«Ё менга турмушга чиқасан ё бир умр шарманда бўласан!»

11:06 - 02.08.2022

18

Пойтахт туманларидан бирида вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи инспектор-психологи бўлиб ишлаётган Маликани кўрганлар ҳавас қилар, совчилари кўп бўлса-да, қизнинг қалбига йўл топадиган йигит ҳануз учрамаганди. Онаси тезроқ узатиш иштиёқида.

2021 йилнинг 15 ноябри. Шу куни Маликага бир қўнғироқ бўлди. Нотаниш рақам бўлгани боис қиз жавоб бермади. Икки-уч кун ўтгач яна шу рақам уни безовта қилди. Малика бу телефонни кўтариш нияти йўқ эди, аммо онаси унга «Яхши йигитга ўхшайди. Мен билан “Facebook”да дўстлашди, ўзинг каби у ҳам формали экан» дегач қўнғироққа жавоб берди.

– Мен майор Шаҳинбекман! – деб ўзини таништирди қўнғироқ эгаси. – Бир муддат Тошкентдаги ички ишлар органларининг бирида ишладим, шу орада сизни кўриб қолдим. Ўша пайтдаёқ сиз мен излаган қиз эканингизга ишонгандим. Мана, бир неча йил ўтди, қанча-қанча гўзаллар учради, аммо биронтасига кўнглим жиз этмади. Негадир ҳеч хаёлимдан кетмайсиз…

Маликанинг юраги орзиқиб кетди, наҳотки орзусидаги йигит учраган бўлса?! Аммо йигит негадир қизни учрашувга таклиф этмади. Айни пайтда пойтахтдан узоқда эканини, тўйхона қуриб ишга тушираётгани, қолаверса, ҳали тўйга шошилмаётганини ҳам қистириб ўтди.

– Тўйга шошмаётганимни пулсизликдан деб ўйламанг. Масалан, онам банкда ишлайди. Отам беш йилдан бери Жанубий Кореяда. Ҳали қайтишига бироз муддат бор. Шунинг учун тўйни сал ортга сураяпман.

Малика йигитнинг гапларидан ҳайрон қолди. Психолог эмасми, йигитнинг тарқоқ фикрлари, аравани қуруқ олиб қочаётгани унга ойдинлаша бошлади. Отаси Жанубий Кореяда эмиш. Йўқ, бу йигит ҳечам ички ишлар ходимига ўхшамаяпти.

Яна бир-икки суҳбатлашгач, қизнинг шубҳалари чинга айланди. Шаҳинбек Зубайдуллаев майор эмас, аксинча, ёлғончи, товламачи одамга ўхшарди. Малика унинг рақамини телефонининг «қора рўйхат»ига тиқиб, боғланиб бўлмайдиган қилиб қўйди. Шундан сўнг онаси Маликага йигит унга қўнғироқ қилиб, таҳдидга ўхшаган оҳангда бир нарсалар деганини айтди. Қиз эътибор бермади, кўнгил эшикларини яна маҳкамлаб, меҳнатга шўнғиди.

2021 йилнинг 3 декабри. Ўша куни Маликанинг телефони тинмади. Турли нотаниш рақамлардан эркаклар қўнғироқ қилиб, «Хизмат ҳақингиз 300 доллар экан, қиммат эмасми, келишайлик» қабилида гаплар айтишарди. Қиз аввалига ҳеч нарсани тушунмади. Қўнғироқ қилганларни уришиб берди. Бир таниши телефон қилиб, унинг яланғоч расмлари ва телефон рақами ўн минг кишилик «Сурхондарё» деган гуруҳда тарқатилганини айтгач, ўзини йўқотиб қўйди.

Уйига бир аҳволда келгач, бўлган воқеани онасига айтди. Онаси Шаҳинбек унга қизингиз менга турмушга чиқмаса, унинг «Телеграм»даги шахсий профилида турган расмларини порнографик мазмунда қайта ишлаб, тарқатиб, шарманда қилиб юбориш билан таҳдид қилганини такроран айтиб берди.

Малика майор Шаҳинбекка қўнғироқ қилиб, бу қилган ишларига изоҳ сўради.

– Нега ўзинг менинг рақамимни блоклаб ташладинг? – деди «майор». – Энди ўзингдан кўр. Ҳали бу бошланиши. Шундай «ажойиб» суратларингни тарқатаман, кўриб кўзларингга ишонмайсан!

Малика ўзи ички ишлар ходими бўлса-да, бу можарони ўзаро ҳал қилишни маъқул кўриб, йигитга бундай қилиш нотўғри экани, расмларни тезда олиб ташлашини талаб қилди.

– Олиб ташлаб бўпман! – деди Шаҳинбек. – Олиб ташлашим учун икки шартимдан бирига кўнишинг керак. Биринчиси – ўзингнинг ўнта расмингни жўнатасан, табиийки, эгнингда биттаям либос бўлмаслиги керак. Иккинчи шартим — менга турмушга чиқ!

Қиз иккисига ҳам рози бўлмади. Майорнинг эса уни осон қўйворгиси йўқ. Учинчи таклифини, яъни танишининг номидаги пластик картага 2 миллион сўм пул ташлашини, пул тушганидан сўнг ҳамма расмини олиб ташлашини айтди.

Малика йигитнинг таҳдидларига бошқа тоқат қилолмади, ўша куниёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилди.

Ўзини майор Шаҳинбек деб таништирган йигит аслида 1990 йилда туғилган қашқадарёлик А.Ҳамроев эди. У илгари ҳам Жиноят кодексининг 169-моддаси билан судланган, қилмишидан хулоса чиқармаганлардан эди. 2021 йилнинг ноябрида ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига келган «Шаҳинбек» Миробод туманидаги қурилиш фирмасида ишларди. Фирма ётоқхонасида яшарди. Ишдан сўнг телефон титкиларди. Шундай кунларнинг бирида «Facebook» ижтимоий тармоғида Маликанинг онаси қизи билан тушган суратни қўйди, ҳуқуқ посбони экани эгнидаги ярашган либосидан ҳам аён бўлиб турган бу гўзал қизни бир кўрди-ю, «майор»нинг хаёли бошидан учди. Қиз унга ёқиб қолганди. Кейин нималар юз берагани ўзингизга аён.

Ўша куни банкоматдан 2 млн. сўмни нақдлаштириб олган «Шаҳинбек» ўзида йўқ шод эди. «Каллам зўр ишлайди-да, агар нақд пул сўраганимда, эҳтимол, қўлга тушармидим» деб ўзига қойил қоларди. Бундай қаҳрамонлик ҳамманинг қўлидан келавермаслигини ошналарига ҳам кўрсатиб қўймоқчи бўлди ва учта ўртоғини спа-салонга таклиф этди. Салонда сауна ва массаж учун 650 минг сўм тўлади. Дўстлари олдида сахийлиги тутиб, пулни аямай сарфлайверди. Тунги соат 1 гача шу ерда қолиб, обдон ҳордиқ чиқарди. Сўнг ўзининг «майор»лиги эсига тушиб, шартта кийимларини кийди ва қурилиш ётоқхонаси томон кетди. Аммо ётоқхонага етиб боришга улгурмади. Ички ишлар органи ходимлари йўлини тўсди, ўзларини таништиргач, тезкор тадбир ўтказилаётганини айтишди. Шу ернинг ўзида Шаҳинбекдан пластик карта, пул ва телефони холислар иштирокида расмийлаштириб олинди. Қиз боланинг шаънини топташ уни ҳаётдан жудо этмоқ билан баробар. «Шаҳинбек» буни жазосини ўташ жараёнида англаб олса ажабмас.