Ҳaм имтиëз, ҳaм мacъyлият

12:53 - 01.08.2022

5

Кўп қаватли уйда яшайдиганлар билади, ёз бошланди дегунча перфораторлар товуши авж олиб, қулоқни қоматга келтира бошлайди. Масалан, бизнинг домимизда биронта ёз қурилишсиз ўтган эмас.

Яшаш жойини қулайлаштириш, кўркамлаштиришнинг ёмон томони йўқ, албатта. Аммо таъмир ишлари шовқин-сурон билан бирга, бутун бир кўпқаватли уйда яшовчиларнинг ҳаётини хавф остига қўймаслиги керак. Чунончи, 2020 йилда Учтепа тумани 23-мавзедаги 20-уйда рўй берган воқеани олайлик. Маълум бўлишича, бир фуқаро ушбу уйнинг 25-хонадонини (5-қават) сотиб олгач, тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан таъмирлайди ва иккита хона орасидаги деворни олиб ташлаб, кириш эшикларидан бирини беркитади Балконни эса ғишт билан ўрайди. Унинг пастидаги 23-хонадонда яшовчи яна бир фуқаро ҳам ўз хонадонини ўзбошимчалик билан таъмирлайди. Натижада 5-қават балкони қулаб, пастдаги ҳамма балконларни ўзи билан олиб тушади. Хайриятки, бундан одамлар талофат кўрмади. Акс ҳолда янада аянчли ҳодисалар бўлиши мумкин эди.

Гапнинг индаллосини айтганда, ўтган даврларда кўп қаватли уйларда яшайдиган айрим фуқаролар хонадонини ўз билганича ўзгартириб, бинонинг умумий ҳолатига катта зарар етказгани сир эмас. Ҳеч нимадан ҳайиқмасдан қилинган бундай ишлар ҳатто 9, 12, 16 қаватли биноларда ҳам кузатилган. Ваҳоланки, кўп қаватли уйларнинг хонадонлари деворлари, таянч конструкцияларини ўзгартириш иншоотни турли офатлар, зилзилалар олдида ожиз қилиб қўяди. Унинг яроқлилик муддатига салбий таъсир этади. Аслини олганда кўп қаватли уйларнинг конструкциясини ўзгартиришни чекловчи тартиб қонунчилигимизда аввалдан мавжуд. Бу нормалар Уй-жой кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўз аксини топган. Аммо бу қоида одамларни номаъқул ишлардан буткул қайтара олгани йўқ.

2022 йилнинг 31 май куни Президентимиз томонидан имзоланган «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда ушбу масалаларга алоқадор бир қатор янги нормалар борки, энди бу борадаги ўзбошимчаликлар ўз ҳолича қолиб кетмайди. Жумладан, қонун билан Солиқ кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Уйни ўзбошимчалик билан ўзгартирсангиз…

Хўш, янгиликлар, ўзгаришлар нималардан иборат?

– Янги қонунга кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартиришлар киритилди, – дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини ривожлантириш бош­қармаси бўлим бошлиғи Ҳанифа Икромова. – Жумладан, кодекснинг 159-моддаси янги учта қисм билан тўлдирилди. Бу орқали аҳолининг, кўп квартирали уйларни сақлаш ҳамда бошқариш органларининг масъулиятини ошириш назарда тутилган.

Шунингдек, энди кўп квартирали уйларни бошқариш қоидасини бузиш мансабдорларга БҲМнинг 15 баравари (4 млн. 500 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Кўп квартирали уйлардаги таянч ва тўсиқ конструкцияларни қонунчиликни бузган ҳолда ўзгартириш ёки реконструкция қилиш, шу жумладан, кўп квартирали уйларда ва кўп квартирали уйларга туташ ерларда ўзбошимчалик билан иморат қуриш БҲМнинг 30 бараваригача (9 млн. сўмгача), мансабдорларга 50 бараваригача (15 млн. сўмгача) миқдорда жарима солинишига олиб келади. Ўйлаймизки, мазкур янгиликлар фуқароларнинг масъулиятини ошириб, уйларнинг сифатли сақланишига хизмат қилади.

Дарвоқе, қонунда мулкдорлар ўзбошимчалик билан кўп квартирали уйларнинг тўсиқ конструкцияларига киритилган ўзгартириш­ларни ва туташ ерларда барпо этилган ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий бартараф этса, белгиланган жавобгарликдан озод этилиши назарда тутилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан кўриб чиқилади.

Давлат божини ким тўлайди?

Таҳлилларга кўра сўнгги беш йилда жами 37 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлардан фойдаланишда техник хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши ўрганилган. Натижада 61 мингдан зиёд ҳолатда кўчмас мулк эгалари уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилмалар барпо этгани аниқланган. Судларга ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этишга оид аризалар тақдим этишда эса айрим муаммолар юзага келган. Яъни давлат божини олдиндан тўлаш белгилангани боис ушбу материалларни судларга тақдим этишда бир қатор қийинчиликлар келиб чиққан.

Янги қонун билан ушбу муаммолар барҳам топди. «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 8-, 9- ва 10-моддаларига қўшимча киритилди. Унга кўра Уй-жой фонди инспекцияси томонидан кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан судларга киритадиган аризалар давлат божидан озод этилди.

Солиқ имтиёзлари белгиланди

Шу пайтгача қонунчилигимизда уй-жой мулкдорлари ширкатлари кўп квартирали уйларга туташ ерларни ободонлаштириш ҳамда аҳолига бошқа хизматларни кўрсатиш учун солиқ тўловидан озод этилган бўлиб, бошқарув ташкилотларига нисбатан ушбу имтиёзлар татбиқ этилмаётгани турли келишмовчиликларни юзага келтираётганди.

Қонун билан Солиқ кодексига қатор ўзгартиришлар киритилиб, бундай келишмовчиликлар ҳам барҳам топадиган бўлди. Масалан, бошқарувчи ташкилотлар ёки кўп квартирали уйларни бош­қарувчилар умумий мулкни бош­қариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек, кўп квартирали уйларга туташ ерларни ободонлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун айланма солиқдан озод этилди. Бу бўйича кўрсатилган хизматлардан олинган маблағлар солиққа тортилмайдиган бўлди.

Бу нимага олиб келади? Бу – кўп квартирали уйларни бошқарувчи ташкилотларнинг маълум бир фаолияти бўйича солиқдан озод этилиши – уйларни бошқариш жозибадорлигини оширишга, соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб этишга, аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишига олиб келади. Аҳолидан бу борада тушаётган кўплаб эътирозларнинг олди олинади ҳамда кўчмас мулк эгаларининг, бошқарув органларининг уй-жой фондини сақлаш ва уни бошқариш борасидаги масъулияти ошишига эришилади. Хизмат кўрсатувчи корхоналарда солиқ имтиёзи туфайли орттирилган маблағни уй-жой фондини сақлаш ва атроф инфратузилмаси, йўллар, ариқлар, болалар майдончаларини ободонлаштиришга, кузатув камералари кабиларга сарфлаш имкони вужудга келади Қолаверса, қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, коммунал хизматлар кўрсатилиши соҳасида қонун бузилишининг олдини олиб, аҳолининг хавфсиз яшашига шароит яратади.