Кредит нақд пулда олиб берилди

12:49 - 29.07.2022

2

Андижон вилояти прокуратураси органларига 2022 йилнинг 4 ойида 11645 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 4448 таси ҳал этилди. 58 таси рад этилган бўлса, 3124 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Ўтган давр мобайнида 1266 та мурожаат қаноатлантирилиб, 1036 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Ҳуқуқбузарликлар юзасидан 7 та протест келтирилиб, 11 та тақдимнома киритилди. 31 та қарор қабул қилиниб, жиддий қонунбузилишлар бўйича 18 та жиноят иши қўзғатилди. Мазкур қарор ва тақдимномалар асосида 8 нафар шахс интизомий, 7 киши маъмурий жавобгарликка тортилиб, етказилган 108,6 млн. сўмлик зарар қопланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят прокуратураси органлари ходимлари томонидан 7817 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинган бўлса, уларнинг 3628 нафарини прокурорлар, 1627 нафарини прокурор ўринбосарлари қабул қилган.

Жумладан, Балиқчи туманида ўтказилган оммавий қабулда фуқаролар Н.Мамадалиева, Ю.Қўчқорова, М.Камолова, З.Ўринова, Н.Ҳамроқулова, Н.Рамадалиева ва М.Йўлчиеванинг ишсизлиги сабаб ўзини ўзи банд қилиш мақсадида имтиёзли кредит асосида тикув машинаси ажратилишини сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал этилиб, ҳар бирига биттадан «Rosew» русумли 3 млн. 800 минг сўмлик автомат тикув машинаси берилди.

Бўстон тумани Деҳқонобод маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда М.Каримова тикувчилик йўналишида 10 млн. сўм нақд пул шаклида кредит олиш истагини билдирганди. Унинг мурожаати ҳал этилди.

Асаки тумани Шўрқишлоқ маҳалласида ўтказилган оммавий қабулда С.Султонқулова, М.Жўраева, Х.Қодиров, Н.Мадолимов ва М.Тошматова иссиқхона қуриш учун кредит сўрашганди. Уларнинг мурожаати ҳам ҳал қилиниб, 20 млн. сўмдан кредит ажратилиши таъминланди. Бундан ташқари, иш сўраб мурожаат қилган Х.Солиев туман «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасига, А.Аҳмадов туман «Автойўл» бўлимига, Н.Келдиева, Н.Исомиддинова, Ш.Қобулова ва Д.Рисқулова эса тумандаги «Малоҳатли чеварлар» масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлаштирилди.