Келин уйига рўйхатга олиниши керак

12:52 - 29.07.2022

0

Бухоро вилояти прокурори секторида бугунги кунда ҳар қандай муаммо билан мурожаат қилган аёлларга ёрдам кўрсатилмоқда.

Яқинда Вобкент туманидаги 1-ҳунар мактабида вилоят прокуратураси 2-сектори штаби, Хотин-қизлар ҳуқуқий-психологик маркази, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва Соғликни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида «Оилада маънавий муҳитни сақлаш ва бу борадаги муаммоларнинг ечими» мавзусида семинар ва тиббий кўрик ўтказилди. 27 нафар аёлга малакали шифокорлар томонидан бепул тиббий хизмат кўрсатилди.

Тадбирда ёш оилаларнинг муаммоларини ечишда бағрикенгликнинг аҳамияти, никоҳ бузилишига олиб келувчи сабаблар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ўтказилган профилактик тадбирлар, қизларни келин бўлиб тушган хонадонига доимий рўйхатга олиш тартиби атрофлича муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, ажрим сабаби фақат оиладаги келишмовчиликлар, учинчи шахснинг аралашуви ёки моддий қийинчилик бўлган ҳолларда муаммони бартараф қилишга қаратилган маслаҳатлар берилиб, ажримларнинг олдини олишга эришилгани таъкидланди.  Ушбу тадбирда вилоят прокуратураси, туман прокуратураси ва туман фуқаролик ишлари бўйича суди ходимлари томонидан сектордаги маҳаллаларда яшовчи элликдан ортиқ аёлга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилди, бешта оила яраштирилди.