Барчаси инсон қадри учун

10:01 - 05.07.2022

33

Сурхондарё вилояти прокуратураси органлари 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича бир қатор ишларни амалга оширди.

Асосий эътибор фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиб, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилди. Хусусан, 2-сектор раҳбарлари фуқаролар билан 188 марта сайёр қабул ўтказди, уларда тингланган 1397 та мурожаатнинг 966 таси қаноатлантирилди.

Маҳаллаларга чиқиб аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасига кўра ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2-сектор режасига туман-шаҳар даражасидаги 257 та, вилоят даражасидаги 35 та масала киритилиб, алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорликда барчасини ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, 226 та эски трансформатор таъмирланди, 32 та янги трансформатор, 696 та электр устуни ўрнатилди, 90 км. масофадаги электр тармоғи ва 182 та кўча чироғи янгиланди.

Аҳолининг таъминотини яхшилаш мақсадида 16,4 км. сув қувури, 63 та насос, 31 та сув минораси таъмирланди, 1,2 км. канализация қувури тозаланди, 33 км. сув тармоғи янгидан тортилди. Шунингдек, 22,4 км. газ қувури, 121 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 349 та хонадонга газ балонлари етказиб берилди. 94 та маҳалладаги 15 км. йўлга асфальт ётқизилиб, 217 км. йўлга шағал тўкилди. Натижада аҳолининг яшаш шароити яхшиланди. Хусусан, Шўрчи тумани Дўстлик маҳалласи фуқароларининг 2017 йилда қазилган қудуғини таъмирлашда ёрдам сўраб йўллаган мурожаати ўрганилди. Сектор раҳбарининг ташаббуси билан сахий юртдошларимизнинг 90 млн. сўм маблағи ҳисобига янги қудуқ қазилиб, 232 метр чуқурликдан сув чиқарилди ва 250 та хонадонда яшовчи 1136 киши тоза сув билан таъминланди.

Ўзбекистон Президенти раислигида 2022 йилнинг 31 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган зарбдор ойлик доирасидаги вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тизимли ишлар қилинди. Хусусан, 1141 кишининг бандлиги таъминланди. Ишга жойлаштирилган фуқароларнинг 101 нафари «темир дафтар», 511 таси «ёшлар дафтари», 194 нафари эса «аёллар дафтари»га киритилган.

Сектор раҳбарлари, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 169 та спорт мусобақаси ўтказилди.

Туман-шаҳар марказларидан олис ҳудудларда 84 марта кўчма ярмарка ташкил этилиб, 94,4 тонна озиқ-овқат арзонлаштирилган нархларда аҳолига етказиб берилди. Масалан, Денов тумани марказидан 65 км. узоқда жойлашган Пожур, 40-45 км. узоқдаги Гулобод ва Минор маҳаллаларида ярмарка ташкил этилиб, аҳолига 2,4 тонна озиқ-овқат арзон нархларда сотилди.

Вилоятда 16 та деҳқон бозори бор, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш борасида 154 марта назорат тадбири ва 225 марта тарғибот ўтказилди. Шунингдек, тадбир давомида тадбиркорларнинг инвестиция лойиҳалари, экспортчи ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарлари иштирокида 82 марта учрашув ўтказилиб, 63 нафарининг муаммоси ҳал этилди.

2-сектор раҳбарларининг ташаббуси ва кўмаги билан биринчи чоракда 7 та маҳалла биноси давлат хусусий-шерикчилик асосида 2,2 млрд. сўм маблағ ҳисобига янгидан қурилди.

Ҳозир туман ва шаҳар прокурорларининг ташаббуси билан 15 та ижтимоий аҳволи оғир фуқаронинг уйи, 17 та маҳалла, 4 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 2 та тиббиёт муассасаси бинолари таъмирланаяпти. Хусусан, камбағал оилаларга бепул уй қуриб бериш бўйича Денов тумани 2-сектори раҳбарининг ташаббусини саховатпеша тадбиркорлар қўллаб-қувватлади. Шунга кўра тумандаги Намуна маҳалласида ҳокимлик захирасида турган 70 сотих ер ажратилиб, ҳар бир оила учун 2 сотихдан жами 5,2 млрд сўмлик 24 та уй қурилиши лойиҳалаштирилди. Шундан 12 таси тўлиқ қуриб битказилди, қолган 12 тасида қурилиш давом этаяпти. Олтинсой тумани Қизилтепа маҳалласидаги 53-оилавий шифокорлик пункти 180 млн. сўм ҳомийлик маблағи ҳисобидан реконструкция қилинмоқда.

