«Тўқсон саккиздан ўтдиму кўнглим ҳалиям ёш…»

09:57 - 17.06.2022

192

Бугун Қашқадарё вилоятида 12 нафар уруш қатнашчиси, 1582 нафар фронт ортида хизмат қилган ва 260 800 нафар меҳнат фахрийси умргузаронлик қилмоқда. Ўз меҳнати билан юрт тараққиётига ҳисса қўшиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийларига ҳам алоҳида ҳурмат кўрсатилаётир.

Аҳмад Жалилов 1943 йилда ҳарбий хизматга чақирилиб, дастлаб Украина учун бўлган жангларда алоқачи бўлиб хизмат қилди, сўнгра душман ортидан қувиб, Берлингача борди. Урушда кўрсатган жасорати учун «Қизил юлдуз» ва II даражали «Ватан уруши» ордени, «Шон-шараф», «Жасорати учун» ва «Меҳнат шуҳрати» медаллари билан тақдирланди. 1947 йилда ҳарбий хизматдан қайтиб, бу ердаям алоқачилик касбида ҳалол меҳнат қилди. 1949 йилда Нина Сергеевна билан турмуш қуриб, икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, элга қўшди.

– Аллоҳга беадад шукур, бу йил 29 январда тўқсон етти ёшни тўлдириб, тўқсон саккизга ўтдим, шундай бўлса-да, кўнглим ҳали ёш, – дейди Қарши шаҳридаги Комилон маҳалласида яшовчи Аҳмад бобо Жалилов. – Бугун юртимиздаги ўзгаришларни кўриб, қани эди ҳозир ёшариб қолсаму юрт равнақи йўлида яна узоқ йиллар меҳнат қилсам деган ўй ўтади кўнглимдан. Шукурки, бугун осойишта юртда фаровон турмуш кечираяпмиз. Юртимиз тинч, маҳалламиз обод, хонадонларимиз файзу тароватга тўла.

Аҳмад бобо бугун уч фарзанд, етти набира, ўн беш чевара ва тўрт нафар эвараси даврасида хотиржам ҳаёт кечираётганидан бахтиёр.

– Ёшлар – боғдаги ниҳол, биз ёши улуғлар шу боғнинг қўли гул пайвандчиси бўлмоғимиз лозим, – дейди отахон. – Фарзандларга тўғри тарбия берайлик.

Отахон шундай деб бир ривоятни сўзлаб берди. Эмишки, хушхулқ, одоби ила барчанинг ҳавасини келтирадиган, эл орасида ҳурмати баланд бир киши 120 ёшга кирибди. Одамлар ундан узоқ умр кўришининг сири нимадалигини сўрашибди. Қария шундай жавоб берибди:

– Умр бўйи ҳеч кимнинг дилини оғритмадим, ҳалол луқма едим ва фарзандларимга ҳам ҳалол едирдим. Эл шодлиги-ю ташвишига камарбаста бўлдим. Шу боис фарзандлариму набираларим ҳам меҳр-оқибатли, қобил бўлиб ўсишди. Умримнинг қолган қисми роҳатда кечаётгани учун узоқ яшаётган бўлсам керак…

Юртимизда Аҳмад бобо сингари донишманд нуронийлар кўп. Улар билан гурунглашиб тўймайсан киши. Чунки бундай мулоқотларда файз бор.

Мамлакатимиз пойтахтидан тортиб, вилоят, туман ва қишлоқларгача кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Бу шубҳасиз юртимизнинг тинчлиги, эртанги кунга ишонч туфайлидир. Шундай файзли кунларда пойтахтимизнинг Мустақиллик майдонига борсангиз, отахону онахонлар, ёш йигит-қизларнинг ўтганларни ёдга олаётганининг гувоҳи бўласиз. Мустақилик майдонига кираверишдаги аркада бир оёқда турган лайлак, Ер шари узра парвоз айлаётган турналарга кўзингиз тушади. Лайлаклар – эзгулик тимсоли.

Тошкент шаҳрида, шунингдек, Қорақалпоғистон ва барча вилоятларнинг марказларида бунёд этилган Хотира хиёбони ва Мотамсаро она ҳайкали бизни бугунги тинчлигимизнинг қадрига етишга даъват этиб турибди. Тинчлик боис фарзандларимиз баркамол бўлиб улғаймоқда. Шаҳарларимиз обод, боғларимиз тўкин, далаларимиз файзиёб, ниятларимиз улуғ, оиламизда барака ва хотиржамлик ҳукмрон. Тинчлик бебаҳо неъмат эканлигини ўтган йилларда Сурияда бўлиб ўтган ва ҳали ҳам тинчимаган можаролар, Исроил – Фаластин келишмовчилиги, айниқса қарийб уч ойдан буён давом этаётган Россия билан Украина ўртасидаги қонли тўқнашув, у ердаги вайронгарчиликлар ва бу урушнинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири ҳам кўрсатиб турибди. Мазкур можаро оқибатида Украинанинг ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда 45,1 фоизга, Ғарб давлатларининг санкциялари туфайли Россияники эса 11,2 фоизга қисқариши прогноз қилинмоқда.

Халқимиз фақат тинчлик бўлган, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ҳукм сураётган давлатдагина фаровон ва бахтли ҳаёт қуриш, орзуларга етишиш мумкинлигини жуда яхши англайди. Тинчликнинг қадрига етиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим. Зотан, шукур қилгувчига Аллоҳ ўз неъматларини мўл-кўл қилиб беради.