Бошлиқ имо қилди

10:30 - 02.08.2022

4

Шаҳрисабз тумани ҳокимлигида ҳам йиғилиш ўтказилди. Унда туман маданият бўлими бошлиғи Шуҳрат Ибодуллаевга 5 нафаргача иқтидорли ёшни аниқлаб, уларни истисно тариқасида 2020/2021-ўқув йилидан маданият ва санъат олий ўқув юртларида ўқитиш бўйича Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тавсия қилиш юклатилди.

Бироқ ёшларни қўллаш учун белгиланган бу имтиёздан маданият ташкилоти раҳбари ўз чўнтагини қаппайтириш йўлида фойдаланмоқчи бўлди.

Жалолиддин Шарипов Шаҳрисабз тумани маданият бўлимига қарашли маданият марказида тўгарак раҳбари бўлиб ишларди. У юқорида айтилган имтиёз асосида Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтига ўқишга қабул қилинди. Лекин…

Уни туман маданият бўлими бошлиғи Шуҳрат Ибодуллаев туман марказига чақиртириб, ғалати гап айтиб қолди:

– Мен институтга кирганларнинг 5 нафарининг рўйхатини ҳокимликка берганман, – деди бошлиқ. – Ҳокимликдагилар бир кишини рўйхатдан чиқариб юборишни тайинлашди. Мен сизни чиқармоқчиман…

– Ака, ундай қилманг, илтимос, – деди ҳайратда қолган Жалолиддин. – Биласиз, рўйхатдагиларнинг шартнома пулини маҳаллий бюджетдан тўлаб беришар экан. Рўйхатдан тушиб қолсам пулни қандай тўлайман?

– Бўлмаса, харажатини тўлайсиз, – деди Шуҳрат мақсадга кўчиб. – 500 доллар бўлади…

– Бунча пул беришга имкониятим йўқ, – деди Жалолиддин.

– Қанчага имкониятингиз бор?

– Шу… – иккиланди йигит. – Икки юзлар бўлар…

– Бошланишига бўлади, – ўзича инсофга келди бошлиқ ҳам. – Аммо қолганини ойма-ой бўлиб-бўлиб тўлайсиз…

Жалолиддиннинг таклифга рози бўлишдан ўзга иложи қолмади. Қайтаётиб, йўл бўйи ўйлаб кетди. Давлатимиз ёшлар учун чиқариб қўйган имтиёз бўлса? Нега энди пулга сотиб олиши керак?!

…Келишилган жойда – туман тиббиёт бирлашмаси дарвозаси ёнида кўришишди. Бошлиқ имо билан пулни чўнтагига солиб қўйишни буюрди.

– Ие, санаб олмайсизми? – деди Жалолиддин.

– Сизга ишонаман, – деди Шуҳрат.

Бироқ унинг ходимига ишончи узоққа бормади. Ўзи ҳам… Шуҳрат машинасига ўтирмасидан ёнига яқинлашган ходимлар уни жиноят устида қўлга олишди…

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судида Шуҳрат Ибодуллаевнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, у 1991 йилда туғилган. Маълумоти олий, Шаҳрисабз тумани маданият бўлими бош­лиғи лавозимида ишлаган. Оилали, икки фарзанди бор. Суд ҳукм қилди. Шуҳрат Ибодуллаевни 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.