Ишлар чала, чўнтак тўла

14:14 - 29.07.2022

3

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш умрни узайтиради. Ҳамма юмушимизни техникалар бажараётган, инсоният қора меҳнатдан узоқлашиб бораётган айни дамларда олимлар, шифокорлар велосипед ҳайдаш ва кунига камида уч километр пиёда юриш кераклигини таъкидлашади.

Кечки пайт йўлакда гурунглашиб юришнинг ўзига яраша гашти бор. Қолаверса, велосипед ҳайдашни истаганлар учун махсус йўлаклар қурилган. Аммо, очиқ айтиш керак, юртимизнинг ҳамма жойида ҳам бундай қулайлик яратилмаган. Баъзан халқ фаровонлиги учун ажратилаётган пул жойига етиб бормасдан йўқ бўлиб кетмоқда. Минглаб одамларнинг ҳаётига мазмун киритиши керак бўлган маблағ уч-тўрт амалдорнинг қўйни-ю қўнжига тўкилмоқда. Энг ёмони, бундай ебтўймасларнинг касрига эзгу ишлар чала қолаяпти.

Андижон вилоятида туғилган 44 ёшли Жасурбек Тожибоев ўрта маълумотли, оилали, уч фарзанднинг отаси. Илгари судланган. Ж.Тожибоев 2019 йил 24 июлдан «Future Construction 1» МЧЖ раҳбари бўлиб ишлаб келган. Корхонаси қурилиш-таъмирлаш, реконструкция ишларини бажарарди. Бюджетдан аҳолини сув билан таъминлашга, йўл қурилишига, канализацияни реконструкция қилишга миллиардлаб пул ажратилишини кўриб, нафси бузилди. Бир қанча шахслар билан бюджет маблағини талон-торож қилиш борасида жиноий тил бириктирди.

Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан ўтган Паркент-Тошкент канализация коллекторини реконструкция қилиш бўйича бош пудратчи «Тошкент сув таъминоти» МЧЖ раҳбари билан 13 млрд. 380 млн. сўмлик пудрат шартномасини имзолади. Яна 780 млн. 231 минг 579 сўмлик қўшимча иш бажариш бўйича келишувга эришган бўлса-да, ишни тўлиқ бажармади. Объектда узунлиги 3617 метр, диаметри 800 мм бўлган коллекторни тўлиқ тозаланмасдан, қазиш, ташиш, ер ости сувини насос ёрдамида тортиб чиқариш каби қатор ишларни тўлиқ бажармасдан 2 млрд. сўмдан зиёд пулни талон-торож қилди.

Бундан ташқари, Ж.Тожибоев иш тўлиқ бажарилгани ҳақида сохта маълумот бериб, ҳужжатларни қалбакилаштирди. Қалбаки ҳужжатларни бош пудратчига тақдим этди. Бош пудратчи орқали буюртмачидан жами 12 млрд. 747 млн. 488 минг сўм пулни жамиятнинг ҳисобрақамига ўтказишга эришди. Жиноий шериклари билан бирга давлатнинг 2 млрд. 729 млн. 357 минг 588 сўм пулини еб юборди.

Шунингдек, Ж.Тожибоев Бўкада ҳам туман марказида сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш, Ибрат, Бешкапа, Яхшибойтепа маҳаллаларини сув билан таъминлашни зиммасига олди. «Сув келтирган элда азиз» дейишади. Аммо Ж.Тожибоев бу ерда ҳам нафси бузуқ кишилар билан тил бириктириб, умуман бажарилмаган ишлар учун миллиардлаб пулни жиғилдонига урди.

Чирчиқ, Ангрен шаҳарлари, Янгийўл туманида ҳам шу тариқа давлатнинг миллиардлаб сўм пули ўмарилди.

Ж.Тожибоев давлатга солиқ тўлашдан ҳам бўйин товлади. Солиқ кодекснинг 223-моддаси талабига зид равишда «Future construction 1» МЧЖнинг 2020 йилда амалга оширган ишлари юзасидан топширган ҳисоботида солиқ солинадиган ялпи тушумини камайтириб кўрсатиб, 87 млн. 469 минг 940 сўмлик қўшилган қиймат солиғини тўламади.

Суд мажлисида Ж.Тожибоев айбига иқрор бўлди, аммо ишонувчанлиги ўзига панд берганини айтди. Жамиятга раҳбар сифатида фақат ҳужжатларга имзо қўйиб келгани, объектларда иш жараёнларини назорат қилиб боргани, унга жамият таъсисчиси ва норасмий раҳбари берган топшириқ ва кўрсатмаларга амал қилганини афсус билан таъкидлади. Суд ишни ҳар томонлама кўриб чиқди ва Ж.Тожибоевга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва жарима жазоси тайинлади.