Отам эккан дарахтлар

12:04 - 01.08.2022

7

Ҳисоб палатаси тафтишида маълум бўлишича, 2,4 млн. туп кўчат баҳор тугамасданоқ қуриб битган…

Замондошим, бир зум тин олинг. Агар замоннинг жами ташвиши зиммангизда бўлса ҳам бир бор гапимга қулоқ тутинг. Атрофга қаранг, нималарни кўраяпсиз? Қаранг. Дарахтларни кўраяпсизми? Мевали-мевасиз, номланиши, ким эккани бизга номаълум дарахтлар. Энди бир зум шу дарахтларни йўқ деб тасаввур қилинг. Ва яна қаранг. Нималарни кўраяпсиз? Ҳаёт нишонаси кўринаяптими?

Ўтган ҳафта газеталар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган икки хабар юрагимга солган ғашлик ҳалиям тарқамади. Улардан бири – Ҳисоб палатаси тафтишида маълум бўлишича, 2022 йил баҳор ойларида «Яшил макон» умуммиллий акцияси доирасида аслида экилмаган 6,2 млн.та кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилгани, 3,4 млн. туп кўчат суғориш тизими йўқ жойга экилгани ва энг ачинарлиси, хўжакўрсинга экилган 2,4 млн. туп кўчат баҳор тугамасданоқ қуриб битгани. Иккинчиси – пойтахтимиз туманларидан бирида қурилиш фирмаси ходимлари қурилиш майдони яқинидаги улкан дарахтларни қуритиш учун атай уларнинг тагига ёнилғи қуйиб кетаётгани бўлди.

Баҳорда «Яшил макон» акцияси доирасида юртимизда 129,6 млн. туп кўчат экилгани ҳақида хабар берилган ва биз ҳам буни газетамизда қувончимиз ичимизга сиғмай ёритган эдик. Бажарилган ишлар ва берилган ҳисоботларнинг ишончлилигини ўрганиб чиққан Ҳисоб палатаси маълум қилишича, лойиҳа доирасида дарахт экиш ишлари тизимли ташкил этилмаган, суғориш ва парваришлаш учун масъуллар бириктирилмаган; ҳақиқатда экилмаган 6,2 млн. туп кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган; 3,4 млн.та кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган; пала-партиш экиб ташланган 2,4 млн. туп кўчат эса сувсизлик ва етарли парвариш бўлмагани сабабли баҳор тугамасдан қуриб қолган; табиий иқлим инобатга олинмаган ҳолда 341 мингта кўчат яроқсиз ерларга экилган, 65 минг дона кўчат орасида белгиланган масофа сақланмаган.

«Бунинг нимаси янгилик, ҳар йили шундай бўлади-ку?» дейди бир ҳамкасбим.

Баттар тушкунликка тушаман. Наҳотки бу оддий ҳол бўлса?! Наҳот шунчаликка бориб етдик? Яна экологик маданият ҳақида гапирамиз форумларда.

Менга ҳозир бунинг ҳисобини сўрайдиган, кўзбўямачиларнинг қўлини чопадиган мутасаддиларнинг кўзи қаёқда экани эмас, шундай ишга қўл урадиган, навниҳолларнинг қуриб қолишини била туриб қадаб қўяётганларнинг маънавий қиёфаси қизиқ. Ахир бу миллион-миллион тирик жонни ўлимга ҳукм қилиш билан баробар эмасми?

Умрингда битта кўчат экмай туриб бу гапларни айтишга ҳаққинг борми дейсизми? Ҳамма қатори ҳаққим бор. Ҳисобот учунгина (бошқача таъриф беролмадим) бўлиб ўтадиган дарахт экишларда қатнашмасам-да, лекин дарахт экканман, ота ҳовлимизга борганимда уларни кўриб ҳамон ҳузурланаман, кўнглим осойиш топади. Насиб қилса ҳали яна экаман. Экавераман. Худди раҳматли отам каби.

Отам раҳматли бўш ер турса тоқат қилолмас, мевалими, мевасизми, албатта дарахт экиб қўяр эди. Шунинг учун бўлса керак, у томонларнинг ҳавоси тоза, сувлари бирам тотли.

Отамнинг юртида баҳорлар бирам бошқача келади. Инсонлар момо ернинг бир бўлаги эканини баҳорда кўпроқ ҳис қиладигандай гўё. Дарахт эккинг келаверади… Лекин ҳеч ким, ҳатто ёш бола ҳам кўчатни қуриб қолиши учун экмайди! Юраксиз одамгина бундай ишларга қўл урса керак.

Негадир отам раҳматлини эсласам, кўпинча унинг дарахт экаётган ёки ўзи эккан, кўкка бўй чўзаётган дарахтларга тикилиб, гўё улар билан тиллашаётгандай ўйчан қиёфада тургани кўз ўнгимда жонланаверади.

Отам эккан дарахтларнинг кўпи кексайди. Умри узоқлари ҳамон гуркираб турибди. Худди абадиятнинг суратидай.

Кексайган дарахтлар ёнига ёш ниҳоллар экилади. Неваралар, чеваралар экади. Улардан кейин биз танимайдиган авлодлар экади. Ҳаёт шу тарзда давом этаверади. Лекин қуриб қолишини била туриб экилган, ўлимга маҳкум этилган кўчатлар мени, сизни, ҳаммамизни кечирмайди.

Дарахт экиш тадбирларини тасаввур қилиб кўраяпман: пўрим кийинган йигит-қизлар кўтаринки кайфиятда дарахт экиш мўлжал қилинган жойга тўпланади. Бу ерга дарахт экса бўладими-йўқми – буни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмайди, мақсад фақат экиш.

Буёғи фақат саволлар: экилган кўчатларга сув келадими? Ернинг ҳолати талабга жавоб берадими? Бугун кўчат экилиб, эртага бу ер қайсидир қурилиш фирмасига сотиб юборилмайдими? Кўчатлар увол бўлмайдими? Умуман, дарахт экишга чиққан бу «табиат шайдолари» дарахт экиш ҳақида оз бўлсаям тушунчага эгами? Кимдир уларга йўл-йўриқ кўрсатадими? Йўқ, амалдорлар учун булар муҳим эмас. Муҳими статистика. Ёлғон статистика.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси – улуғвор лойи­ҳа. Унинг моҳиятини англаш, ижроси устидан кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш керак.

Тадқиқотларга қараганда, бир гектар ердаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратар экан. Бир инсоннинг кислородга бўлган эҳтиёжини қондириш учун эса ўртача катталикдаги тўртта дарахт бўлиши керак экан… Дарахт қотиллари, ҳеч бўлмаса ўзингизга етадиган кислород берадиган дарахт экинг, экмасангиз экманг, оталаримиз эккан дарахтларни нобуд қилманг! Кислороднинг қадрини ковид сабаб кислородли баллонга уланиб жон сақлаганлар жуда яхши биладилар…