ҚЎШИМЧА КУЧЛАР ЖАЛБ ҚИЛИНГАНИДАН СЎНГ

11:41 - 29.07.2022

5

Шахснинг жамоат тартибини қўпол равишда бузиши ва жамиятга ошкора ҳурматсизлик кўрсатиши безориликдир. Қонунларда маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган майда безорилик ва жиноий жавобгарликка тортиладиган безориликка оид жазо чоралари белгиланган.

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа қаҳрамони Рустам Тоҳиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам безорилик жиноятини содир этиб, қилмишидан минг пушаймон. Кунларнинг бирида у ўзининг «Матиз» машинасини ҳайдаб кетаётиб, беихтиёр йўл четида ЙПХ инспекторларининг бир ҳайдовчини сўроқ қилиб турганига кўзи тушади. У ўз йўлида давом этиш ўрнига машинадан тушиб, уларнинг олдига боради. Фалокат оёқ остида деб шунга айтсалар керак-да. Бошига тушган барча кўргиликлар шундан кейин бошланди…

Тошкент шаҳар ЙПХ ходимлари Асрор Халилов ва Аброр Бурхонов  хизматни ўтаб турган вақтида «Кобальт» машинаси ҳайдовчиси телефондан фойдаланиб, йўл ҳаракати қоидасининг 12-бандини бузиб келаётгани учун уни тўхтатишади. Унга қоидани бузганини тушунтириб, баённома расмийлаштираётган вақтида ҳайдовчи А.Бурхоновнинг қўлидан ручкасини тортиб олади. Ҳайдовчининг ёнида бўлган акаси эса телефони билан ҳолатни видеога ола бошлайди. Шу пайт ўз машинасида келиб тўхтаган Рустам Тоҳиров ҳам уларга қўшилиб, ходимлардан дислокацияни тақдим этишларини сўрайди.

Тўсатдан пайдо бўлган Рустам Тоҳировнинг бу ҳаракатидан жаҳли чиққан инспекторлар ундан аввал ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишини талаб қилади. Рустам Тоҳиров бунга эътибор бермасдан ҳайдовчи ва унинг акасига ақл ўргатиб, уларнинг устидан юқори турувчи идорага мурожаат қилишини ва расмийлаштириладиган ҳужжатларнинг барчасини онлайн эмас, балки баённома кўринишида расмийлаштириб, ходимларнинг айбини исботлаб ёзиши кераклигини айтади.

Инспекторлар яна ундан кимлигини, нима сабабдан уларнинг ишига аралашаётганини сўрайди. Уни тартибга чақиради. Унинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилганида, Рустам Тоҳиров қўпол сўзлар билан уларни ҳақоратлайди. Асрор Халилов унинг шалваридан ушлаб, хизмат машинасига олиб бормоқчи бўлганида унинг қўлини қайириб, юзига мушт туширади. Шу сабабли улар қўшимча кучни ёрдамга чақиришади. Рустам Тоҳировни хизмат машинасига ўтқазмоқчи бўлган вақтида у яна қаршилик кўрсатиб, А.Халиловнинг ўнг билагини тишлаб, кийимидан тортиб, погонини юлиб юборади.

Уни қўшимча кучлар билан бирга туман ИИБ биносига олиб боришади ва у ерда ҳолат бўйича билдирги ёзилиб, расмийлаштирилади. Суд тиббий экспертизасида Асрор Халилов енгил жароҳатлангани аниқланган. Суд Рустам Тоҳировга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.