ТУЗОҚҚА ТУШГАН МАЖНУН

11:32 - 26.07.2022

24

Муҳаббатнинг кўзи эмас, ақли кўр экан

Аёл уйнинг фариштаси дейишади. Аммо шундайлар ҳам борки, уларнинг иблисдан фарқи йўқ. Оналик шаънига лойиқ бўлиш, жондан азиз фарзандларининг келажагига нурли замин ҳозирлаш ўрнига уларнинг ҳаётини остин-устун қилиб юбориш учун одам қай даражада тубанлашиши керак? Фарзандидан ҳам ёш одам билан ишқий муносабат қуриш, жуфти ҳалолини ўлдириш одам боласига хос эмас. Бундай кимсаларни елкасида кўтариб юрганига она замин ҳам оғринса керак…

2022 йилнинг 26 январида жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Жалақудуқ тумани судида бир жиноий иш кўриб чиқилди.

«Устозингиз бўлсам дейман…»

Ёшлар орасида, очиғи, такасалтанглар кўп. Айниқса телефонидан ажралишни ўлимдан оғирроқ қабул қиладиганлар ҳар ерда топилади. Уларга «тил ўрган» деб кўринг. «Нима кераги бор, ахир “любой” тилни ўзбекчага ўгириб берадиган программалар чиққан» деб оғзингизга уради. «Ҳунар эгалласанг-чи, эрта-бир кун ўзингга асқотади!» десангиз, «Қайси ҳунарни хоҳласам, “гугл”дан топиб билиб олавераман» дейди. Афсуски, олтиндан қиммат вақтини бемаъни нарсаларга сарфлаётганини, умрини шамолга совураётганини бундайлар англаб етмайди. Абдулборига ўхшаб 22 ёшида энг тубан ишларга аралашиб, қўлини қонга булаганларнинг эса умр аталмиш бебаҳо неъматни арзон ҳисларга қурбон қилганини англаб олиши учун 18 йиллик қамоқ етарлича фурсат бўлса керак…

…Ўша пайтлар Абдулбори «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали Мунира исмли қиз билан ёзишиб юрди. Қиз мўмин-қобилгина, бунинг устига, исломий билимларга эга эди, йигитга бу борада айрим мавзуларни ўргатди ҳам. Аммо кунларнинг бирида Мунира илмини ошириш учун Саудия Арабистонига ўқишга кетаётганини айтиб Абдулбори билан хайрлашди. Ҳар ким ўз йўлидан кетди, ҳаёт ҳам бир текисда давом этаётган эди. Орадан олти ой ўтгач, Абдулборига номаълум рақамдан телефон бўлди-ю айнан шу кундан бошлаб йигирмадан энди ошган йигитнинг ҳаёти бутунлай бошқа ўзанга бурилиб кетди.

Қўнғироқдек овозли бир аёл ўзини «Муниранинг холаси Муқаддасхонман» деб таништиргач, йигитнинг таълими чала қолгани, унга бундан буёғига ўзи билим бермоқчи эканини айтди.

– Сизга устозлик қилсам дейман. Ахир савоб ҳам керак-ку. Ёшингиз менинг ўғлимдан ҳам кичик экан, бу ҳақда онангиз билан ҳам гаплашмоқчи эдим, телефонни унга беринг, илтимос…

Эзгу таклифдан ҳанг-манг бўлиб қолган йигит Муқаддасхонни онаси билан ҳам гаплаштирди. Аммо аёлнинг ҳақиқий исми мутлақо бошқача, нияти ҳам нохолис эди.

Аёл – Тоштемирова Наргизахон Ҳасанбой қизи 1977 йил 3 ноябрда Андижон вилояти Бўз туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, оилали, иккита фарзанди бор, қуда-андали. Абдулборининг онасига беғараз илм ўргатиш таклифини айтганида ҳам бу унинг аввалдан ўйлаган режаси бўлиши эҳтимолга яқинроқ. Ачинарлиси, диний таълим ҳақидаги таклифга она ҳам ўйлаб ўтирмай шартта кўнади, ҳатто «Сизнинг диний саводингиз қай даражада?», «Қайси даргоҳда таҳсил олгансиз?» деган саволларни ҳам бермайди…

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда қизиқувчилар диний муассасаларда билим олиш имконига эга. Ҳар бир маҳалланинг ўз масжиди фаолият кўрсатаяпти. Хусусий тартибда диний таълим бериш эса тақиқланган. Шундай бўлса-да, кейинги пайтларда ҳеч қандай диний таълимга эга бўлмасдан диний сабоқ бераётганлар учрамоқда. Соддаликданми, ҳуқуқий билимсизлик туфайлими диний билимга эга бўлмаган фуқароларнинг этагини тутаётганлар оз эмас. Аслида маърифатдан йироқлик, маънавиятсизлик одамларни тўғри йўлдан адаштирмайдими? Абдулборининг онаси бу борада огоҳ бўлганида, боласига тўғри йўл кўрсатганида бу кулфатлар боласининг бошига тушмасди.

«Ахир бу гуноҳ-ку!»

…Муқаддасхон сўзида турадиган аёл экан, эртасигаёқ Шаҳрихондан туриб, Жалақудуқ туманидаги шогирдига китоб бериб юборди. Таълим олиш онлайн шаклда бошланиб кетди. Орадан вақт ўтгани сари аёл қалбини «ўзгача» туйғулар чулғай бошлади. Масофалар яқин бўлганида-ку, дарров учрашиб, шогирдига севгисини изҳор қиларди. Аммо масофадан ташқари, Абдулборининг ҳали «ўн гулидан бир гули очилмагани», яъни уйланмагани, илмоқли гапларини тушунмагани ҳамда ишқий муносабатларга унча рўйхушлик бермаётгани аёлни озгина хафа қиларди. Охири тоқати тоқ бўлиб, «Эртагаёқ Шаҳрихонга етиб келинг!» деб буюрди.

Шогирд устозининг амрини қайтаролмай, айтилган жойга борди. «Мароқанд» кафесида учрашиб, тамадди қилиб олишди.

– Хўш, энди нима қиламиз? – нозланиб сўради аёл.

– Мана бу ҳарфда қолгандик, сўзларни қўшиб ёзишни ўрганиб келдим. Диктант ёздиришингиз мумкин!

Шогирд одатда дарсларга пухта тайёрланса, устоздан мақтов эшитади, негадир Муқаддасхондан яхши гап чиқмади. Қошлари чимирилиб, совуққина хайрлашди. Эссиз шунча ясан-тусан, пардоз-андоз… Лоақал аёлнинг юзига яхшироқ тикилмадиям…

Йигит Жалақудуққа етиб келгунга қадар устозининг асабийлигини унутолмади. Уйига келиб телеграмини очганидан сўнг ҳаммасини тушунди: устози уни ҳеч ким билмайдиган учрашувга чорлаётган, муҳаббат оташида бирга ёнишни таклиф қилаётган экан. Абдулбори дастлаб чўчиб тушди: «Бу гуноҳ-ку, онам тенги аёл бўлса, қандай қилиб ахир у билан…».

Йўқ, йигит бу борада адашибди. Илк учрашув ёмон ўтмади. Тўғри, билмаганлари кўп экан, устози ҳаммасини ўргатиб турди…

«Сени ёлғизлатиб қўймайман…»

Қизини узатиб неварали бўлган Наргиза ишқ-муҳаббат бобида ҳаддидан ошгандан ошаверди. Андижон шаҳрида соатбай пул тўланадиган хонадонлардаги ҳафтада бир ёки икки мартадан юз берадиган пинҳоний учрашувларда аёл бор маҳоратини ишга солиб Абдулборини ўзига маҳлиё қиларди. Вазият шу даражага етдики, Абдулбори ҳаётдаги ҳамма нарсани унутди, унинг учун фақат Наргиза бор эди холос.

Наргиза шогирдининг «пишгани»га амин бўлгач, аста-секин мақсадга кўча бошлади. Энди у нуқул эрини – «яхши инсон», «яхши ака», «яхши ота», «яхши дўст» бўлиб атрофидаги кишиларнинг ҳурматини қозонган Иқболжонни ёмонлай бошлади. «У мени шунчалар азоблайдики, одам боласи чидолмайди, гоҳ ўз-ўзидан дўппослаб кетса, гоҳида… жинсий истакларини пасткашларча қондиришга мени мажбурлайди. Мен шунинг учун сендан нажот топдим, ахир мен ҳам аёлман, севилиб яшасам, меҳрга тўйсам дейман…».

Абдулбори олдин устози бўлган севгилисига жуда ачинар, «Ажрашгин-да қутул, мен сени асло ёлғиз ташлаб қўймайман» деб қасам ичарди. Аммо Наргиза эри у билан ҳеч қачон ажрашмаслигини айтиб қон йиғларди. «Бир куни мени ўлдирса керак» дерди ёш ошиғига мунгли тикилганча. Мажнунга айланган Абдулбори ўзидан 22 ёш катта Лайлиси учун ҳар нарсага тайёр эди.

