Саёҳат қилинг, ватанни англанг!

09:45 - 20.06.2022

80

Юртимизнинг гўзал ва бетакрор, кўзни қувонтирадиган табиати, аждодларимиз қолдирган, хаёлларимизни узоқ ўтмишга чорлайдиган қадимий обидалари, бой тарихи бор. Буни кўриш, ҳис қилиш учун аввало у жойларга бормоқ керак. Эҳтимол ватанни англаш ҳам шундан бошланар.

Мутахассисларнинг фикрича, туризм жаҳон иқтисодиётининг энг муҳим, барқарор ривожланиб бораётган соҳасига айланиб улгурди ва бу соҳа ўзининг иқтисодий аҳамиятини ҳали узоқ вақт сақлаб туради. Ўзида иқтисодиётнинг мураккаб ва комплекс соҳаларини мужассам этган мазкур соҳа ортидан гуллаб-яшнаётган шаҳарлар, мамлакатлар, минтақалар борлиги фикримизга далил бўла олади.

Туризм бизнинг тасаввуримизда чет элга бориш ёки хорижликларнинг юртимизга келишидан иборат бир жараён. Аслида эса ташқи туризмга ёнма-ён ва ундан аҳамияти асло кам бўлмаган ички туризм ҳам борки, у муайян мамлакатда доимий яшовчи шахсларнинг мазкур мамлакат ҳудудидаги саёҳатини ўз ичига олади.

Кенгроқ таъриф берилса, ички туризм – фуқароларнинг дам олиш, дунёни билиш, спорт билан шуғулланиш ва бошқа мақсадда мамлакат ичидаги саёҳат қилиши. Туризмнинг бу тури мамлакатга валюта олиб келмайди, аммо вилоятлар ўртасида даромадларнинг тақсимланишига ижобий таъсир кўрсатади, иқтисодиётнинг ривожланишига туртки беради.

Сўнгги йилларда юртимизда туризм, хусусан, ички туризмни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Ўзбекистондаги туризм соҳасида деярли ҳамма биладиган, ҳамма гапирадиган, лекин узоқ йиллардан бери ҳал қилинмай келаётган муаммолар бор. Уларга ечим топиш борасида қилинаётган ишларни эътироф этмай бўлмайди. Вазият бирданига яхшиланиб қолмайди, бунга вақт керак. Бу ички туризмни ривож­лантириш масалаларига ҳам тегишли.

Президентимизнинг ички туризм салоҳиятини ошириш, зиёрат туризмини ривожлантиришга оид бир қанча фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жумладан, 2018 йил 3 февралда «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон, 2018 йил 7 февралда «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор, 2021 йил 9 февралда «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон қабул қилинди.

Яқинда, 2022 йилнинг 30 апрелида имзоланган «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор соҳага доир аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб берди.

Ҳужжатга мувофиқ 2022 йил 1 июндан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида:

– жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир марта маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидаси киритилади;

– саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.

Қарорга кўра қуйидагилар дастур доирасида ички туризм­ни ривожлантириш учун масъ­ул этиб белгиланди:

– ёшлар, айниқса, таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабалари учун туризмнинг тарихий билим берувчи, маданий-кўнгилочар, экстремал, экологик, этно ва пляж туризми турлари бўйича – Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги;

– меҳнат, маҳаллалар жамоалари учун туризмнинг ишбилармонлик, экстремал, экологик, агро, этногастрономик турлари бўйича – Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги;

– хотин-қизлар учун туризм­нинг зиёрат, маърифий, ижтимоий, маданий-кўнгилочар, экологик, этнотуризм турлари бўйича – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги;

– фахрийлар, нуронийлар ва пенсионерлар учун зиёрат, тиббиёт, соғломлаштириш туризми бўйича – Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва «Нуроний» жамғармаси.

Мазкур масъул ташкилотлар ўз йўналишлари бўйича ҳар йили иш берувчилар билан биргаликда ходимларнинг рес­публика бўйлаб саёҳатга чиқишини таъминлайди.

Шунингдек, қарор билан Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳати харажатининг бир қисмини қайтариш (кэшбэк) тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Дастурда, шунингдек, соҳани ривожлантиришга доир қатор вазифалар белгиланган. Мазкур дастур ижроси соҳада туб бурилиш ясалишига, тараққиётда янги саҳифалар очилишига хизмат қилади.

Туризм иқтисодий ривожланиш ҳамда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ортиши, аҳоли банд­лигини таъминлаш, турмуш даражаси ва сифатини ошириш, юрт фаровонлигига ҳам катта таъсир кўрсатади. Лекин биз ҳозир масаланинг бошқа бир жиҳатига ҳам эътибор қаратмоқчимиз.

Тан олиш керак, ўзбек халқини саёҳат қилишни жуда хуш кўради дея олмаймиз. Эъти­роз билдиришга шошилманг. Сизнинг нечта хорижий давлатга борганингиз, дунёнинг энг машҳур шаҳарларида бўлганингиз албатта ҳавас қилишга арзийди. Лекин ўзингизга савол бериб кўринг: Ўзбекистоннинг қайси шаҳри, қайси вилоятида бўлгансиз?

Юртимизнинг ҳар бир вилояти, шаҳару қишлоқларининг ўзига хос табиати, обидалари, зиёратгоҳлари, одамларининг ўзига хос турмуш тарзи, урф-одат­лари бор. Улар меҳмондўстлиги, хуш кўрадиган таомлари ва шевалари билан ҳам бир-биридан фарқ қилади. Шулар ҳақида нималарни биласиз?

Дейлик, пойтахтимиз Тошкентнинг неча фоиз аҳолиси Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон каби тарихий шаҳарларимизга саёҳат қилган? Маълумот учун айтиб ўтамиз: Ўзбекистонда 8600 дан ортиқ тарихий обидалар жойлашган ҳудудлар бор.

Аҳоли даромади пастлиги, пухта, қизиқарли, ҳамёнбоп ишланган туристик маршрутларнинг йўқлиги масаласи алоҳида мавзу. Ички туризм ривожи ҳам аҳоли даромадларининг ўсиши билан боғлиқ. Буни инкор этиб бўлмайди. Лекин имконимиз ета туриб қачон юртимизни кезиб, шу юртнинг гўзаллигини ҳис қилишга вақт ажратганмиз?

Айтар сўзимиз: Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг! Бошқа шаҳарларда, қишлоқ, овулларда инсонлар қандай яшаётганини кўринг. Тарихий обидалари, табиат манзаралари, тансиқ таомларидан баҳраманд бўлинг. Таассуротларингизни яқинларингизга айтиб беринг. Бу мулоҳаза қилишингизга, хулоса чиқаришингизга ёрдам беради. Ватанни кучлироқ севишга ундайди.

Фазилат Ёдгорова,

«Huquq»