Асл саодат оила қўрғонида яшириндир

09:54 - 22.06.2022

34

Пиру бадавлат онахон – Анора Жонсаидованинг файзли хонадони доимо гавжум. Бутун умри меҳнатда ўтган ая айни пайтда 87 ёшни қаршиламоқда.

– Бир умр пешона тери эвазига рўзғор тебратдик. Етти ўғил, икки қизни меҳнатга ўргатдик, олий маълумотли қилдик. Шу ёшга етиб Президентимизнинг назарига тушибмиз, демак, умримиз бекор ўтмабди, – дейди Анора ая. Хўш, момонинг қайси жиҳати уни эътироф ва эътиборга, ҳурматга сазовор этди?

Гап шундаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятига сафари давомида етти миллатдан келин олиб, ҳаммасининг бахтли-тахтли яшаб келишига ҳисса қўшаётган Анора аянинг оиласи ҳақида фикр билдириб, «Мана сизга бағрикенглик намунаси, мана сизга тотувликнинг ёрқин ифодаси. Мен ушбу оиланинг ҳаёти, тажрибаси, бағрикенглигини тарғиб қилиб, фильм олдираман» дея таъкидлаган эди.

Аядан етти миллатдан қиз излагани боисини сўраганимизда «Ҳаммаси тақдири азалдан» дея жавоб берди. Анора аянинг айтишича, тўнғич фарзанди Маҳмудали рус қизи Иринага кўнгил қўйгани, унга уйланмоқчи эканини айтиб кўнгил ёрганида қолган ўғиллари ҳам турли миллат гўзалларини танмаҳрамликка танлаши етти ухлаб тушига ҳам кирган эмасди. Ирина Жонсаидовлар оиласига тез кўникди, ўзбекча ва қозоқчани бинойидек эгаллаб олишига кўп вақт кетмади. Томорқа ишлари, сигир соғиш, овқат қилишни қайнонасидан эринмасдан ўрганди. Айни пайт­да Маҳмудали ва Ирина Мос­квада яшашади. Ирина жуда оқибатли келин чиқди, ҳозир ҳам узоқ масофа келинни Пис­кентдан олислатмаган, ҳар куни видеоқўнғироқ орқали қайнонасини кўрмагунча кўнгли тинчимайди. Аянинг қолган келинларига ибрат бўлди десак арзийди.

Иринадан сўнг Жонсаидовларга яна олти келин тушди: Ҳасан ва Ҳусан ўзбек ва тожик қизлари Фотима ҳамда Норгулга, тўртинчи  фарзанд Турсунали уйғур қизи Лолага, Суннатилла  қозоқ қизи Алияга, Абдумуталлиб турк қизи Раънога ҳамда кенжа ўғил Абдусамад гуржи қизи Аннага тўй-томошалар билан уйланишди.

Анора момонинг айтишича, кенжа ўғил Абдусамадни уйлантириш қийин бўлган. Йигитга кўп қизларни кўрсатишса-да, у кўнглидаги ёрни тополмаган. 2014 йилда, салкам қирқ ёшида бахтини топган. Ўша йили маҳаллага Келесдан гуржи оиласи кўчиб келди. Уларнинг ёлғиз қизи Аннани кўрди-ю Абдусамаднинг юраги ёришди. «Шу қиз менинг тақдирим» деган ўй ўтди хаёлидан. Адашмаган экан, ёшлар бир-бирига маъқул бўлгач, тезда тўй ҳам ўтди. Ҳозир Аннанинг иккита қизчаси бор.

Келинлардан кўп миллатли оилада яшашнинг қандай ўзгача жиҳатлари бор деб сўраганимизда Анна кулимсираганча «Тил борасида тушунмовчиликлар, кулгили воқеалар кўп бўлади» дея жавоб берди.

– Янги келин бўлиб тушган пайтларим эди, – дейди Анна. – Онажонимдан «Кечқурунга нима овқат қилай?» деб сўрадим. Қайнонам «гурушкўже қила қол» деди. Қандай овқатни айтганига умуман тушунмадим. Яна сўрадим, қайнонам бўлса «гурушкўже, қизим, гурушкўже» деди яна. Бу нима экан, қандай овқат бўлди, номини ҳам яхши тушунмаяпман, агар яхшилаб тушуниб олганимда тайёрланишини овсинларимдан сўрардим дейман. Минг истиҳола билан қайнонамдан учинчи марта сўрадим, «гурушкўже қила қол» деди, мен яна тушунмадим… Уялиб кетдим, ҳозир уришса керак дея хавотирланиб қайнонамга қарадим, онажоним кулиб турар, тушунмаётганимдан заррача жаҳли чиқмас, «гурушкўже, гурушкўже» деб такрорларди. Шу пайт овсиним келиб қолди ва бу овқат ўзбекча маставанинг қозоқча номи эканини тушунтиргач, елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди, ҳаммамиз кулиб юбордик.

