Кредитга доир таклифимиз бор

17:47 - 29.07.2022

17

Одатда бирор каттароқ мақсадимизга тезроқ эришиш учун банкдан кредит олишга ҳаракат қиламиз. Кредит ўзи нима ва у бўйича нималарни билиш муҳим?

Кредит маълум бир мақсадга, муддатга, уни қайтариш жадвали асосида ва қарздорнинг тўлай олиш қобилиятига қараб ажратилади. Ҳар бир банк кредит бўйича фоиз ставкасини мустақил белгилайди.

Республикамиздаги банкларнинг аксариятида тижорат кредити мавжуд, ставкалари 27 фоизгача. Давлатимиз аҳоли ва тадбиркорларни қўллаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратади, уларга 14 фоизгача ставка назарда тутилган. Бу ўринда биз фақат тижорат кредитлари ҳақида сўз юритишни ва таклифларимизни беришни лозим топдик.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжини қондириш ва самарали ишлаш учун банкларга доим пул зарур. Шунинг учун банклар аҳолининг қўлида бўлган жамғармаларини омонатга жалб қилади. Ҳозир бу осон эмас. Чунки фуқаролар яқин тарихимизда омонатга қўйган маблағи қадр­сизланганини ҳали эсдан чиқаргани йўқ. Бундай вазиятда қандай йўл тутсак ҳамма бирдай манфаатдор бўлиши масаласига ечим топиш зарур.

Аҳолига кредит ажратишнинг бугунги тартибига қисқача тўхталсак. Банкдан кредит олиш учун ариза, унинг кўриб чиқиш муддатлари (камида 15 кун), олинадиган кредит кафолати учун гаров (кўчмас мулк, автомашина ва ҳ.) ёки кафил топиш, гаров топилса уни нархлатиш, суғурта қилдириш, унга тақиқ қўйиш ва ҳоказодан иборат бюрократик жараёнлар мавжуд. Агар мижоз олган кредитини тўлолмаса бу жараён яна кўпаяди. Гаровга олинган мулк баҳоланган суммага сотилмаса, банк ва мижознинг моддий аҳволи яна оғирлашади.

Ҳар куни фуқаролар ўз жамғармасига уй, машина ва бошқа қимматбаҳо буюмлар сотиб олади ё кўрсатилган хизмат учун (тўй, маросим ва б.) пул тўлайди ёки жамғармасини тадбиркорлик фаолиятига тикади.

Агар шу маблағини банкка омонатга қўйса ва шу банкдан омонатга қўйган пули миқдорида унга кредит берилса-чи? 

Ҳозирги кунда аксарият банклар омонат учун 22 фоизгача маблағ таклиф қилади. Тижорат кредитининг ставкаси эса юқорида айтиб ўтганимиздек 27 фоизгача белгиланган. Агар банк мижознинг маблағини омонатга 22 фоиздан қабул қилса ва шу сумма миқдорида кредит бериб, гаров сифатида омонатни қабул қилса (бундай ҳолатда кредит ҳисобига сотиб олинган мулк гаровга олинмайди), фуқаро учун йиллик тўлови 5 фоизни ташкил қилади.

Масалан, 100 млн. сўм нақд пулга мулк сотиб олаётган фуқаро шу маблағни банкка 22 фоизга омонатга қўяди ва банк шу миқдордаги маблағни 48 ойга кредит сифатида мижознинг плас­тик картасига ташлаб беради.

100 млн. сўм кредитни 48 ойга тенг тақсимласак 2 083 333 сўм, унинг фоизи эса (йиллик 27 фоиз) 27 млн. сўм, бир ойга эса тўлов миқдори 2 250 000 сўм бўлади. Дифференциал тизим бўйича биринчи ойда тўланадиган пул миқдори 2 083 333 + 2 250 000 = 4 333 333 сўмни ташкил этади.

Банк мижознинг омонатига тўлаётган маб­лағ (22 фоиз) йилига 22 млн. сўм, бир ойга 1 833 333 сўм. Шу пулни фуқаро олган кредитини қайтариш учун тўлайди.

Энди кредит тўловидан омонат учун тўланадиган маблағни айирсак (4 333 333 – 1 833 333 = 2 250 000), биринчи ойда кредитни қайтариш учун тўланадиган сумма 2 250 000 сўм бўлади. Агар банк имтиёзли муддат берса, фуқаронинг молиявий аҳволи янада яхшиланади.

Фуқаро кредит тўловини ўз вақтида жадвал асосида тўлаб борган тақдирда кредит тўлови ва омонат учун берилаётган сумма миқдори тенглашгандан сўнг (тахминан 30-ойга келиб) фуқаро кредит учун ёнидан пул тўламайди. Кредитни омонатга қўйилган маблағ ёпиб келаверади.

Банк томонидан тижорат кредитлари учун фоиз ставкалари туширилса, ушбу кредит тизими янада халқчил бўлиб, фуқароларнинг қўлидаги жамғармаларни омонатга қўйиши кўпаяди, банкка нақд пул тушуми ортади.

Бундай тартиб нима беради:

– фуқарода омонатдаги маблағини сақлаб қолиш учун мотивация пайдо бўлади;

– фуқаро олган кредити учун банкка қў­йилган омонатга тўланаётган фоизни айирган ҳолда кам фоиз тўлайди;

– фуқаро товарга (ёки хизматга) бўлган эҳтиёжини қондиради ва шу билан бирга маб­лағини сақлаб қолади, олган кредитини қайтариб бўлганидан сўнг омонатдаги пулини ўз ихтиёрига кўра ишлатиши мумкин бўлади;

– ипотека кредити бўйича омонатдаги маблағ гаровда тургани сабабли сотиб олинган мулк гаровга қўйилмайди ва фуқаро уни эркин тасарруф қила олади (масалан, совға қилиши, сотиши, мерос қолдириши мумкин);

–   фуқаро ҳеч қандай бюрократик жараён ва ортиқча тўловларсиз битта паспорти ва омонат дафтарчаси билан кредит олади;

  • банк фуқаро кредитни қайтаролмаган тақдирда уни қандай ундирсам экан деган муаммодан қутулади (кредит қайтарилмаса, у омонатдаги маблағ ҳисобидан ундирилади);

– берилган кредит таъминоти ортиқча жараён ва тўловларсиз таъминланган бўлади. Албатта, бундай тартибни асослаш учун битта мақолага сиғдириш қийин бўлган ҳолатлар ҳам бор. Масалан, республикамиз бўйича бир кунда нақд пулга мулк олди-сотдиси, хизматлар учун тўловлар статистикаси ўрганилса, қанча пул банкдан ташқарида айлаётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Мухтасар қилиб айтганда, банклар томонидан шунга ўхшаш кредитлар жорий қилинса, ҳеч ким ютқазмайди деб ўйлайман. Халқимиз бой бўлса, давлатимиз ҳам бой ва қудратли бўлади.