Бошини темир йўлга қўйди-ю…

10:50 - 02.08.2022

4

Бундан 10-15 йил илгари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши шаҳарлари ўртасидаги темирйўлда юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездининг пайдо бўлишини кўпчилик тасаввур ҳам этмаган. Ушбу поездда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган.

Аммо айримларнинг эътиборсизлиги туфайли йўлда кўнгилсиз воқеалар юз бераётгани афсусланарлидир. Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси ва тизимга алоқадор ташкилотлар томонидан фуқаролар ўртасида ўтказилаётган тарғиботларда темирйўл атрофида қулоқчиндан фойдаланмаслик, темирйўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтмаслик, поездга тош отмаслик, темирйўл атрофида мол боқмаслик, темирйўлга ҳар хил нарсаларни қўймаслик, бундай қоидабузарликлар учун жарима белгилангани ҳақида ҳар қанча тушунтириш берилмасин, кўнгилни хира қилувчи ҳолатлар содир бўлаяпти.

Биргина «Афросиёб» тез­юрар поезди билан боғлиқ ҳолатларга тўхталадиган бўлсак, 2022 йилнинг бошидан буён бешта болага нисбатан 4 та жиноят иши қўзғатилган. 1 та бахтсиз ҳодиса, 1 та ўз жонига қасд қилиш содир бўлган. Беш ойда 2 нафар вояга етмаган шахс вафот этган. Мисол учун, 17 февраль куни Бухоро-Самарқанд-Тошкент йўналишидаги «Афросиёб» поезди соат 16:45 ларда Пастдарғом тумани Қўшқудуқ маҳалласидан ўтаётганда ушбу ҳудудда яшаган, тумандаги 81-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Сардорбек Хушмуродов поезд яқин қолганида унинг огоҳлантирув сигналига қарамасдан, номаълум сабабларга кўра бошини темирйўлга қўйиб, ўз жонига қасд қилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, фарзанди ўсмир ёшида бўлган ота-оналар доимо болаларининг руҳий ҳолатидан хабардор бўлиб туриши керак. Чунки болалар айни шу ёшида ўз жонига қасд қилишга мойил бўларкан.

«Афросиёб» поезди билан боғлиқ яна бир фожиага тўхталамиз. 24 май куни соат 8:45 ларда Ғаллаорол туманида яшовчи, 2007 йилда туғилган Анвар Холмуродов ва Сухроб Омонов ҳудуддаги фермер хўжаликларидан бирининг боғидан гилос териб сотиш мақсадида йўлга чиқади. Улар йўл-йўлакай тўсиқдан ошиб, Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйича катта тезликда келаётган «Афросиёб» поезди йўлини кесиб ўтаётган пайтида бахт­сиз ҳодиса содир бўлади. Яъни соатига 190 километр тезликда келаётган поезд болаларни уриб ўтиб кетади. Оқибатда А.Холмуродов шифохонада вафот этган, С.Омонов эса жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Гувоҳи бўлганингиздек, эътиборсизлик туфайли эндигина 15 ёшни қоралаган бола вафот этди. Ахир бу бола шу ёшга киргунича унинг ота-онаси не-не кунларни бошдан кечирмаган дейсиз. Шунинг учун болам катта бўлиб қолди, энди унга гап уқтириш шартмас деган фикрдан ҳамиша йироқ бўлинг.

Гап «Афросиёб» поезди ҳақида кетар экан, унга болалар турли жисмларни отиб шикаст етказаётганини ҳам айтиш керак. Жумладан, Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси тергов бўлинмаси томонидан вояга етмаган Содиқ Эшонқуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Маълум бўлишича, Пастдарғом туманининг Ертешар қишлоғида яшовчи, 2006 йилда туғилган Содиқ Эшонқулов 14 март куни соат 17:19 да Бухоро-Тошкент йўналиши бўйича келаётган «Афросиёб» поездига тош отиб, олд ойнасини синдирган, шунингдек бир нечта жойини пачоқлаган. Экспертиза хулосасига кўра, поездга етказилган моддий зарар миқдори 164 млн. сўмдан ортиқ.

Яхшиям «Афросиёб» поезди қатнайдиган йўллар видео орқали назорат қилинади. Акс ҳолда баъзи тарбияси бузуқ ёшлар туфайли турли фожиалар содир бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, Жомбой туманида уч нафар номаълум шахс 21 февраль куни кечқурун соат 22.40 да темирйўл панжарасидан ошиб ўтиб, рельслар устига тош териб чиқишади. Буни қарангки, эртаси куни 6.30 да бу йўлдан 300 нафар йўловчиси билан «Афросиёб» поезди ўтарди. Уларнинг бу ҳаракати ўша ердаги кузатув камерасига тушади ва темирйўл хизматчилари томонидан рельслар тошлардан тозаланади. Акс ҳолда ўсмирларнинг бу иши яна бир фожиага сабаб бўлиши мумкин эди.

Мазкур ҳолат бўйича ички ишлар идорасига хабар берилади. Суриштирув натижасида бу ишни Жомбой туманидаги 1-ҳунар мактабининг ўқувчилари қилгани аниқланади. Мазкур ҳолат бўйича ҳунар мактабида йиғилиш ўтказилиб, ҳуқуқбузарларнинг иши мактаб жамоаси ва ота-оналар ўртасида муҳокама қилинди. Хулоса қиладиган бўлсак, гап яна тарбияга бориб тақалади. Биламизки, болалар бизга тақлид қилиб ҳаётни ўрганади. Агар ўзимиз кўчада юриш, темир­йўлдан ўтиш қоидасига риоя қилсак, фарзандларимиз ҳам шундай қилади. Қоидабузар бўлсак, болаларимиздан интизом талаб қилиш ноўрин.