Ҳоким ерни тўлиқ назоратга олмаган

13:30 - 29.07.2022

2

Нишон тумани прокуратураси туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларда Ер кодекси ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганди.

Ўрганишда туман ҳокимлиги томонидан мутасаддилар устидан етарлича назорат ўрнатилмагани, уларнинг ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қарагани оқибатида қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди.

Хусусан, туман ҳокимининг қарорига асосан фуқаро А.Менглибоевга сунъий қопламали ўйингоҳ қуриш учун 0,15 гектар ер онлайн-аукцион ўтказилмасдан ажратилган. Шунингдек, туман ҳокимининг қарорларига асосан З.Арзиевга ўйингоҳ қуриш учун 0,15 гектар, «Nishan KRG international» масъулияти чекланган жамиятига автотураргоҳ ва автотранспортларни ижарага бериш комплекси учун 0,2436 гектар ер ажратилган.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув вазирлик ўтказадиган танлов асосида тузилиши, концессия асосида қурилиш учун ер ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш белгиланган. Халқ таълими вазирлиги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилмаган бўлса-да, туман ҳокимининг қарори билан «Nur sirli orolchasi» нодавлат таълим муассасасига доимий фойдаланиш учун 0,35 гектар ер ажратилиб, қонун талаби бузилган. «Tumaris fayz» нодавлат таълим муассасасига 0,35 гектар ер ҳам тўғридан-тўғри бериб юборилган.

Шунингдек, фуқаро И.Фармоновага туман ҳокимининг қарори билан сартарошхона қуриш учун ер ажратилган. Бироқ И.Фармонова бу ерда ҳеч нима қурмаган. Ваҳоланки, Ер кодексининг 36-моддаси 10-бандида қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлмаган эҳтиёж учун берилган ердан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида ерга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилиниши белгиланган.

Шунингдек туман ҳокимининг қарорига асосан ер олган фуқаролар М.Қодирова, И.Турсунов, А.Жўраевлар ҳам у ерда ҳеч нарса қурмаган.

Туман ҳокимининг қарори билан «Наврўз ММТП» МЧЖ мулклари туман ободонлаштириш бошқармасига топширилган. Бироқ МЧЖ биносига тегишли 1,75 гектар ер фуқароларга ҳукуматнинг 2020 йил 3 сентябрдаги «Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги  қарори талабларига зид равишда фуқароларга олди-сотди шартномаси асосида сотилиб, кадастр ҳужжатлари берилган. Ўтказилган текширишда мазкур мулкларнинг фирибгарлик орқали пулланишидан манфаатдор бўлган фуқаролар ва мансабдорлар устидан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур ҳолатларга йўл қўйган масъуллар фаолиятига қонуний баҳо берилди.