Жиноятдан холи ҳудуд — мақсадимиз

17:14 - 29.07.2022

10

Халқимизнинг тинч ва фаровон турмуш кечириши учун жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун аввало ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг имконияти кенгайтирилди. Иш шароитини яхшилаш мақсадида профилактика инспекторлари хизмат уйлари ва шахсий автоулов билан таъминланди. «Хавфсиз туризм» концепцияси доирасида Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил қилинди.

Самарқанд шаҳридаги кўчалар, маданият ва истироҳат боғлари, бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар кузатув камералари билан таъминланиб, Самарқанд вилояти ИИБдаги ситуацион марказга интеграция қилинди. Бу саъй-ҳаракатлар самара бермоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида 2022 йилнинг ўтган 5 ойида вилоятдаги 1126 та маҳалланинг 736 тасида жиноят содир этилмади. Жиноятларнинг 94,7 фоизи фош этилди ҳамда олдинги йиллардан фош этилмай келаётган 20 та жиноят очилди.

Қидирувдаги жиноятчиларнинг 142 нафари ушланиб, тергов ва суд органларига топширилди.

Жиноятларнинг ҳар олтинчиси ўғирлик билан боғлиқ. Шундай бўлса-да, бу жиноятларнинг сони вилоят бўйича 1,9 фоиз камайди. Ўғирликларнинг асосий қисми тунда содир этилганини инобатга олиб, ИИБнинг 30 фоиз шахсий таркиби жиноят содир этилиши мумкин бўлган ҳудудларда тунги хизматни ўташи йўлга қўйилди.

Самарқанд шаҳар Обод маскан маҳалласидаги барча кўчаларга видеокамера ўрнатилиб, ҳар бир кўчани жамоатчилик вакили ва профилактика инспектори назорат қилиб бормоқда. Ушбу тажрибани вилоятнинг бошқа туманларидаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларга ҳам жорий қилиш чоралари кўрилаяпти.

Жиноятга мойил бўлган 7251 нафар фуқаро профилактик ҳисобга олинди. Маъмурий назорат қоидасига риоя қилмаган 113 киши маъмурий ва 12 киши жиноий жавобгарликка тортилди.

Ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида нотинч оилаларнинг 365 тасида муҳит яхшиланди, 71 та ёш оила ажрашиб кетишининг олди олинди.

Оиласида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 1063 нафар аёлга ҳимоя ордери берилди.

Хотин-қизлар жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш мақсадида ўтган йиллар давомида судларда низолашиб келаётган 9112 та оиланинг рўйхати тузилди. 1313 тасининг низоси бартараф этилиб, мазкур оилаларда яшовчи 326 нафар аёлга ҳимоя ордери берилди.

Жойларда аёлларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш учун тегишли ташкилотларга доимий равишда кўрсатмалар бериб келинмоқда. Вилоят бўйича 92 та ўқувчи жиноятларда иштирок этганига эътибор қаратилди. Ўқувчилар ўртасида маърифий ва профилактик тадбирларнинг ўтказилиши вилоят прокуратураси томонидан доимий назоратга олинди.