НАТИЖА ШАРОИТГА ЯРАША БЎЛСИН

11:48 - 29.07.2022

2

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 23 май куни спортни оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбари мамлакатимизда спорт инфратузилмасининг ютуқ ва камчиликлари хусусида гапирди. Хусусан, Президент спортда қобилиятли йигит-қизларни саралаб, профессионал спортчиларга айлантиришга эътибор сустлиги, спорт мактаблари билан олимпия захиралари коллежлари ва олий спорт маҳорати мактаблари ўртасида узвийлик йўлга қўйилмаганини танқид қилди. Шу боис йиғилишда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Шунингдек, давлат раҳбари маҳаллада апрель-июнь ва сентябрь-декабрь ойларида мусобақалар ташкил этилиб, яхши натижа кўрсатган ёшлар электрон рўйхатга киритилишини ва спорт мактабида малакали мураббийлар қўлида бепул шуғулланиш имконига эга бўлишини таъкидлади. Дарҳақиқат, иқтидорли болалар ўзи қизиққан машғулотга бепул қатнашиш ҳуқуқига эга бўлса, юртимизда чемпионлар сони ошади. Афсуски, шу пайтгача болалар фақат пул билан бирор спорт турига қатнашар, турли мусобақаларда қатнашиш харажати ҳам бундайроқ оилага оғирлик қиларди. Бунга мисол тариқасида бир оилада бўлган ҳолатни келтирамиз. Бу суҳбатга тахминан уч-тўрт йил бўлди.

Устачилик қиладиган бир ҳамқишлоғимнинг ўғли олти-етти ёшидан таэквондо машғулотига қатнашиб юрарди. Орадан йиллар ўтиб, ҳалиги болакай улғайди. Бир куни ота-бола йўлда келаётганини кўриб, машинамга чиқариб олдим. Ҳол-аҳвол сўрагач, ўғлидан ҳам спортдаги ишлари қандай кетаётгани билан қизиқдим. 23-24 ёшлардаги йигит саволимни эшитиб, отасига бир кўз қирини ташлади-да, бошини эгди. Унинг ўрнига отаси аста гап бошлади.

– Э, сен сўрама, мен гапирмай. Ўғлим спортга жуда қизиқади. Хабаринг бор, буни ёшлигидан таэквондога берганман. Ўша пайтда мактабимизнинг спорт залида ташкил қилинган тўгаракка қатнашганига арзимаган пул тўлардим. Буларнинг харажати катта бўлган сайин ошавераркан. Бу улғайиб, таэквондонинг сирларини чуқурроқ ўрганиб, кўпроқ шуғуллангани сайин ойлик тўлови ошиб, харажатлари ҳам кўпайиб бораверди. 10-12 ёшларида вилоятга мусобақага борамиз дейди, харажатига 600-700 минг сўм пул олиб кетиб, мураббийига беради. Яна ўзининг еб-ичишига ҳам 150-200 минг сўм пул олади. Ҳатто бошқа давлатларга мусобақаларга бориши учун долларда йиғишарди. Бошида чидаб, қилган харажатим чемпион бўлса қайтади деган умидда беравердим. Аммо фойдадан дарак бўлавермади. Ёки нуқул супраси қуруқ мусобақаларда қатнашдими, чемпион бўлса ҳам битта медалдан бошқа нарса қўлига тегмади. Унинг устига синглисига тўй бошладик. Хуллас, таэквондони ташлади, мана энди ота-бобоси қилган ҳунарни қилиб юрибди. Буёғига ўзининг тўйига пул йиғаяпмиз. Агар мусобақама-мусобақа юраверганида, уйланишига ҳам пул тополмасди.

Фикр юритадиган бўлсак, отанинг гапида жон бор. Гувоҳи бўлганингиздек, Президентимиз халқимизнинг шу каби муаммоларига ечим топмоқда, лекин мураббийлар буни ҳис қилмаяпти. Қолаверса, йиғилишда мураббийларнинг ҳам иш ҳақи 35 фоиз оширилиши қайд этилди. Энди мураббийлар ота-оналарнинг қўлига қарайвермаса керак…

Президент сўнгги беш йилда спортни ривожлантиришга қарийб 4 триллион сўм йўналтирилганини, 118 та йирик спорт объекти фойдаланишга топширилгани ва 110 та объект реконструкция қилинганини таъкидлади. 2022 йилда спорт соҳасига 2 трлн. 300 млрд. сўм (2017 йилдагидан 5 баравар кўп), шундан спорт таълим муассасалари учун 1 трлн. 200 млрд. сўм ажратилгани қайд этилди. Лекин спортдаги натижалар яратилган шароитга ҳали мос эмаслиги ҳақида гапирилди. Чунки, юқорида таъкидланганидек, юртимизда спорт тизимида селекция ишлари эътибордан четда қолиб кетган. Оммалашган спорт турлари бўйича спортчиларни мусобақаларга жалб қилишда коррупция борлигини рад этиб бўлмайди. Бунга ҳам бир мисол келтириб ўтамиз.

