Конституцияда атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқлар кафолати

10:16 - 30.06.2022

56

Сўнгги йилларда атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига катта эътибор қаратилиб, ҳатто фуқароларнинг муносиб экология ва атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларининг кафолатларини Ўзбекистон Конституциясида белгилаш борасида фикрлар янграмоқда.

Бинобарин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригида, Президент сайлови олдидан бўлиб ўтган учрашувларда фуқароларимиз, жамоатчилик, сиёсий партиялар вакиллари билдирган таклифларда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш объектив зарурат сифатида кун тартибига қўйилганига тўхталиб, «…ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозим» деган фикрни илгари сурди.

 Фуқароларнинг муносиб атроф табиий муҳитга бўлган ҳуқуқлари таъминланишида ушбу муҳим ижтимоий ҳуқуқнинг конституция даражасида мустаҳкамланиши муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, аксарият хорижий давлатларнинг конституцияларида экологияга оид махсус боблар мавжуд. Масалан, Франциянинг 1958 йилги конституцияси 69-моддасида экологик қонунлар, фармонлар ёки фармон лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек қонунчилик таклифларини киритиш ҳуқуқига эга бўлган иқтисодий, ижтимоий ва экологик кенгашнинг ваколатлари мустаҳкамланган. Таъкидлаш жоизки, Францияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш сиёсатини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришга ҳар доим комплекс ва концептуал ёндашув мавжуд бўлган. Мамлакатнинг 2000 йилда қабул қилинган Экология кодекси атмосферани, сув ресурсларини, тупроқни муҳофаза қилиш талаблари ва чиқиндилар билан ишлаш қоидалари белгиланган муҳим кодекслардан ҳисобланади. Мазкур кодекс умумий ва махсус қисмлардан иборат бўлиб, умумий қисм асосий тамойиллар, давлат органлари ва мақсадлар тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олади. Махсус қисмда эса сувни, ўрмонларни, ҳавони муҳофаза қилиш, чиқиндилар ва хавфли моддаларни бошқаришни тартибга солиш билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланган.

Кодекснинг «Табиий муҳит» деб номланган иккинчи китоби қуйидаги  иккита бўлимни ўз ичига олади: сув ва сув муҳити (I бўлим), ҳаво ва атмосфера (II бўлим). Франция Экология кодекси сув ресурсларини бошқаришни ташкил этишни, сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини, масалан, жамоат ва давлат ҳокимияти органлари вакилларини бирлаштирган Ҳавза қўмиталари фаолиятини тартибга солади.

Мазкур кодексда сувнинг ифлосланиши, шу жумладан интенсив қишлоқ хўжалиги ҳудудларида ва денгизда ифлосланишга йўл қўйилгани учун жавобгарликка алоҳида эътибор берилган. Кодекс ҳар бир ҳавза ёки ҳавзалар гуруҳи учун умумий режалаштириш ва бошқариш дастурларини белгилайди, сув ресурсларининг сифати ва миқдори билан боғлиқ вазифаларни назарда тутади. Шунингдек, ер усти ва ер ости сувларидан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилишнинг умумий мақсадлари ҳам мазкур кодексда ўз ифодасини топган.

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигида атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий масалаларини тартибга солувчи умумий ҳужжат қабул қилинмаган. Буюк Британияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишни бошқариш ваколатига эга бўлган давлат органлари тизими мавжуд бўлиб, улар Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан бошқарилади. Вазирлик асосан мувофиқлаштирувчи функцияларни бажаради.

1970 йилдан бошлаб Атроф-муҳитни ифлосланишдан муҳофаза қилиш комиссияси фаолият юритиб келмоқда, у Буюк Британиядаги барча экологик фаолият самарадорлигини назорат қилувчи ва бу соҳада стратегик таклифлар ишлаб чиқувчи мустақил нодавлат ташкилот мақомига эга.

Германия конституциясида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сувдан фойдаланиш масаласига оид нормалар бор. Конституциянинг 89-моддаси биринчи қисмига кўра федерация империя сув йўлларининг эгаси ҳисобланади ва сув йўлларини ўз органлари орқали бошқаради.

Агар сув йўли бир неча ўлка ҳудудидан ўтса, федерация манфаатдор ўлкалар таклиф қилган ўлкага бошқарувни топшириши мумкин. Сув йўлларини бошқаришда, уларни ривожлантириш ва қуришда ўлкалар билан келишилган ҳолда табиатни муҳофаза қилиш ва сув хўжалиги эҳтиёжларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Германияда сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш ўзига хос хусусиятга эга. Самарали назорат сувни тежаш борасида муваффақиятга эришишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади ва бу йўналишда асосий эътибор хавфни олдиндан билиш ва олдини олишга қаратилади. Яна бир муҳим хусусият – Германияда сув ресурсларидан фойдаланиш асосан ўлкаларнинг «Сув ​​тўғрисида»ги қонунига мувофиқ сув органлари томонидан назорат қилинади. Шунингдек, бу соҳадаги назорат ишларини Германия Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги ва ер истеъмолчиларини муҳофаза қилиш вазирлиги мувофиқлаштиради.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз Конституциясининг 54-моддасида мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, 50-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги белгиланган. Бироқ ҳар бир инсон қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумотга ва экологик ҳуқуқбузарлик туфайли соғлиғи ёки мулкига етказилган зарарни қоплаш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва тиклаш мақсадида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириши билан боғлиқ муҳим нормалар ўз ифодасини топмаган.

Ҳозирги шароит ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган байрам табригида илгари сурилган таклифлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Конституциясида ҳар бир инсон ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атроф табиий муҳитга, унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумотга эга бўлиш, ушбу ҳуқуқнинг бузилиши натижасида соғлиғига ёки мулкига етказилган зарарни қоплаш ҳуқуқига эга эканлигини, давлат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва тиклаш мақсадида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш устидан назоратни амалга оширишини, мансабдорларнинг одамлар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи фактлар ва ҳолатларни яшириши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини белгилаш таклиф қилинади.

Таъкидлаш керакки, инсон ва фуқароларнинг қулай атроф табиий муҳитга бўлган ҳуқуқларининг конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам мос келади. Бинобарин, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига оид халқаро ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд. Хусусан, БМТнинг 1992 йилги «Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги конвенцияси, 2015 йилги «Иқлим бўйича Париж битими» ва шу каби бир қатор халқаро ҳужжатларини мисол сифатида кўрсатиш мумкин.

Шавкатжон РАХИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари