Эзгу ишлар самараси

11:57 - 01.08.2022

9

Юртимизда ёшлар таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада алоҳида давлат ташкилоти – Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилган. Бундан ташқари, Ёшлар иттифоқи, унинг ҳузурида ўттиздан ортиқ нодавлат ташкилот фаолият юритаяпти. Барча шаҳар ва туманларда «Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастури, турли соҳаларни қамраб олган «Беш ташаббус» дастури амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшларнинг бандлигини таъминлаш. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар замирида ана шу мақсад мужассам.

Ҳар бир жамиятда ёшлар ишлаб чиқариш жараёни ва иқтисодий тараққиётни белгилаш, жамиятни бошқариш, ҳокимият тизими, сиёсий ва ижтимоий жараёнларда фаол қатнашиш, жамиятда маънавий-руҳий вазиятни шакллантирувчи ижтимоий куч ҳисобланади. Улар билан ишлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш учун давлатимиз раҳбарининг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан маҳаллаларда ёшларни қамраб олишнинг янги, ўзига хос механизми – ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.

Қолаверса, ҳукуматнинг «Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Хусусан, бу борада прокуратура органлари томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилаётган назорат тадбирлари ва учрашувларда уларнинг жамиятдаги ролини ошириш, ёшларга ҳар жаб­ҳада қулай шароит яратиш ва муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёшларнинг бандлиги, уй таъминоти, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, таълим олиши ва муаммоларига ечим топишга кўмаклашилмоқда.

– Жойлардаги прокурорлар томонидан 2022 йилнинг ўтган даврида 160 мингга яқин йигит-қизлар билан 4745 марта учрашув ташкил этилди, – дейди Бош прокуратура бошқарма прокурори Жаҳонгир Исмоилов. – Уларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалалардаги 21 мингдан ортиқ муаммоси ҳал этилди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эъти­бор қаратилиб, прокурорлар ташаббуси билан меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, янги иш ўринларини яратиш орқали банд­лиги таъминланмоқда. Хусусан, прокурорларнинг кўмаги билан 12981 нафар ёшлар доимий ишга жойлаштирилди, шундан 5472 нафари аёллар.

Мисол учун, Сирдарё вилояти прокуратураси ҳамда вилоят Маданият бошқармаси ўртасида маданият соҳасида таҳсил олувчи ўқувчи ва талабаларни иш билан таъминлаш, битирувчиларнинг иш жойини белгилаш ва уларга ҳақ тўланадиган амалиётни ташкил этиш борасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида муайян   натижаларга эришилди. Меморандум асосида мазкур тоифадаги ўқувчи ва талабаларнинг рўйхати тузилди. Жорий йилнинг 31 март куни Гулистон шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабида, 18 апрель куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида сирдарёлик талабалар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди ва унда 300 нафардан ортиқ   талаба қатнашди. Меҳнат ярмаркасида маданият соҳасидаги 30 та ташкилот ва идора 102 та бўш иш ўрни билан иштирок этди ва уларга 95 нафар талаба ишга жойлаштирилди. Шу каби Тошкент шаҳар прокуратурасининг ташаб­буси билан олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учун 124 марта меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, жами 8511 та талабанинг ишга жойлаштирилиши таъминланди.

Талаба ёшларнинг шароитини яхшилаш масаласи ҳам доимий эътиборда. Масалан, Самарқанд вилояти прокуратураси органлари томонидан вилоятдаги олий таълим муассасалари маъмурияти билан ҳамкорликда 25 та талабалар ётоқхонаси ўрганилиб, уларда аниқланган 1244 та муаммо бартараф этилди ҳамда 3904 та янги мебель ва маиший техника билан жиҳозланди. Ётоқхоналарда 7 та сартарошхона, 6 та тикувчилик хонаси ишга туширилди ҳамда 14 та тиббий хона жиҳозланиб, керакли дорилар билан таъминланди. 450 га яқин талаба тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, Бош прокуратуранинг маълум қилишича, прокурорларнинг ташаббуси билан 9061 киши касбга ўқитилди. 230 444 киши тиббий кўрикдан ўтказилди. 157 406 нафари турли тўгарак­ларга жалб қилинди. 18184 тасига деҳқончилик қилиши учун 5277 гектар ер ажратиб берилган бўлса, қарийб 12000 нафарига бош­қа турдаги ёрдам кўрсатилди.

Прокурор секторидаги 2313 та маҳаллада ёшлар етакчиси фаолияти йўлга қўйилиб, улар хизмат хонаси, мебель ва компьютер жамланмаси билан таъминланиб, интернетга улаб берилди.

Маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш чоралари кўриб келинмоқда. Хусусан, ёшлар ўртасида маданият ва санъатни тарғиб қилиш учун «Санъатим – саодатим», «Беш ташаббус – беш имкон» шиори остида 35 мингдан ортиқ тадбир ўтказилиб, уларда 1,3 млн. нафар ёшлар иштирок этган.

Соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш мақсадида спортнинг бир қатор турлари бўйича «Прокурор кубоги» мусобақалари, ёшлар ўртасида «Соғлиқ учун 5000 қадам» акцияси, миллий ўйинлар фестивали каби 44 мингдан ортиқ тадбир ўтказилиб, уларда 1,5 млн. киши қамраб олинди.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун маҳаллаларда «Менинг армиям – менинг фахрим» шиори остида «Ҳарбийлар ва ёшлар», «Уч авлод учрашуви», «Армия ёшлар нигоҳида» каби, шунингдек, «Маҳалла – ­маънавият бешиги», «Маҳалла – тарбия ўчоғи», «Бир нуронийга ўн нафар ёш» лойиҳаси доирасида 15666 та тадбир уюштирилиб, уларда 593 мингдан ортиқ киши қатнашди.

Шунингдек, ҳудудий прокурорларнинг ташаббуси ва васийлик кенгашларининг қарорлари билан «ёшлар дафтари»га киритилган 6740 талабанинг ўқиши учун «Ёшлар дафтари» жамғармасидан қарийб 38 млрд. сўм контракт тўлови тўлаб берилди. 1052 киши ҳайдовчилик курсида ўқиши учун 1,7 млрд. сўм сарфланди. Хулоса қиладиган бўлсак, бугун давлатимиз томонидан ёшларга янги марраларни забт этиш учун имконият яратиб берилмоқда. Бундай эзгу ишлар албатта самара беришига ишонамиз.