Фирибгарликнинг антиқа усули

11:54 - 01.08.2022

4

Handshake of businessmen greeting each other

Дилшод таниши Низом Ашуровнинг жамғариб қўйган пули борлигини билиб қолади. Уни қўлга киритиш мақсадида фирибгарликнинг антиқа йўлини ўйлаб топади. Аввал худди бизнесменлардек башанг кийинади. Ижарага машина ҳам топади. Хуллас, Дилшодни узоқдан билган ёки танимаган одам уни пулдор тадбиркор деб билиши шубҳасиз эди. Гўё танишидан хабар олгани Н.Ашуровнинг олдига борган Дилшод аста шерикчиликдан гап бошлайди. У эски қувурлар олди-сотдиси билан шуғулланаётгани, агар яна қўшимча маблағ бўлса, бундан-да кўп даромад қилиши ҳақида оғиз кўпиртиради. Низомни тенг шерик бўлишга таклиф қилади. Ҳатто уни ишонтириб, бизнесга пул тикса, ўзи ҳеч қандай ишга қўл урмаса ҳам ҳар олган даромадидан улуш бериб туришни ваъда қилади.

Танишининг гапига лаққа тушган Н.Ашуров дастлаб 2020 йилнинг январь ойида Дилшодга 85 млн. сўм ва 4100 доллар пул бериб юборади. Орадан бироз вақт ўтгандан кейин Дилшод Низомга пулни тадбиркорлик учун тикканини айтиб, фойда ҳисобидан дастлабки ойда 10 млн., кейинги ойда 12 млн. ва учинчи ойдан бошлаб 15 млн. сўмдан улуш бериб туришини айтиб қизиқтиради. Унинг ишончига кириш учун гўё ўзини савдодан яхши даромад топаётгандек кўрсатиб, бир неча ой давомида ­Н.Ашуровга 85 млн. 750 минг сўм беради ва кейинги фириблари учун замин яратади.

Шу тариқа фойдадан улуш бергач, бир жойда катта миқдорда ишлатилган қувур борлиги, фақат уни улгуржи сотиб олишга пули етмаётганини айтади. Низом унинг гапига ишониб, қанча кераклигини сўрайди. Хуллас, Д.Норқулов бу сафар Низомдан 150 млн. сўм олиб кетади. Орадан кўп ўтмай, Дилшод Низомга фойдадан улуш тариқасида бўлиб-бўлиб 29 млн. 250 минг сўм пулни қайтариб беради. Унинг бу иши жиноий ҳаракатларини давом эттириш учун пойдевор вазифасини бажарди. 2020 йилнинг декабрь ойида Д.Норқулов Н.Ашуровни Томди туманидаги корхоналарнинг биридан темир тахта олишини, унинг савдоси яхшилигига ишонтириб, яна 10 минг доллар пул олади. Хуллас, шу тариқа Дилшод Низомнинг йиғиб қўйган 378 млн. 786 минг сўм пулини қўлга киритади ва ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Пулини қайтаришни сўраган Низомга эса турли баҳоналарни рўкач қилиб юраверади. Тоқати тоқ бўлган Н.Ашуров ариза билан тегишли жойга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг ҳукми билан Д.Норқуловга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йилу 8 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жабрланувчи Н.Ашуровга етказилган зарар судланувчидан ундириладиган бўлди.