Одам ҳаётидан рози бўлса, тоғни талқон қилади

17:22 - 29.07.2022

9

Юртимизда «Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ» деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Наманган вилояти прокуратураси органлари ўтказаётган сайёр қабуллар ҳам ана шу мақсадга йўналтирилган. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. Хусусан, протест келтириш йўли билан мансабдорларнинг қонунга зид 22 та ҳуқуқий ҳужжати қонунларга мослаштирилган, аниқланган қонунбузилишлар 19 та тақдимнома орқали бартараф этилган. 25 нафар мансабдор интизомий, 23 таси маъмурий жавобгарликка тортилган. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судларга 14 та даъво аризаси киритилиб, 9 та жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу даврда прокуратура органларида жами 5396 нафар фуқаро қабул қилинган. Кексалар бежиз «Одам ҳаётидан рози бўлса, тоғни талқон қилади» дейишмаган. Бизнинг ҳам мақсадимиз одамларни рози қилиш, уларнинг фаровон турмушини таъминлашдир.

Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида вилоят прокурори томонидан 2-сектор раҳбари сифатида вилоятнинг 10 ҳудудида ўтказилган сайёр қабулларда 274 нафар фуқаронинг 347 та мурожаати тингланди. Уларнинг аксарияти ишга жойлаштириш, соғлиқни сақлаш, уй билан таъминлаш, кредит ажратиш, моддий ёрдам кўрсатиш, йўлларни таъмирлаш, тоза сув билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга тааллуқли бўлди. Уларнинг 233 таси қаноатлантирилди, 71 таси бўйича тушунтириш берилди (65 таси жойида ҳал қилинди), 15 таси кўриб чиқилмоқда. Сайёр қабул натижасига кўра ички ишлар органларининг терговга қадар текшириш давомида қабул қилинган қарори бекор қилиниб, 2 та жиноят иши қўзғатилди. Шунинг­дек, 2 та ҳолатда фуқаронинг мурожаати юзасидан судга даъво аризаси киритилди.

Бундан ташқари, сайёр қабуллар давомида 77 киши ишга жойлаштирилди, 35 нафар фуқаронинг 266,4 млн. сўм алименти ундириб берилди, 22 кишининг талаби бўйича электр тармоғи созланди, яроқсиз симёғоч ва трансформаторлар алмаштирилди. Шартнома асосида таҳсил олаётган 10 нафар талабанинг тўлови тўлаб берилди, 11 кишининг мурожаати бўйича кўчаси таъмирланди, 12 нафар фуқарога жами 321,2 млн. сўм кредит ажратилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 8 нафар фуқарога моддий ёрдам берилди, 25 кишига турли йўналишларда ёрдам кўрсатилди. 

Шу каби халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган режа асосида шаҳар ва туман прокурорлари ҳам сайёр қабуллар ўтказмоқда. Хусусан, 5 ой давомида сектор раҳбарлари ҳудудларда 224 марта сайёр қабул ўтказган, уларда 896 та мурожаат тинг­ланган. 325 таси қаноатлантирилган ҳамда 571 тасига асосли тушунтириш берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган 21599 та мурожаатнинг 18255 таси қаноатлантирилган.

Бундан ташқари, вилоят прокурорининг ташаббуси билан Мингбулоқ тумани прокурори секторидаги оғир ҳудуд ҳисобланган Ўртақишлоқ маҳалласидаги муаммоларни аниқлаш бўйича сайёр қабул ўтказилиб, вилоят ҳамда туман корхона-ташкилотлари масъулларидан иборат гуруҳ тузилган ҳолда ҳудуд аҳолисининг яшаш ва ишлаш шароити, ижтимоий-иқтисодий ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилди. Аксарият муаммолар ҳал этилди. Хусусан, вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси томонидан маҳалла аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилиб, 61 нафар бемор туман ҳамда 15 нафари вилоят тиббий муассасаларига стационар даволанишга юборилди. Камбағал оилаларнинг 5 нафар аъзосига бепул даволаниш учун ордер берилди.

Маҳаллада яшовчи ишсизлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 37 нафари ҳунарга ўқитилди, 13 тасига асбоб-­ускуна олиши учун субсидия ажратилди, 12 нафари бўш иш ўринларига жойлаштирилди, 10 нафари жамоат ишларига жалб қилинди, 9 та хонадонга субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди.

Шунингдек, ишсизлардан 58 кишига деҳқон хўжалиги юритиш учун «е-аuksion» электрон савдоси орқали ижара асосида ер ажратилди. 315 та хонадон марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.

Маҳалладаги 112 та симёғоч алмаштирилди, 6 та трасформатор таъмирланиб, биттасининг қуввати оширилди, 5,8 км электр узатиш тармоғи тортилди. 66 та газ балони синовдан ўтказилди, 36 та хўжаликка янги газбалон ва ID карта берилиб, 13,9 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режаси 14,6 тонна қилиб бажарилди.

Ўрганишларда вилоятдаги шароити оғир деб топилган яна 11 та маҳаллада қайта ўтказилган хатловда улардаги кўчаларни шағаллаштириш, сув, электр ва газ таъминотидаги муаммолар тўлиқ ҳал этилмагани маълум бўлди. Хусусан, 37,3 км йўлни шағаллаш, 52,3 км ичимлик суви тармоғи тортиш, электр энергияси бўйича 1063 та симёғоч ўрнатиш ёки алмаштириш, 50,5 км янги тармоқ тортиш ёки таъмирлаш, 39 та трансформатор ўрнатиш, 7,8 км газ тармоғини таъмирлаш ҳамда 455 та хонадонга суюлтирилган газ балони етказиб бериш муаммоси борлиги, шунингдек, 7500 га яқин кўчат экиш имконияти мавжудлиги аниқланди.

Албатта, хатловда аниқланган муаммолар қисқа фурсатда бартараф этилиши жуда муҳим эканини эътиборга олган ҳолда туманлар даражасида аниқ муддати ва молиявий манбаси акс этган 11 та йўл харитаси ишлаб чиқилди ҳамда бажариш чоралари кўрилди.

Президентимиз ҳудудлардаги халқ билан мулоқотларда «Жойлардаги ҳақиқий аҳволни биз халқимиздан яширмаймиз ва борини қандай бўлса, шундай кўрсатиб борамиз. Албатта, бу кўпчиликка ёқмаяпти, кўп раҳбарлар буни ҳазм қила олмаяпти. Лекин биз бу борадаги барча ҳолатни ва бошлаган ишларимизни халқимиз билан бамаслаҳат ва жамоатчилик назорати остида амалга оширамиз» дея куюнчаклик билан барчани якдилликка чорламоқда. Бугун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқимизнинг турмушини яхшилашга қаратилган ишлар кенг кўламда, изчиллик билан олиб борилмоқда. Бу эзгу ишларда биз вилоятдаги барча ташкилотлар билан ҳамкорликда, бамаслаҳат фаолият юритишда давом этамиз. Шундагина сирти ялтироқ, ичи қалтироқ ишлардан воз кечиб, амалда катта-катта ютуқларни, юксак довонларни забт этиб бораверамиз.