Шриланкаликларнинг тошкентликка «буюртма»си

10:27 - 02.08.2022

4

Жорий йилнинг 8 апрель куни тонгда Шриланканинг 8 нафар фуқароси Шри-Ланка – Дубай, Дубай–Тошкент ва Тошкент–Деҳли йўналишида чипта олиб, ўзларига тегишли паспортлар билан Ўзбекистонга учиб келишган. Тошкент аэропортида уларни ўзбекистонлик икки киши (жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида юритувга олинган) кутиб олиб, пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирига жойлаштирган.

Шу куни кечқурун уларни кутиб олган икки киши таксида Тошкент аэропортига қайтиб олиб келган. Улар шриланкаликларни панароқ жойга чақириб, ҳар биридан 10 минг доллардан олиб, икки нафарига Франциянинг, олти нафарига эса Италиянинг фуқаролик паспортларини берган. Шунингдек, уларга Тошкент–Лондон йўналишидаги авиачипталарни тақдим қилиб, рўйхатдан ўтказиб беришган.

Шри-Ланка фуқаролари учиб кетиш залининг чегара назоратидан ўтиш вақтида қалбаки паспортларни тақдим қилишган. Паспортларини текшириш жараёнида улар чегара назорати дивизиони ходимлари томонидан ушланиб, керакли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Тергов жараёнида маълум бўлишича, шриланкалик С.Ш. Лондон шаҳрига бориш учун Европа давлатларидан бирининг фуқаролик паспортини топишга ҳаракат қилади. Шу мақсадда у бир таниши берган ижтимоий тармоқдаги манзил орқали бир киши билан боғланади. У одам ўзининг Лондонда яшаётганини айтиб, унинг таклифига рози бўлади. Шундан сўнг С.Ш. ўзи ҳамда шерикларига қалбаки паспорт ясаттириш учун расм ва маълумотларни «Ватсап»  ижтимоий тармоғи орқали жўнатади. Лондондаги таниши эса тез кунда Тошкентга боришини ва уни кутиб олишини айтади. Шундан кейин С.Ш. ва етти шериги 2022 йилнинг 8 апрель куни пойтахтимизга келади. Ижтимоий тармоқлар орқали танишлари билан хабарлашиб, улардан ўзлари номига ясалган қалбаки паспортларни 80 минг долларга сотиб оладилар. Паспорт ясаб берган икки киши эса кўп ўтмай ғойиб бўлади. Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида кўриб чиқилди. Суд мажлисида Шри-Ланканинг 8 нафар фуқароси Жиноят кодексининг 223- ва 228-моддалари билан айбдор деб топилди. Аммо суд уларнинг айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ва хориж фуқароси эканлиги, аввал республикамизда судланмаганини инобатга олди. Судланувчилар Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди ва Ўзбекистондан чиқариб юбориладиган бўлди.