мулоқотга киришди. Ёз фасли охирлаётган кезлари olx.uz сайтида Фарғона шаҳридаги хонадон ижарага берилиши ҳақидаги эълонни батафсил ўрганди. Ундаги телефон рақамига қўнғироқ қилди. Эълон берган йигитнинг ўзи хам ижарада турганини билиб олди.

Дарвоқе, Баҳромали Фарғона шаҳридаги ўқув марказида иш юритувчи бўлиб ишлаётганди. Кўпқаватли уйлардан биридаги хонадонни ижарага олганди. Ижара ҳақи қимматлашиб, ойига 1 млн сўм тўлаб туриш малол кела бошлади. Шерик топса, ижара пулининг ярмини у тўласа, қийинчиликдан чиқиб кетишини ўйлаб olx.uz сайтига эълон берди. Сайтга кирган Салоҳиддин уни чув туширишни режалаштирди.

– Мен андижонликман, – деди Баҳромалига. – Фарғонада ишим бор.   Бир кунга ижарага уй керак.

Баҳромали бир кун бўлса ҳам ҳарна дея унинг таклифига қизиқиб қолди. Кўришганларида савдолашиб, меҳмонхоналарнинг кунлик ҳақидан озроққа – 130 минг сўмга кўнди. Салоҳиддин унинг ўзи ҳам ижарада турган уйда ётиб қолди. Баҳромали унга иккинчи калитни бериб қўйди. «Саҳарда чиқиб кетаман, ишим бор», – деди. Салоҳиддин қулай фурсатдан фойдаланди. Эрталаб ошхонадаги телевизорни таксига ортиб, қуён бўлди. Андижонга бориб телевизорни бозорда сотиб юборди.

– Ўша куни саҳарда Қўқон шаҳрига борадиган эдим, – дейди жабрланувчи Баҳромали. – Эртаси куни қўнғироқ қилдим. Телефони ўчирилганди. Кўнглим ғаш бўлиб уйга келдим. Калитимда эшикни очиб кирдим. Салоҳиддин йўқ, ошхонадаги телевизорим ҳам йўқ эди. Унга такрор-такрор қўнғироқ қилиб улана олмадим. ИИБга ариза бердим. Салоҳиддин ўғирлаб кетган «Индиго» русумли телевизоримни сотиб, пулини ишлатиб юборибди. Менга зарарни қоп­лаб бермади…

Фарғона шаҳридаги кўпқаватли уйда бировнинг хонадонида яшаб турган Фозил ҳам уй эгаси ижара ҳақини ошириб қўйгач, шерик излай бошлади. У ҳам olx.uz сайтига эълон берди. Эълонни ўқиган Салоҳиддин унга қўнғироқ қилди. Шаҳарнинг Ойбек даҳасидаги туғруқхона ёнида кўришди. «Бўпти, кунига 60 минг сўмдан бераман» дея ўғри уни авраб кўндирди. Тўртинчи куни саҳарда ошхонадан пичоқ билан чиқди. Уйғониб кетган Фозил унинг тунд башараси, қўлидаги пичоқни кўриб ваҳимага тушди. Салоҳиддин йигитга ташланиб, пичоқни бўйнига тиради. «Овозингни чиқарма, яхшиликча пулингни бер!».

– Пулим пластик картамда, – деди Фозил. – Мана бори, – дея чўнтагидан 100 минг сўм олиб берди.

Пулни санаётганида Фозил унга мушт туширди. Салоҳиддин шартта унинг бўйнини чангаллаб йиқитди. Ҳушидан кетганига амин бўлиб ўрнидан турди. Фозилнинг «Редми» русумли телефони, «Асус» ноутбукини олиб уйдан чиқди. Андижон шаҳридаги бозорда бировга телефонни 1 млн. 20 минг сўмга сотди. Сўнгра Қўрғонтепага бориб ноутбукни туман марказидаги компьютер ва телефон устахонасида нотаниш болага 700 минг сўмга сотиб юборди. Баҳромалининг аризаси бўйича суриштирув олиб бораётган ИИБ ходимлари иккинчи марта ўғирлик ва босқинчилик қилганидан бир кун ўтиб Салоҳиддинни сўроққа тутишди. Жабрланувчилар таниб олган ўғри ва босқинчи сарфлашга улгурмаган 700 минг сўмни топширди ва қилмишига тўлиқ иқрор бўлди. Унинг айби жабр­ланганларнинг гувоҳлиги, пичоқ ва бошқа далиллар билан тасдиқланди. Аввал тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтамай туриб такроран жиноятга қўл урган Салоҳиддин 8 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Қиссадан ҳисса шуки, ижтимоий тармоқда топишган, яқиндан танимаган-билмаган одам билан сўраб суриштирмасдан олди-берди қилишнинг оқибати ёмон бўлиши мумкин. Етти ўлчаб бир кесадиган, ҳушёрликни қўлдан бермаган киши ютқазмайди.