«Болаларим менсиз қандай яшайди? Яхшиси…»

09:33 - 17.06.2022

202

Матлуба Комилова (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) икки фарзанднинг онаси эди. У оналик мартабасидан кечди. Фарзандларининг ўлимига сабабчи бўлди. Уни кўзининг оқу қораси Фикриябону ва Фитратбекни каналга оқизиб юборишга ким мажбур қилди? Зўравонлик, камситишлар ва тазйиқ ўз кучини кўрсатди.

Матлуба турмуш ўртоғи Фарҳод Россияга ишлаш учун кетганидан сўнг орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қайнонаси билан келишмай қолди. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб ҳар бир ишидан камчилик топаётган қайнона келинига кун бермади ҳисоб. Қолаверса, икки набирасини дунёга келтирган келини шаънига айтмаган маломати қолмади.

Матлуба эса ҳар қандай шароитда ҳам оиласи бузилишини истамас, ташвишлари билан ота-онасини безовта қилгиси келмас эди. Сабр таги сариқ олтин деб эрининг ҳақоратлари, қайнонасининг таъналарига чидаб келаётган эди. Ташқаридан қараганда тинч кўринган бу оиладаги муаммоларни ҳеч ким эшитмаган. На қўни-қўшни, на маҳалла-кўй…

Кичкинтойи Фитратбек шамоллаб қолгач, турмуш ўртоғи орқали унинг амакисидан 100 АҚШ долларини олиб ўғлини даволатишга сарфлади. Қайнонаси Мунаввар опа бозорлик қилиш учун ўғлидан пул юборишини сўради. «Пул керак бўлса, Бекзоддан оласиз» деган жавоб онанинг жаҳлини чиқарди. У телефон орқали келинининг хатти-ҳаракатлари ёқмаётгани, уни менсимаётганини айтиб дийдиё қилди. Шундай ҳам оиласидан узоқда ҳар кимдан аёлларнинг хиёнати ҳақидаги суҳбатларга тез-тез гувоҳ бўлиб турган Фарҳоднинг юрагига ғулғула солди. Шу баҳонада телефон орқали жанжаллашган эр-хотин тез ярашиб олишди. Аммо кейинги кун Фарҳоднинг опаси Нигора меҳмон бўлиб кетгач, Россиядан яна қўнғироқ бўлди.

– Мен сени биламан-ку, асло одам бўлмайсан! Ҳамма жойни булғадинг. Кет онангникига! Йўқол! Ҳар куни бозорга борасан. Пулни қаердан олаяпсан? Менинг сен билан ишим йўқ, болаларни қўй-да, ўзинг кет…

– Нега унақа дейсиз? Мен қаерга кетсам, болаларни ҳам олиб кетаман….

– Менга керагинг йўқ. Менга деса ўзингни ўлдир. Сувга ташла ўзингни.

Матлубага отаси қўнғироқ қилиб қолди.

– Яна нима бўлди? Ҳеч тинчиб кетмадинг-да. Ҳозир бориб олиб келаман…

Матлубанинг кўнглида шайтон ҳукмронлик қила бошлади. «Яшаб нима қиламан? Мендан кейин болаларим ҳам хўрланишини истамайман!». Бу исён эди. У ҳовлидан чиққанида ўғлининг ҳам, қизининг ҳам саволларига жавоб бермас, чунки қулоқлари том битиб қолгандек эди. «Онажон, биз қаёққа кетаяпмиз?», «Бобомларникигами?», «Отам қачон келади?». Норасида гўдакларнинг соғинч тўла саволлари бўғзида қолди…

Матлуба икки болани қўлидан ушлаганча ўзини каналга ташлади. Онаси нима қилиб қўйганини англамай қолган Фикриябону ва Фитратбекни  сув ўз домига тортиб кетди. Уларни қутқаришнинг иложи бўлмади. Ўз исёни армонига ғарқ бўлган Матлуба эса тирик қолди.

Энди бу тириклик унинг учун умрбод азобдан бошқа нарса эмас. Аммо бугун даъвом йўқ деб турган эр, енгиллик беринглар деб судда кўрсатма бераётган қайнона-чи? Уларнинг виждони қийналмайдими?

Суд ҳукмига биноан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган Матлуба Комилованинг юрагидаги армон уни умрининг охиригача тарк этмаслиги тайин. Бироқ Матлуба келин бўлган хонадон аъзолари-чи, улар бундан кейин маҳалла-кўй, эл-юрт олдида бошларини тик қилиб яшай олишадими? Бу энди уларнинг виждонига боғлиқ.