ТУЗНИ НЕГА ЙОДЛАЙДИЛАР?

10:14 - 18.07.2022

22

Ўтган ҳафта Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган  брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ахборот хизмати май ойининг ўзида 50 тоннадан ортиқ ош тузи сифатсизлиги учун савдодан олиб ташланганини маълум қилди.

Маълумотда айтилишича, май ойида 7 та корхонада ўтказилган текширишда ишлаб чиқарилиб, савдога чиқарилаётган тузнинг 27,2 фоизи белгиланган стандартга жавоб бермаган. Натижада Зангиота тумани «Покиза туз савдо» МЧЖдан 2 тонна, Шеробод туманидаги «Чорбоғ баракали туз» МЧЖдан 15,5 тонна, «Улуғбек Жовлиев» оилавий корхонасидан 10 тонна, Олмазор туманидаги «Татли туз» МЧЖдан 2 тонна, «Eko cristal» МЧЖдан 7 тонна ва Юнусобод туманидаги «Тiger trade» МЧЖдан 4,1 тонна, жами 50,6 тонна тузнинг сотувига чек қўйилган. Маҳсулотларни йод билан бойитиш учун корхоналарга жўнатишга буйруқ берилган.

Савол туғилади: халқни алдаб, сифатсиз туз ишлаб чиқараётган тадбиркорларга чора кўриладими ёки улар яна ҳеч нарса бўлмагандай ишлашда давом этадими? 

Маълумотда айтилишича, 7 нафар мансабдорга тегишли ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун судга тақдим этилган.

Брифингда СЭС вакили, шунингдек, ўтган йили мутахассислар Фарғона водийсидаги мактаб ўқувчилари ўртасида селектив тадқиқот ўтказган ва текширилган болаларнинг 30 фоизида йод танқислиги аниқланганини айтди. Минтақада истеъмол қилинадиган тузни ўрганиш давомида унинг таркибида 10-53,3 фоизгача йод етарли эмаслиги аниқланган.

Эсингизда бўлса, 1990-йиллар ва асримизнинг бошларида юртимизда йод танқислиги билан боғлиқ касалликлар кўпайиб кетган ва бу муаммо соғлиқни сақлаш тизимини жиддий хавотирга солган эди. 2007 йилда «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унда бозорни йодланган туз ва озиқ-овқатлар билан тўлдиришга қаратилган иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чораларни амалга ошириш, йодланган туз ва озиқ-овқатларнинг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитини назорат қилиш, бундай маҳсулотлар ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, давлат стандартларини тасдиқлаш каби вазифалар белгиланган эди. 2015 йилда қонунга киритилган қўшимчалар билан йодланмаган тузни ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланди. Ушбу қонун қабул қилинаётган вақтда ҳам мамлакатда аҳолининг 40 фоизи йод танқислигидан азият чекаётган эди. Йодланган туз «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги қонун асосида ишлаб чиқарилади. Давлат стандартида ош тузи таркибида йод миқдори тоннасига 40 грамм бўлиши белгилаб қўйилган.

Яна савол туғилади: йодланган туз ва озиқ-овқатлар ўзи нима учун керак? Умуман, туз нега йодланади?

Йод – инсон организмининг меъёрий фаолияти учун лозим бўлган элемент. У табиий равишда фақат маълум иқлимда, кўпинча денгизга яқин минтақаларда ҳосил бўлади. Таассуфки, биз денгизлардан жуда олисдамиз. Ўзбекистонликларнинг аксарияти умри давомида денгизни кўрмайди. Албатта, йод танқислиги фақат шу омилга боғлиқ эмас.

Йод кам миқдорда учрайдиган ҳудудларда одамларнинг бу моддага эҳтиёжини етарли даражада қоплаш учун қўшимча чоралар кўриш талаб этилади.

– Йод танқислиги ақлий заифликнинг асосий омилидир, – дейди Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Нодира Алихонова. – Маълумотларга кўра ҳар йили дунёда 38 миллионга яқин бола йод танқислиги хавфи билан туғилади. Қолаверса, бу модда етишмаслиги қалқонсимон без ва овқат ҳазм қилиш органлари билан боғлиқ турли касалликларни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, соч тўкилиши, тери қуруқлашуви, уйқучанлик, чарчоқ ҳам организмда йод тақчиллиги аломатларидандир. Шу сабабли бу каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида дунёда ош тузини йодлаш амалиётидан кенг фойдаланилади.

Организм учун керакли бўлган йодни денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш билан олиш мумкин. Бизнинг диёримизда бундай неъматлар сероб бўлмагани сабабли тузни йодлашга эҳтиёж туғилади.

Тузнинг асосий таркибий қисми натрий бўлиб, у қон айланиши ва қон босимини бошқариш, асаб тизими ҳамда мушаклар орасидаги узвий алоқани таъминлаш вазифасини бажаради. Унинг иккинчи элементи бўлган хлор эса овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.

Маълумот учун: сифатли ош тузининг қадоғида ишлаб чиқарган ташкилотнинг номи, товар белгиси, маҳсулот номи, унинг нави ва янчилиш даражаси, ишлаб чиқарилган санаси, норматив ҳужжат номи, яроқлилик муддати, йодлаш қўшимчаси номи ҳамда йод улуши каби бир қанча маълумотлар акс этган бўлиши керак.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги организмдаги моддалар алмашинувини нормаллаштириш учун кунига бир қошиқча – 5 грамм туз истеъмол қилишни тавсия этади. Қолаверса, у йод танқислиги касаллигининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Ош тузининг сақланиш ҳарорати 28 даражадан ошмаслиги лозим. Қотиб қолган, нам тортган, бегона ҳидга эга бўлган, яроқлилик муддати ўтган, қадоғи бузилган тузнинг фойдали хусусиятлари йўқолган бўлади. Бундай маҳсулотларни истеъмол қилмаслик лозим.

Фазилат Ёдгорова,

«Huquq»