Бу йилдан ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси ҳамда ҳоким ёрдамчисининг фаолияти йўлга қўйилди. Улар маҳаллалардаги ёшларни хатловдан ўтказиб, сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда турли тадбирлар ўтказмоқда. Жумладан, 64098 киши санъат, 94262 киши спорт, 31837 киши компьютер саводхонлиги, 38889 киши китобхонлик, 15878 киши тадбиркорлик сирларини ўрганишга жалб қилинди. Ҳамкорлик натижасида 1118 нафар ишсиз ёшлар ишга жойлаштирилди, 371 таси ҳунарга ўқитилди, 2360 нафарига 70,2 млрд. сўм кредит ажратиш бўйича тавсиянома берилиб, ҳозирга қадар 1175 тасига 29,3 млрд. сўм кредит ажратилди.

Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида 2-секторларда «Заковат» ўйинлари ўтказилиб, қарийб 12 минг нафар ёшлар қамраб олинди. Спортнинг ҳар хил турлари бўйича 69 марта «Прокурор кубоги» мусобақалари уюштирилиб, уларда 17 мингдан ортиқ киши қатнашди.

Жорий йилда 4265 нафар ўғил-қиз «ёшлар дафтари»га киритилиб, уларга 1332 марта ёрдам кўрсатилди.

30 ёшдан ошган 130 мингдан ортиқ аёл ўртасида сўров ўтказилиб, 11659 нафари 6 та тоифа бўйича дафтарга киритилиб, уларга ёрдам бериш режалаштириб олинди. Хусусан, 3511 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, 616 нафарини тадбиркорликка жалб этиш, боқувчиси бўлмаган 3695 нафар аёлга кўмаклашиш чораси кўрилмоқда. Аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида иссиқхона, паррандачилик, балиқчилик, гулчилик, чопончилик, гиламчилик ва бошқа йўналишларда кооперация усулида 13 та лойиҳа амалга оширилаяпти. 966 та хонадон кооперацияга жалб қилиниб, 1147 киши, шу жумладан 1015 нафар аёлнинг бандлиги таъминланади. Масалан, Жарқўрғон тумани Янгиариқ маҳалласига бириктирилган «Етакчи Масарт» МЧЖга «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Жарқўрғон филиалидан 1 млрд. 550 млн. сўм кредит ажратилди. Бугунги кунга қадар 20 та оила тадбиркор қуриб берган уч-тўрт сотихли иссиқхонада булғор қалампири ва помидор етиштириб, бозорга етказиб бермоқда. Ҳозир яна 20 та хонадонда иссиқхона қурилмоқда. Шунингдек, аёлларнинг бандлигини таъминлаш учун уларга ҳунар ўргатилмоқда. Мисол учун, Шеробод тумани Тароқли маҳалласида жойлашган бўш бинонинг алоҳида хонаси ҳунарманд Г.Раҳмоновага ажратилиб, ҳомийлик асосида таъмирлаб берилди. Ҳозир у ерда пайпоқ, оёқкийим, сунъий гулдаста ҳамда қўғирчоқ ясаш тўгараклари ташкил этилиб, 30 нафар аёлга ҳунар ўргатилаяпти.

«Темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари»га киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 2-сектор раҳбарлари ташаббуси билан 14 марта меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, 789 кишининг бандлиги таъминланди. Ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланмоқда. Тадбиркорлар билан 5 марта сайёр қабул ўтказилиб, 97 та мурожаатнинг 83 таси қаноатлантирилди. Масалан, Термиз шаҳрида ўтказилган қабулда «Оравит керамик» МЧЖ раҳбарининг «Ўзсаноатқурилишбанк»дан кредит ололмаётгани ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилиб, тадбиркорга 1,2 млрд. сўм кредит берилиши таъминланди ва корхона фаолияти мўътадил давом эттирилишига шароит яратилди.

Жорий йилда прокурорларнинг ташаббуси билан тижорат банклари билан ҳамкорликда 69 млрд. сўмлик 577 та янги иш ўрни яратиладиган 195 та лойиҳа тайёрланди. Ҳозирга қадар уларнинг 90 тасига 12 млрд. сўм кредит ажратилиб, 40 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди ва 83 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, прокуратура органлари томонидан 857 та тадбиркорлик субъектига кредит ва лицензия олиш, муҳандислик тизимларига уланиш, коммунал муаммосини ҳал этишда ёрдам кўрсатилди. Ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталарини аниқлаш, аҳолини тўғри йўналтириш ва даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, ўрганишларда Қумқўрғон тумани Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи А.Ҳайитмуродов ўзининг 20 сотих ерида балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик ва чорвачиликни йўлга қўйиб, яхши даромад олиб келаётгани маълум бўлди.

Савдо-саноат палатаси, Бандликка кўмаклашиш маркази, тижорат банклари ва бошқа масъуллар билан ҳамкорликда А.Ҳайитмуродовнинг хонадонида ишсиз ёшлар ва аёллар билан учрашув ўтказилиб, уларга даромад олиш сирларини ўргатиш мақсадида ўқув маркази ташкил этилди. Ҳозир А.Ҳайитмуродовнинг фаолияти сектор ҳудудида оммалаштирилмоқда.

Садриддин Турдиев,

Сурхондарё вилояти прокурори