400 АҚШ ДОЛЛАРИ «ФАОЛИЯТИ»ГА НУҚТА ҚЎЙДИ

11:25 - 29.07.2022

4

Спортчиларни қўллаб-қувватлаши лозим бўлган масъул кишининг қинғир ишларини эшитганда нима дейиш мумкин?

Ҳотам Облобердиев 2021 йил 4 февралдан 23 августга қадар Бухоро вилоят Пешку тумани 2-болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори лавозимида ишлаган. Мансаб қурсин. У қинғирликка мойил одамни айнитади. Ҳотам Облобердиев ҳам лавозимини суиистеъмол қилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-қарори билан тасдиқланган низом талабларини бузди. Мусобақаларда қатнашмаган ўқитувчи-мураббийлар Б.Бобоевага 5 млн. сўм, Н.Сафаровага 7 млн. 500 минг сўм, О.Эсановага 5 млн. 025 минг сўм, мураббий  Ф.Ражабовга мактаб ўқувчилари рўйхатида бўлмаган М.Ражабов, А.Исломовларнинг харажати учун асоссиз равишда 1 млн. 042 минг 600 сўм пул тўлаб бериб, давлатнинг 18 млн. 567 минг 600 сўм пулини талон-торож қилди.

Ноқонуний ишга анча қўли келишиб қолган директор жиноий ҳаракатларини давом эттирди. Меҳнат таътилида бўлган К.Тўхтаевга 1 млн. 346 минг 200 сўм, К.Қутлиевага 863 500 сўм, Б.Фаттоевга 335 500 сўм, А.Адизовга 467 000 сўм, С.Адизовга 95800 сўм, М.Бобоқуловга 539 200 сўм иш ҳақи ҳисоблаб олиб, кимларгадир давлат бюджети ҳисобидан «саховат» кўрсатиб, ихтиёридаги 10 млн. 760 минг 100 сўм бюджет маблағини растрата қилган.

Бундан ташқари, Ҳ.Облобердиев 2021 йил 21 август куни мактаб мураббийи Мобегим Ғафурованинг Наманган ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган кураш мусобақасида иштироки учун тўланиши лозим бўлган 12 млн. сўм пулни бериш эвазига 400 доллар пора талаб қилганига нима дейсиз?

2021 йил 22 август куни Пешку тумани Шавгон қишлоғида М.Ғафуровадан кимёвий ишлов берилган 400 АҚШ долларини олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди. Ҳотам Облобердиевга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.