Дарҳақиқат, халқлар дўстлиги тимсолига айланган катта оилани бошқариш, турли тилда сўзлашадиган, ҳар хил одат, эътиқод ва турфа маънавий мезонлар асосида улғайган қизлар билан тил топишиш, уларнинг ўзаро аҳиллигини таъминлаш – айтишгагина осон иш. Эҳтимол, Анора ая бу ишнинг уддасидан чиққан дунёдаги ягона аёл бўлса керак. У келинларига бирор марта овозини кўтариб гапирмаган, «менинг уйимда бу урф-одатинг ўтмайди» демаган, аксинча, ҳар бир келин учун муқаддас бўлган тушунчалар, қадриятларни ҳурмат қилган ва оиланинг бошқа аъзоларига ҳам шундай қилиш кераклигини жуда чиройли тушунтира олган. Ая шунчалар бағрикенг, хокисор ва меҳрибонки, буни сўз билан ифодалаш мушкул.

– Онам билан отам салкам қирқ йил бахтли яшашди, – дейди Анора аянинг қизи Дилором. – Эсимизни танибмизки, меҳнатда чиниқдик. Ҳозир ҳаммамиз қўшимча даромад манбаини яратганмиз, ер чопамиз, иссиқхонада кўчат ундирамиз, мол боқамиз, хуллас, нонимизни пешона теримиз билан топиб, бировдан кам бўлмаяпмиз. Биласизми, аслида менинг ҳам бахтим кемтик эди, Раъно янгам каби мен ҳам фарзандсизликдан қийналардим. Онам туфайли умидимни узмадим. Раъно янгам фарзандли бўлгач, иккинчи қизини менга берди, оналик бахтини ҳис қилдим. Севинчойим ҳозир тўрт ярим ёшда. Раъно янгам эса ўғил кўрди. Ота-онамнинг ҳаёт йўли бизга ибрат, улар қийинчиликларга қарамай ҳеч қачон ҳаётдан нолимаслик, интилишдан тўхтамаслик кераклигини бизга уқтиришди.

Онахоннинг айтишича, раҳматли турмуш ўртоғи Серикбой ота билан салкам қирқ йил умргузаронлик қилишган. Ота оламдан ўтиб кетгач ҳам бу хонадондаги тартиб, меҳр, сабр, меҳнатга муносабат ўзгармаган.

– Қудаларим билан жуда аҳилмиз, қарийб эллик йиллик қуда-андачиликда бирор марта сан-манга бормадик, – дейди Анора Жонсаидова. – Бир оилада етти миллат вакилининг тил топиб яшаши осон эканми?! Кўп маҳалладошларим ҳамжиҳатлигингизнинг сири нимада деб сўрашса, аввало инсон кўнглини кенг қилиши керак дейман. Ўзим қозоқман, раҳматли чолим тожик эди. Келинларимнинг ҳаммаси уйида яхши тарбия топган қизлар, оиламиз одатларига тез кўникиб кетишди. Хўжайиним иккимиз барча келинларни бирдек кўриб, сенинг миллатинг бошқа демадик. Шукур, шириндан ширин набираларимиз бор, ҳаммаси бир-биридан зеҳнли, ақлли. Яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам барчамиз биргамиз. 

– Маҳалламизда 2475 киши истиқомат қилади, 439 та хонадонда қозоқ, тожик, озарбайжон, татар каби миллатларга мансуб 678 та оила яшайди, – дейди Пискент тумани Оқтепа маҳалласи раиси Ғайрат Шеронов. – Жонсаидовлар маҳалламизнинг намунали хонадонларидан бири. Ишонасизми, маҳалламизда умуман оилавий ажралиш йўқ. Тушунмовчилик юз берса, Анора ая бошлиқ нуронийларимиз улар билан суҳбат қуради, насиҳат қилади, натижада араз ярашга айланади. Жонсаидовларни мен миллатларни бирлаштириб турувчи, уларнинг дўстлигини ифодаловчи намунали оила сифатида доимо эътироф этаман. Анора аянинг хонадонидан, келинлар билан муносабатидан нафақат маҳалладошларимиз, балки жами юртдошларимиз ўрнак олса арзийди.

Асл саодат оила қўрғонида яшириндир. Давлатимизнинг оилаларни ҳар томонлама қўллаш, оилавий анъана ва қадриятларни ривожлантириш йўлидаги қатъий позицияси, оилага путур етказадиган турли тушунчаларнинг ҳамюртларимиз онгига кириб келишига йўл қўймаслик борасидаги қарашлари диққатга сазовор. Шу маънода Жонсаидовлар оиласи ҳақидаги фильм Ўзбекистонимиздаги файзли оилавий ҳаётни дунёга танитишига ишончимиз комил.