Меъморий обидаларга зарар етказган қамалади

13:38 - 29.07.2022

1

Самарқанд тарихий масканлари, қадимий обидалари ҳамда улуғ аллома ва мутафаккирлари билан ер юзидаги 50 та энг гўзал шаҳарлар рўйхатининг 6-поғонасидан ўрин эгаллаган.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 1607 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг 973 таси археология, 564 таси архитектура, 36 таси монументал санъат асари ҳамда 34 таси диққатга сазовор жой ҳисобланади. Шу боис давлат муҳофазасига олинган объектларни авайлаб асраш устидан прокурор назорати ўрнатилган. Қонунбузилишлар бўйича маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

Маълумки, Жиноят кодексининг 132-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритилиб, унга кўра моддий-маданий мерос объектларини нобуд қилган, бузган ёки уларга жуда кўп миқдорда зарар етказган шахслар беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиниши белгилаб қўйилган. Қисқа вақт ичида моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидасини, шунингдек, амалдаги норматив ҳужжатлар ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузиб, ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боргани учун 96 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. 6 та жиноят иши қўзғатилиб, 80,8 млрд. сўмлик зарарни қоплаш мақсадида 75,5 млрд. сўмлик мулклар хатланиб, ундириб олинди.