«Big soft trading» ва «Shertrade»га ажратилган кредитлар талон-торож қилинган

10:25 - 30.06.2022

31

Бош прокуратура Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 22 февралдаги «Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини назорат қилмоқда. Хусусан, Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги ерлардан фойдаланиш аҳволи ўрганилганда бир қатор қонунбузилишлар аниқланди. Жумладан, Фориш тумани ҳокимлиги бугунги кунга қадар хўжалик юритиш ҳамда қурилиш қилиш тақиқланган қирғоқ ва муҳофаза ҳудудларидан 120 та хўжалик юритувчи субъектга 17338 гектар ерни ноқонуний ажратиб берган. Шунингдек, кўллар ва ёндош ҳудудлардан 37 та субъектга 17676 гектар ер туризм ва экотуризмни ривожлантириш учун ажратилган бўлса-да, амалда 11 та субъект томонидан туризм объектлари ташкил этилиб, қолган 26 та субъект туризм фаолиятини ташкил этмасдан, ердан бошқа мақсадда фойдаланиб келмоқда.

Фориш тумани ҳокимлиги ўтган йиллар мобайнида амалдаги қонунчилик талабларини бузиб, кўлларнинг муҳофаза ҳудудида 6 та субъектга қурилиш қилишга рухсат ҳамда 4 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурган биносига мулк ҳуқуқини бериб юборган. Бундан ташқари, ерни муҳофаза қилиш устидан етарлича давлат назорати амалга оширилмагани оқибатида кўлларнинг муҳофаза ҳудудида Фориш туманида 31 та ҳолатда 6292,9 м2 ҳамда Зафаробод туманида 3 та ҳолатда 410 м2 майдонда жисмоний ва юридик шахслар ноқонуний қурилиш қилишига йўл қўйилган. Қайд этилган қонунбузилишларни бартараф этиш тўғрисида Жиззах вилояти ҳокимлигига тақдимнома киритилди.

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 13 январдаги «Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 83-қарори ижросини ташкил этиш ва балиқчилик соҳасидаги қонунбузилишларнинг олдини олиш бўйича мутасадди ташкилотлар ва балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари иштирокида 21 май куни йиғилиш ўтказилди. Унда йил дастурига киритилган балиқчилик лойиҳаларидан 19 тасини «Агробанк», 8 тасини «Микрокредитбанк» ва 6 тасини «Халқ банки» молиялаштирмагани қайд этилиб, ижроси назоратга олинди. Бундан ташқари, ўз хонадонида балиқ етиштирувчи 2433 нафар фуқародан 23 нафарига ер ва мулк солиғидан имтиёз қўллаш билан чеклангани аниқланиб, имтиёзни тўлиқ қўллаш юзасидан ҳудудий солиқ бошқармаларига кўрсатмалар берилди.

Бош прокурор, ИИВ, Миллий гвардия ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раҳбарлари томонидан тасдиқланган 2022–2027-йилларда Айдар-Арнасой кўллар тизимида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган ҳамкорлик дастури ижроси бўйича ҳам муайян ишлар қилинди. Хусусан, балиқ овлаш тақиқланган даврда мунтазам рейдлар ўтказилиб, кўлларда ноқонуний ов қилиш билан боғлиқ 286 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, ҳуқуқбузарлардан 129 та тақиқланган тўр, 10 та электр қармоқ ҳамда 21 та резина қайиқ ва бошқа аслаҳалар олиб қўйилди. Мисол учун, Фориш тумани Эгизбулоқ маҳалласида ўтказилган рейдда маълум бўлишича, фуқаро Ж.Қосимов ва бошқалар тақиқланган вақтда 36 та балиқни овлагани оқибатида ҳайвонот дунёсига 39,9 млн. сўм зарар етказган. Шунингдек, «Қишлоққурилишбанк»нинг Жиззах филиали собиқ бошқарувчиси Б.Усмонов, «Shertrade» МЧЖ раҳбари Ў.Ўсаров, «Shertrade» МЧЖ ва «Big soft trading» МЧЖларни норасмий бошқариб келган фуқаро Ж.Обидовлар балиқчилик учун «Big soft trading»га ажратилган 1 млрд. 50 млн. сўм ва «Shertrade»га ажратилган 2 млрд. сўм кредитни талон-торож қилгани аниқланди.