Кафилликнинг касофати

14:01 - 29.07.2022

24

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда бирор қариндоши ёки танишининг илтимосига кўра банкдан олинган кредит учун кафил бўлган фуқароларнинг дардли нолалари кўпайди. Маълум бўлишича, банкдан кредит олиб, кейин вақтида тўламаган шахсларнинг қарзи уларга кафил бўлган кишиларнинг зиммасига тушаяпти. Оқибатда, кафил юридик ёки жисмоний шахс бўладими, емаган сомсасига пул тўлаб юришга мажбур бўлмоқда.

Мисол учун Самарқанд вилоятидаги «Муҳаммадҳусайн» МЧЖ раҳбари У.Б. ўзининг танишларига тегишли бўлган масъулияти чекланган жамиятни кафил қилиб, «Қишлоққурилишбанк»нинг вилоят филиалидан кредит олади. У.Б. пулни сарфлаб юборади, лекин уни қайтаришни хаёлига ҳам келтирмайди. Мазкур ҳолат судда кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади. Маблағни мазкур жамиятдан ундириш имконияти бўлмагани учун ундирув кафилга қаратилади. Хуллас, танишининг илтимосини рад этолмай, кафил бўлган фуқаро С.Ю.га тегишли «Stahel hydrotech» МЧЖдан банкка 661 млн. 546 минг сўм унидириладиган бўлди. Оқибатда кафилнинг иккита юк машинаси хатланди. Энди кафил қарзни тўламаса, автомобиллар аукционга чиқарилади.

Яна бир ҳолат: Яшнабод туманида яшовчи А.Жамолов ҳам дўсти учун кафил бўлиб, оқибатда дўконидан ажралиши мумкин. Бу фуқаронинг дўсти «Ипак йўли» банкнинг Мирзо Улуғбек филиалидан 131 млн. сўм кредит олганида А.Жамолов қарзнинг қайтарилишига кафил бўлган. Буни қарангки, дўсти қарзни қайтаришга келганда елка қисишдан нарига ўтмади. Ҳатто пичоққа илинадиган бирорта мулки ҳам йўқ экан. Бу ҳолатда ҳам кафил балога қолди. Суднинг қарори билан кредит кафилдан ундириладиган бўлди. МИБ А.Жамоловга қарзни тўлаши учун муддат берди, аммо у емаган сомсасига пул тўлагиси келмаганидан сўнг унинг дўкони хатлаб қўйилди. Энди дўконни аукционда сотиш чораси кўрилаяпти.

Бундай воқеаларга гувоҳ бўлганлар кафилга нисбатан нохақлик бўлаяпти деган ўйга боришлари мумкин. Аммо кафиллик ўйинчоқ ўйнаш дегани эмас, унинг ҳам қонун билан белгиланган мажбуриятлари бор. Қуйида шулар ҳақида фикр юритамиз.

Кафил ким?

Кафил – кафиллик шартномаси бўйича бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олувчи шахс (Фуқаролик кодексининг 292-моддаси).

Қарздор кредит бўйича мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб беради, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

Таъкидлаш лозимки, амалиётда кўп ҳолларда кредит ташкилотлари ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда кредит бўйича учинчи шахсларнинг кафиллиги юзасидан тузиладиган шартномаларда кафилнинг кредит ташкилоти олдида солидар жавобгарлигини белгилаб қўяди.

Маълумот учун: Солидар жавобгарлик – кредитор мажбуриятларнинг ижро этилишини қарздорлардан (қарз олувчи ва кафилдан) биргаликда ёки уларнинг исталган биридан талаб қилишга ҳақли бўлишидир. Солидар қарздорларнинг биридан тўлиқ қаноатланмаган кредитор ололмаган нарсасини бошқасидан талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда кафил ва қарздор кредит ташкилоти олдида солидар жавобгар бўлган ҳолатда кредит олувчи кредитнинг асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизни тўламаса ёки тўлиқ тўламаса, кредит ташкилоти уларни тўлашни кафилдан талаб қилади.

Ёдда тутинг!

Кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар жавоб беради. Жумладан кафил кредит ташкилотига қарздорнинг ўз вақтида тўланмаган кредитининг асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизни тўлашдан ташқари, ушбу кредитни қайтариш билан боғлиқ суд харажатларини ва қарздор ўз мажбуриятини бажармагани ёки лозим даражада бажармагани туфайли кредиторга етказилган бошқа зарарларни ҳам тўлайди.

Шунинг учун фуқароларга кредит бўйича кафил бўлишдан олдин ўзининг ва қарздорнинг молиявий ҳолатини батафсил таҳлил қилиш ҳамда кафил бўлишнинг ижобий ва салбий тарафларини солиштириб хулосага келиш тавсия этилади.

Ўз имкониятини таҳлил қилмасдан, қарз олувчи танишининг кредитни тўлиқ ўзи тўлаши ҳақидаги ваъдасига ишонган ҳолда кредит бўйича кафил бўлган фуқаролар, яъни кафиллар келгусида қуйидаги хатар ва муаммоларга дуч келиши мумкин:

– қарздор кредитни ўз вақтида қайтармаганда уни кафил қайтаришга мажбур бўлади;

– кредит ўз вақтида қайтарилмаганда кафилнинг кредит тарихи ҳисоботида муддати ўтган қарздорлик бўйича маълумот пайдо бўлади ва бу ҳолат келгусида кредит олиш бўйича кафилнинг кредитга лаёқатлилик кўрсаткичига салбий таъсир кўрсатади;

– бировга кафил бўлиш келгусида шахснинг ўзи кредит олиш учун банк ёки бошқа кредит ташкилотига мурожаат қилганда унинг молиявий имкониятини пасайтириши мумкин, яъни унга ажратиладиган кредит суммасининг камайтирилиши ё умуман кредит ажратилмаслигига сабаб бўлади;

– ўзи хоҳламаган ҳолда турли процессуал жараёнларда (суд, Мажбурий ижро бюроси, нотариус ва ҳ.) жавобгар сифатида қатнашишига тўғри келади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, кредит бўйича бировга кафил бўлишдан олдин фуқаролар қуйидагиларга риоя қилишлари керак:

кредит бўйича кафил бўлишдан олдин фуқаролар ўзининг молиявий ҳолати ҳамда режаларига кафил бўлиш қай даражада таъсир кўрсатиши мумкинлигини батафсил таҳлил қилиши зарур;

кредит бўйича кафилликка рози бўлганда, кредит ва кафиллик шартномаси бандлари билан тўлиқ танишиб чиқиши, тушунмаган шартларини банк ходимидан сўраши ҳамда шартномалардан бир нусхасини сақлаб қўйиш учун банкдан олиши лозим;

ҳеч қачон бўш қоғозга имзо чекмаслик керак, аксинча ўзи имзолаётган кафиллик шартномаси ёки кредит шартномасининг ҳар бир варағига имзо қўйиши кейинчалик ўзига асқотади.

 Кафил бўлаётган фуқаролар кредитнинг барча шартлари (муддати, фоиз ставкаси, пеня ва бошқа тўловлар) билан батафсил танишиб чиқиши, шунингдек, ҳар ойлик кредит тўлови қарз олувчининг ойлик даромадининг ярмидан ошмаслигига ишонч ҳосил қилиши лозим. Бунда унинг ойлик харажати ҳам ҳисобга олиниши керак. Хуллас, қарздор кейинчалик уни молиявий жиҳатдан қийин аҳволга солиб қўймаслигига амин бўлиши шарт.

Кафилнинг ҳуқуқлари борми?

Кредит бўйича кафил Фуқаролик кодексининг 294-297-моддаларига асосан қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– кафил кредиторнинг талабига қарши қарздор билдириши мумкин бўлган ҳамма эътирозларни қўйишга ҳақли. Ҳатто қарздор ўз эътирозларидан воз кечган ёки ўз мажбуриятини тан олган тақдирда ҳам кафил ушбу эътирозларга бўлган ҳуқуқини йўқотмайди;

– агар кафилга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса, у қарздорни ишда иштирок этиш учун жалб қилиши шарт. Акс ҳолда қарздор кредиторга қарши ўзининг барча эътирозларини кафилнинг қарши талабига қарама-қарши қўйиш ҳуқуқига эга;

– кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажарган қарздор бу ҳақда кафилни дарҳол хабардор қилиши шарт;

– кафил мажбуриятни бажарганидан кейин кредитор қарздорга бўлган талабни тасдиқловчи ҳужжатларни кафилга топшириши ва бу талабни таъминлайдиган ҳуқуқларни бериши шарт;

– агар қонунда ёки кафилнинг қарздор билан шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли;

– агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил қарздорга кўрсатган хизматлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Қарз кафилнинг гарданига тушса…

Миллатимизга хос бўлган юзхотирчилик, андиша туфайли яқинларимизнинг илтимосига йўқ дея олмаймиз. Лекин сиз бу ишни қилишдан аввал етти ўлчаб бир кесинг. Кафилликка рози бўлсангиз, бунинг учун ўша одамнинг бирорта мулкини нотариал идора орқали хатлаб қўйинг. Шундай қилсангиз, қарздор учун тўланган ҳар бир сўмни унинг мулкидан талаб қилишга ҳақли бўласиз.

Ҳозир банклар кредит қайтарилмаслиги эҳтимолини суғурталамоқда. Бу эса сизнинг жонингизга ора кириши мумкин. Фақатгина буни шартномада акс эттириш керак. Хулоса қиладиган бўлсак, ҳозир содда фуқароларимиз нафақат кредит олувчига кафил бўлмоқда, ҳатто ўз номига кредит ҳам расмийлаштириб беришмоқда. Шунингдек, бўлиб тўлаш шарти билан турли техникалар савдоси билан шуғулланувчи фирма ва дўконлардан ҳам номларига буюм олиб, уни танишига бериб юборишмоқда. Улар инсофли бўлса гап йўқ, инсофсиз бўлса бошингизга ташвиш орттирган бўласиз. Тўғри, бировнинг номига кредит олаётганларнинг ҳаммаси ҳам муттаҳам эмас. Аммо беш қўл баробар эмас дейишганидек одамларни чув тушириб кетаётганлар ҳам учраб турибди. Бировга яхшилик қиламан деб ўзингиз қийналиб қолишингиз мумкинлигини эсингиздан чиқарманг.