«Олтин конига жойлаб қўяман…»

09:20 - 15.06.2022

262

Одамлар прокуратурага турли хил муаммолар юзасидан мурожаат қилади. Аммо кейинги пайтларда қарзини вақтида ололмай юрганлар ҳамда фирибгарларнинг тузоғига тушганлар купаймоқда. Сардор Мустафоқулов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотли мутахассис, Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмасида шифокор вазифасида ишлаб келаётган эди. Аммо одамнинг оласи ичида дейишади. У эгри йўллар билан даромад топишни кўзлаб шифокор номига доғ туширди.

Сардор Мустафоқулов 2021 йил февраль ойида кўп йиллардан буён таниш бўлиб қолган пайариқлик Шерзод Эргашевга 2500 АҚШ доллари эвазига Зармитан олтин кони қўриқлаш хизматига ишга жойлаштиришни ваъда қилади.

Орадан бир неча кун ўтиб, у Шерзод билан Заркент маҳалласи чорраҳасида учрашади. Ш.Эргашев унга дастлаб 1500 доллар, ишга киргандан сўнг 1000 доллар беришини айтади. Дастлабки олди-берди амалга ошгач, Сардорнинг мижозлари кўпайиб кетади. Шерзод Эргашев иш излаётган барча таниш ва қариндошларига Сардорнинг телефон рақамини бериб қўяди. С.Мустафоқулов қўнғироқ қилувчиларнинг баъзилари билан телефонда танишган. Ана шундайлардан С.Султонов, М.Эргашев, У.Шаҳриддинов ва бошқалар ҳам олтин кони қўриқлаш хизматига ишга кириш иштиёқида эди. У ишга киритишни сўраганларнинг кўпчилиги билан юзма-юз учрашмасдан, Самарқанд шаҳрида ёки бошқа жойдалигини айтиб, пулни таниши Шерзод Эргашевнинг дўконига ташлаб кетишларини тайинлайди. Сўнг ўзи бориб пулларни дўкондан олиб кетар эди.

2021 йил апрель ойининг охирларида ишга кириш учун пул берган фуқароларни ишонтириш мақсадида Миллий гвардиянинг формасига ўхшаш 15-20 та тўқ сариқ рангли махсус формани Самарқанд шаҳар Ватанпарвар маҳалласида жойлашган ҳарбий дўкондан 150 минг сўмдан сотиб олиб, уларга тарқатади. 

Пул бериб алданган фуқаролар ишга қачон чиқишини сўраб Сардорга тез-тез қўнғироқ қила бошлайди. Сардор уларни ишонтириш мақсадида яна найранг топади. У уйидаги компьютер ва принтердан фойдаланиб, фуқаролар Зармитан кони қўриқлаш хизматига ишга киргани тўғрисида қалбаки буйруқ тайёрлайди. Ушбу буйруқларга ўзи имзо қўйиб, фуқароларнинг ишончига кириш учун уларга тақдим қилади.

С.Мустафоқулов фуқароларга сохта буйруқларни тақдим қилаётганда «Сизларга берган ушбу буйруқни ҳеч кимга кўрсатманг» деб тайинлайди.

Энг ачинарлиси, қалбаки буйруқларга Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли поликлиниканинг муҳри ва штампини босади. Тергов ва суриштирув давомида у мазкур поликлиниканинг муҳр ва штампидан мудир Мавлон Жумаевга билдирмасдан фойдалангани маълум бўлади. Бундан ташқари, фирибгарлик тузоғига тушган С.Султоновдан 1500 доллар, М.Эргашевдан 1300 доллар, У.Шаҳриддиновдан 2500 доллар ва бош­қалардан жами 21300 доллар пулни алдаб олиб, ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборгани аниқланди.

Ниҳоят, жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани судида Сардор Мустафоқулов айбига иқрор бўлди. Унинг айби суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчи ва гувоҳнинг кўргазмалари билан ҳам тўлиқ исботланди.

Суд Сардор Мустафоқуловни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг «б» банди, 228-моддаси 2-қисмининг «а» банди 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.