Бюджет ҳисобидан ҳотамтойлик

13:04 - 01.08.2022

10

Ҳар бир соҳа ходимларининг ўзига яраша масъулияти ва мажбуриятлари бор. Жумладан, бош ҳисобчиларнинг ҳам.

2017 йилдан буён Азамат Суннатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Самарқанд вилояти Нуробод тумани халқ таълими бўлими бош ҳисобчиси лавозимида ишлаётган эди. Унинг фаолияти устидан келиб тушаётган шикоятлар нав­батдан ташқари текширув ва тафтиш ўтказилишига сабаб бўлади. 2020 йил март ойида вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси мутахассислари томонидан бош ҳисобчи А.Сун­натовнинг фаолияти жиддий текширилади.

Текширувда А.Суннатов Нуробод тумани ХТБ томонидан 2020 йил учун тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасида белгиланган лавозим маошлари миқдорига амал қилмасдан мансаб ваколатини суиис­теъ­мол қилиб келгани маълум бўлади. Аниқланишича, у «UzASBO» ДМ – бюджет ташкилотлари томонидан бюджет ҳисоби ва ҳисоботининг юритилишини комплекс автоматлаштириш учун мўлжалланган дастурий маж­муасидан фойдаланган ҳолда 2018-2020 йилларда туман халқ таълими бўлимининг бир нечта ходимларига 31 млн. 249 минг 900 сўм пулни асоссиз равишда лавозим маошлари миқдоридан ортиқча ҳисоблаб тўлаб беради. Бу ноқонуний ҳаракати билан ўзига ишониб топширилган бюджет маблағини талон-торож қилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги 232-қарорида бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга 2020 йилнинг 16 апрелидан 1 октябрига қадар моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармаси ҳисобидан тўловлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш белгиланган бўлса-да, А.Суннатов мазкур қарор талабларини қўпол равишда бузади. У «UzASBO» дастурий мажмуасидан фойдаланган ҳолда 2020 йил сентябрь ойида туман ХТБ ходимларига, яъни ўзи ва бошқаларга жами 44 872 000 сўм рағбатлантириш пулини асоссиз равишда тўлаб берган.

Мазкур жиноий иш 2021 йил ноябрь ойида жиноят ишлари бўйича судга оширилди. Суд мажлисида А.Суннатов айбига тўлиқ иқрор бўлди.

Суд мажлисида сўроқ қилинган фуқаровий даъвогар О.Юсупов Нуробод тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи бўлиб ишлашини айтиб, А.Суннатов 2020 йил сентябрь ва ноябрь ойларида туман ХТБ ходимларига жами 76 121 900 сўм иш ҳақи ва рағбатлантириш пулини асоссиз равишда тўлаб берганидан хабари борлигини маълум қилди. Ҳозирги кунда ушбу пуллар туман ХТБ ҳисобрақамига тўлиқ қайтарилгани сабабли судланувчи А.Суннатовга нисбатан даъвоси йўқлигини баён қилиб, бу ҳақда судга ариза тақдим қилди. Суд А.Суннатовга қилмишига яраша жазо тайинлади.