Бу ер кўздан холи, ҳеч ким сезмайди…

10:56 - 02.08.2022

7

Мубораклик Алишер Мамбетов эндигина 20 ёшни қарши олган. Киши бу ёшда илм, ҳунар эгаллашга, жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади. Аммо Алишер юрагида уфуриб турган шижоатини эгри ишларга сарфлаб, осон даромад орттириш ҳаракатида бўлди.

У туманнинг Муборак маҳалласидаги йўлдан борар экан, «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖга тегишли оқава сув қувури эътиборини тортди. Бу ер кўздан холи, бировнинг назари тушмайди, қувурни кесиб олиб кетса ҳам ҳеч ким сезмайдигандек эди. Атрофни обдон айланиб, режасини пишитиб олди. Қалин ва оғир қувурни кесиб, ҳеч кимга сездирмай олиб кетиш учун икки-учта шерик керак эди.

У уйга қайтиб, бу ҳақда танишлари Озод Бобоқулов ва Бобур Нарзуллаевга айтганди, уларга режа маъқул бўлди. Эртасига учаласи кажавали мотоциклда автоген ускунаси билан келиб, диаметри 355 миллиметр, ҳар метрининг нархи 164 минг сўмдан ошиқ бўлган темир қувурнинг бир қисмини кесиб, олиб кетишди. Сўнг қувурни маҳалладаги темирчи усталардан бирига алоҳида узунасига кестириб, сотиб юборишди.

«Иштаҳа овқат вақтида келади» деганларидек, дастлабки ишнинг муваффақиятли кечганидан руҳланган учовлоннинг кўнгли яна ўша темир қувурни тусай бош­лади. Шу тахлит улар бир ой ичида олти марта ўша жойга бориб, 182 метр, пулга чаққанда эса қарийб 30 миллион сўмлик қувурни кесиб келиб, пуллаб юборишди. Бу ишни яна давом эттиришмоқчи эди, аммо…

«Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ Муборак тумани бўлими ходимлари қувурнинг бир қисми ўғирлаб кетилгани ва натижада оқава сув далага оқаётганидан хабар топгач, бу ҳақида ИИБ ходимларига мурожаат қилишди.

Қидирув жараёнида воқеа жойидаги ашёвий далиллар кўздан кечирилди, атрофдаги ҳудудларда кимлар шу турдаги қувурларни сотгани ёки сотиб олгани сўраб-суриштирилди. Натижада кўп ўтмасдан бу қилмишни Алишер Мамбетов, Озод Бобоқулов ва Бобур Нарзуллаев содир этишгани аниқланиб, улар гумонланувчи тариқасида ушланди. Фактлар олдида уч шерикнинг ҳам бирор баҳонага тили бормас, осонгина ҳазм қилиб юборамиз деб ўйлашгани – темир қувурлар жиғилдонларига тиқилганини англаб туришарди. Улар тергов давомида «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖга етказилган 29 млн. 975 минг сўм зарарни тўлиқ тўлашди. Шу билан бирга жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судида Алишер Мамбетов, Озод Бобоқулов ва Бобур Нарзуллаевга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, уларнинг ҳар бирига 4 йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.