Шундай кунларнинг бирида кечаси Наргиза Абдулборига телефон қилиб, эри уни яна азоблаётганини, ҳозироқ етиб келмаса ўлдириб қўйишини айтди. Йигит уни бу жаҳаннамдан қутқаришини айтиб тинчлантирди. Сўнг Наргиза севгилисига бир режаси борлигини билдирди: «Аввало кучли психотроп дори топасан, кейин арқон, калтак, қўлқоп тайёрла. Айтганча, бир ишончли дўст топ. Унинг ҳам машинаси бўлсин».

Абдулбори айтилган ҳамма нарсани муҳайё қилди. Дўст масаласида эса таксичилик қилиб юрган таниши Ҳаётбек анча оғзига маҳкам кўриниб, унга қўнғироқ қилди ва Шаҳрихонга обориб келишини, хизмат ҳақидан қайғурмаслигини айтди. Киракашлик қилаётганига кўп бўлмаган 20 ёшли Ҳаётбек кечқурунги мижозлардан озгина кўпроқ пул оларди. Шу боис дарров кўнди. Ҳаётбек ўзининг билиб-билмасдан жирканч ишга, қотилликка шерик бўлаётганидан бехабар Жалақудуқдан Шаҳрихон сари машинасида елиб борарди.

«Ким деган одам бўлдик?!»

Хуллас, Наргизанинг ўйлаганлари амалга ошди. Жуфти ҳалолини аввало кучли психотроп дори таъсирида ухлатиб, сўнг ожиз аҳволда эканидан фойдаланиб, ўйнаши билан бирга уни ваҳшийларча ўлдирди. Аввалига психотроп модданинг қолганини шприц орқали Иқболжоннинг томирига юбориб, тинчитишмоқчи эди, аммо унинг уйғониб қолгани ишни расво қилди. Абдулбори шошганидан пичоқни олиб, оёқ-қўли боғлиқ типирчилаётган, кўзлари билан «мени ўлдирманглар» деётган Иқболжонни киприк қоқмай чавақлаб ташлади. Сўнг йигит нима қилиб қўйганини англаб, даҳшатга тушди. Кўзидаги қўрқувни кўриб, Наргиза уни яна ваҳимага солди: «Ғиринг десанг ўласан. Акахонларим бор, бир кечада каллангни узиб кетишади!». Абдулбори сирни очмасликка сўз берди. Ўликнинг икки қўлидан судраб ҳовлидан кўчага, машина ёнига чиқаришди. Ҳаётбек уларни кўриб қўрқиб кетди ва у ҳам дастлаб бу жиноят ҳақида ички ишлар органига хабар беришини айтди. Аммо Наргизанинг каллакесар акахонлари ҳақида эшитгач, Ҳаётбек ҳам мум тишлади. Аёл макри олдида ожиз қолган икки ғўр йигит мурдани Жалақудуқдан оқиб ўтган Шаҳрихонсойга ташлашди. Наргиза уларга 100 АҚШ доллари ва 500 минг сўм пул бергач, «Энди икковинг ҳам Қирғизистонга чиқиб кетинглар!» деб буюрди.

Ўша куни қотиллик бўлган уйда Наргизанинг ўғли ҳам бор эди. Нега у бу ишга тўсқинлик қилмабди, отасини қутқармабди дерсиз. Не ажабки, ёвуз ниятли хотин кучли психотроп моддадан ўғлига ҳам ичирган, отаси қийналиб жон таслим қилаётганида, эҳтимол, уни ёрдамга чақираётганида 22 ёшли ўғил донг қотиб ухлаб ётарди…

Суд ишни кўриб чиқди, воқеага оид бирор далил, бирор вазият кўздан қочирилмади. Якунда ҳамма қилмишига яраша жазо олди. Абдулбори 18 йилга, Наргиза 13 йилу тўрт ойга, Ҳаётбек тўрт йилга кесилди. …Булар-ку қилмишига яраша жазоланди. Аммо Иқболжоннинг икки фарзанди ҳам туғилиб ўсган юртини тарк этди. «Энди бу ерларда қандай яшаймиз? Ким деган одам бўлдик?!» деган иснод билан олис-олисларга кўчиб кетишди. Қотиллик содир бўлган уй эса Гулзор кўчасининг ҳуснига тиканакдек бўлиб ҳувиллаб турибди…