– Набирам бир неча йил ўзбек жанг санъати билан шуғулланди, – дейди фуқаро Рустам Ниғматжонов. – Унга ушбу спорт тури билан шуғулланиши учун барча шароитни яратиб бердик. Туман, шаҳар, республика миқёсидаги мусобақаларда ютуқларга эриша бошлади. Лекин эндигина ютуқларидан куч олиб ўсаётган ўғлимнинг руҳини биргина жангда осонгина синдиришди. Уни 13 ёшида ўсмирлар терма жамоасига қабул қилишдаги саралаш жангида вазни тўғри келадиган, аммо ўзидан бир неча ёш катта бўлган спортчига атайин рўпара қилишди. Жисмоний қувват ўсмирлар ёши ўртасидаги фарқда жуда катта аҳамият касб этаркан. Бундай ҳолатда набирамнинг мағлубияти тайин эди, лекин жиддий жароҳат олиши мумкинлигини ўйламаган эканман. Шу жангда набирам бошидан жароҳат олиб, шифохонада даволаниб чиқди ва спортни бутунлай тарк этди. Агар мазкур мусобақада фақатгина вазн эмас, ўртадаги ёш ҳам ҳакамлар томонидан инобатга олинганида эди, бугун набирам спортдан кетмаган бўларди. Юртимизда спорт бутунлай коррупцияга ботиб кетган деган фикрдан йироқман. Лекин барча мусобақаларда бўлмаса-да, «фалончини олиб чиқиш керак» деган гаплар қулоққа чалиниб туради. Афсуски, биз давлатимиз томонидан спорт соҳасида яратиб берилаётган шароитдан тўғри фойдалана олмаяпмиз.  

Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда соҳадаги илмий салоҳият ҳам талаб даражасида эмаслигини қайд этди. Жумладан, шу пайтгача маҳаллий олимлар бирорта спорт тури бўйича на методика, на дастур ишлаб чиққани, бугунги кунда спортчилар 30 йил олдинги дастурлар асосида тайёрланаётгани, спорт диетологияси, фармакологияси, психологияси, спорт муҳандислиги, кардиомашғулотлар бўйича мутахассислар тайёрланмаётгани айтилди.

Санаб ўтилган ушбу муаммолар қаторига халқ таълими тизимидаги жисмоний тарбия дарсларини ҳам такомиллаштиришни киритиш лозим. Ҳозирги пайтда таълим муассасаларида ўтилаётган жисмоний тарбия дарслари асосан турли машқлар бажариш ва нормативлар топширишдан иборат. Аслида бўлажак спортчилар ҳам спорт бўйича дастлабки таълимни умумтаълим мактабида олади. Айни вақтда мактаб ўқувчиларидан оммалашган спорт турларининг тартиб-қоидаларини сўрасангиз аксарияти билмайди. Мисол учун Сергели туманидаги мактаблардан бирида баскетбол тўпи кўтариб кетаётган ўқувчидан «баскетбол ўйинида бир жамоада нечта ўйинчи майдонга тушади?» деб сўраганимда, афсуски, у елка қисиб қўяқолди. Мазкур саволга жавоб бера олмаган ўқувчидан эса ўйин қоидаларини сўраш ўринсиз. Ҳатто ҳозирги пайтда ўқувчиларнинг аксарияти дунёда энг оммалашган футболнинг қоидаларини ҳам билмайди. Шунинг учун мактаблардаги жисмоний тарбия дарсларида ўқувчиларга назарий томондан ҳам дарс ўтиб, турли ўйинларнинг қоидаларини ўқитиш керак. Футбол, баскетбол, волейбол, қўл тўпи, бокс, теннис, шахмат каби оммалашган спорт турларининг тартиб ва қоидаларини ўз ичига олган жисмоний тарбия дарслигини яратиш керак. Мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Чунки аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни баркамол, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш устувор вазифага айланди. Бунинг яна бир муҳим жиҳати шуки, мамлакатни спортчалик тез дунёга танитадиган соҳа йўқ.