«Гуанжоу» жиноятига кучли реклама ҳам сабаб(ми)?

15:00 - 13.06.2022

321

Ижтимоий тармоқларда «Гуанжоу» клиникасининг сирини фош қилишибди» сарлавҳали видеолар кенг тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди. Унда «Guangzou medical of China» МЧЖнинг мансабдорлари ва ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 186³-моддаси 2-қисми «б» банди («Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дориларни ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дориларни ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилгани ва тергов олиб борилаётгани айтиб ўтилган. Шунингдек, ушбу жиноят иши доирасида мазкур клиниканинг бошқа вилоятлардаги филиалларида ҳам текширув ўтказилиши таъкидланган.

Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур клиника хизматидан фойдаланган минглаб ҳамюртларимиз сифатсиз, қалбаки дориларни истеъмол қилган экан. Бизнингча, клиникадан жабрланганлар сонининг ортишига юртимиздаги телерадиоканалларда, интернет сайтларида «Гуанжоу» клиникаси тинимсиз реклама қилингани ҳам сабаб бўлди.

Давлат каналларидан тортиб, хусусий каналларнинг барчасида мазкур клиниканинг рекламаси роса берилди. Афсуски, турли касалликлардан азият чекаётган юртдошларимиз айнан телеканаллардаги рекламалардан «Гуанжоу» ҳақида хабар топиб, шифо топиш мақсадида клиника хизматидан фойдаланган. Демак, қайсидир маънода жиноятга клиниканинг рекламасини берганлар ҳам шерик.

«Реклама тўғрисида»ги қонунда реклама тарқатувчи реклама қилинаётган маҳсулотнинг сифатига, хизматларнинг ишончлилигига эътибор қаратиши лозимлиги белгиланган. Яъни, реклама ортидан мижозларга моддий ва маънавий зарар етказилмаслиги кераклиги таъкидланган. Бизнинг телеканаллар «Гуанжоу»ни шу даражада реклама қилишдики, ҳатто оёғи уюшиб қолган соғ одам ҳам ўша клиникага боргиси келиб қолди.

Энди «Гуанжоу» клиникасининг кирдикорлари ошкор бўлгач, хизматини оғиз кўпиртириб реклама қилган бирорта оммавий ахборот воситаси клиникага нисбатан аксилреклама қилдими? Ваҳоланки, қонунда сифатсиз маҳсулот ёки хизматни реклама қилган оммавий ахборот воситаси кейин ўз ихтиёри билан аксилреклама бериши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Бугун биз мана шундай халқ табобати ниқобидаги турли клиникаларга ҳаддан ортиқ умид боғлаяпмиз. Халқ табобати билан даволаб бўлмайдиган, жарроҳлик амалиёти ўтказилишини талаб қиладиган хасталикларни даволаш учун ҳам табибларга мурожаат қилаяпмиз. Ёки об-ҳаво ўзгариб бошимиз оғриса ҳам дори ичаяпмиз. Бўкиб қолсак ҳам дори ичаяпмиз. Бирор муаммони дори билан бартараф қилишга уринадиган бўлиб қолдик. Бунга кўп жиҳатдан турли дориларни тинимсиз реклама қилаётган оммавий ахборот воситалари сабабчи.

Ҳозирги даврга келиб атрофимиз дорихонага тўлиб кетди. Бирорта шифохонанинг атрофида камида ўнта дорихона бор. Улардан бирига кириб, «шамоллаб қолибман, бирор дори беринг» десангиз, дарров олдингизга беш-олтита дорини тахлаб, «шуларни ичинг, соғайиб кетасиз» дейди. Аслида улар тавсия қилаётган аксарият дориларнинг таркиби бир хил. Номи ва нархи ҳар хил, холос. Сабаби билан сиз ҳам қизиққанингиз аниқ, жавоби эса одатдагидай: «Бу дори фалон давлатда ишлаб чиқарилган, буниси писмадон давлатда. Бу фалон муддатда таъсир қилади, буниси писмадон…».

Айрим шифокорлар ҳам оддий шамоллаш ё томоқ оғриғига бир талай дори ёзиб беришни одат қилган. Уларнинг рецепти билан дорихонадан бир халта дори сотиб оласизу, аксариятини ичмай соғайиб кетасиз.

Тўғри, реклама бугун ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурди. Кўча-кўйда, жамоат транспортида, телевизорда қандайдир дорилар, биологик фаол қўшимчалар ва халқ табобат билан даволаш ҳақидаги рекламаларга кўзимиз тушади. Телевидениедаги рекламаларни таҳлил қилсам, ярмидан ортиғи айнан дори билан боғлиқлиги маълум бўлди. Рекламаларни кўрсангиз, сизда биргина дори ёки биологик фаол қўшимча ўнлаб дардга даво экан-да деган тасаввур уйғониши табиий. Аслида вазият қандайлигини «Гуанжоу» клиникаси мисолида кўрдик. Шу маънода, ушбу маҳсулотларни сертификатлаш, кўрсатиладиган хизматларни лицензиялаш масалаларига жиддий ёндашиш керак. Уларнинг рекламаси ҳам меъёрида бўлиши керак.

«Реклама тўғрисида»ги қонун ва «Рекламани жойлаштириш тўғрисида»ги низомда дорилар рекламасига қўйилган бир қатор талаблар белгиланган. Уларда оммавий ахборот воситаларида фақат рецептсиз бериладиган дори-дармонларни реклама қилишга рухсат этилади. Шифокор рецептисиз бериладиган дорилар рекламаси тушунарли тилда баён қилиниши, дорининг тўлиқ номи (шу жумладан, халқаро фармакологик номи) ва ишлаб чиқарувчисининг номи ҳамда доридан фойдаланиш ҳақидаги кўрсатмалардан иборат бўлиши лозим.

Энди яна бир масалага тўхталсак. «Дорихонада ишлаётган фармацевтлар беморга дори тавсия қила оладими?» деган савол кўпчиликни қизиқтириши мумкин. Чунки одатда бизни бирор дард безовта қилса, шифохонага эмас, дорихонага бориб сотувчидан маслаҳат оламиз.

«Дорилар ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасида дориларнинг чакана реализацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган шаклдаги рецептлар бўйича ёки тасдиқланган рецептсиз бериладиган дориларнинг рўйхатига кўра рецептсиз амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Рецептсиз бериладиган дорилар рўйхати ҳар йили янгиланади ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади. Қисқача айтганда, фармацевт рецептсиз тавсия қилишга ҳаққи бўлган дорилар рўйхати мавжуд. Унга дорихонадаги сотувчилар тавсия қилишга ҳақли бўлган мингдан ортиқ препарат ва унинг яна бир қанча аналоглари бор. Сиз эса рецептсиз дорини сотиб олишдан аввал унинг қўлланмасини яхшилаб ўқиб чиқишни унутманг.