Fойибона бош эгаман

15:07 - 13.06.2022

318

Менга бу воқеани қурилиш ташкилотларида узоқ йиллар ишлаган Козим ака деган киши айтиб берган эди.

– Пенсия ёшига етиб қолган бўлсам-да бирор марта сиҳатгоҳда дам олмагандим, – деб бошлади ўз ҳикоясини Козим ака. – Қуюқ дарахтлар бағрида жойлашган сиҳатгоҳга келгач, бутунлай бошқа оламга тушиб қолгандек бўлдим. Хонага жойлашибоқ, ёнбошлаганча олиб келган бир даста китобларимдан бирини варақлай бошладим. Хона эшиги тақиллади.

– Киринг! – дедим қўлимдан китобни қўймай.

– Амаки, доктор сизни кутаяпти, шошилинг, китобни кейин ўқийверасиз, – деди кичик тиббиёт ходими бўлган ёшгина жувон. Биринчи марта дам олаётганимни айтиб узр сўрадим-да, врачнинг қабулига чопдим. Шифокорим бир талай муолажаларни тайинлади. Уларни олдиму хонага шошилдим. Эшикни калит билан очмоқчи бўлдим. У негадир очиқ эди. Оҳиста чертдим. Рухсат бўлгач, ичкарига кирдим.

– Ассалому алайкум, – дея пешвоз чиқди баланд бўйли, норғул йигит. Алик олдим. Йигит узоқ йиллик қадрдондек маҳкам қучоқлади. – Исмим Эрпўлат. Қорақалпоғистонданман. Андижондан эканингизни айтишди. Бошим осмонга етди. Худога шукур, шу хонага жойлаштиришди, – деди чап томондаги бўш жойга ишора қилиб.

Юз-кўзларидан самимийлик уфуриб турган йигитга нима деб жавоб қайтаришни билмасдим.

– Жуда яхши-да, – дедим аранг ва исмимни айтдим.

– Китоб ўқишни ёқтирасизми? – деди дабдурустдан.

– Жудаям! – дедим ўриндиқда қолиб кетган китобни олиб стол устига қўярканман.

– Сизга халақит бермайман. Маза қилиб ўқийверинг, – деди қувончдан чеҳраси янада ёришиб Эрпўлат.

– Сиз ҳам мутолаага қизиқасизми? – сўрадим яқинроқ танишиш мақсадида.

– Бўш вақтим кўп бўлганида бошимни китобдан кўтармаган бўлардим. Афсуски, доимо иш билан банд бўламан. Тан оламан, китоб ўқишга етарлича вақт тополмайман. Ўқиганларингизни сиздан эшитаман деб умид қилаяпман.

– Кўнгилдагидек ҳамхона топилганидан хурсандман, – дедим миннатдорчилигимни баралла изҳор этиб.

Эрпўлат билан бир неча кундаёқ ака-укадек бўлиб кетдик. Кўрсатаётган мулозаматидан уялиб кетаман. Эрталаб мендан аввал ювиниш хонасига кирмайди. Хонамизнинг эшигини қулфлаймизу калитни махсус жойга илиб қўйишга ҳар вақт ўзи шошилади. Ҳар бир дам олувчининг қўлида бўладиган сочиқ, кружка солинган елим халтани кўтариб юришимга ҳам йўл қўймайди. Дастлаб даволовчи бадантарбияга кирамиз. Мендан олдинга ўтмайди. Маъданли сув ичиш хонаси доимо гавжум бўлади. Кружкани тўлдиради-ю менга узатади. Ошхонада ҳам шу аҳвол. Мендан олдин таомга қўл чўзмайди. Ҳартугул муолажаларимиз ҳар хил. Айримлари тўғри келиб, учрашиб қолсак ҳам навбатини менга беради. Кино, концерт томошалари учун билет сотиб олишимга йўл қўймайди. Хуллас, атрофимда парвона. Бўш қолган вақтимиз ўқиган китобларим ҳақида гапириб бераман. Жаҳон, ўзбек адабиёти тарихи, бугунги куни ҳақида билганимча мулоҳаза юритаман. У диққат билан тинглайди, фикрларини баён қилади. Менга кўрсатаётган эътиборидан хижолат чекаётганимни билдиришдан чарчамасдим.

– Иккимиз ҳам дам олишга келганмиз, мулозаматни бас қилинг, – дедим кескин равишда бир куни.

– Энди сиз мени уялтираяпсиз, андижонлик ака, – деди Эрпўлат хафа бўлганини билдириб. – Андижонликларнинг шинавандалиги олдида менинг ҳаракатларим нима бўпти?

Бу гаплардан сергакландим. Эрпўлат шу кунгача қаерда ишлашини айтмаганди. «Давлат ишида» деб қўя қоларди.

– Андижон деяпсиз. Биз томонларда бўлганмисиз, кимларни танийсиз? – сўрадим қизиқиб.

Эрпўлат бир муддат тин олди.

– Кечки овқат вақти бўлибди шекилли, – деди қўлидаги соатига қараб. Ошхонага йўл олдик. Қайтишда Эрпўлатнинг ўзини сирли тутаётганининг сабабини билишга қизиқдим. «Фойдаси йўқ, – дедим ўзимга ўзим. «Дам олишга келган одамнинг бошини қотириб нима қиламан? Ўзи хоҳламаяпти-ку» деган хулосага келдим. Инсон ҳамма нарсага кўникаркан. Эрпўлатнинг такаллуфларига эътибор бермай қўйдим. Унга туғишган укамдек меҳр кўрсатардим. Муносабатларимиз сўз ўйинлари, қочиримлар, ҳазил-мутойибага бой бўла бошлади. Мени бир нарса таажжубга соларди. Кийиниши, муомаласидан маъмурият ходими эканлиги билиниб турган бир киши гоҳида уни йўқлаб келарди.

– Шеригингиз кўринмайдими? – дерди тортиниброқ.

– Муолажада бўлса керак. Ким келди деб айтай? – дер эдим.

– Ҳечқиси йўқ. Ўзим яна келаман, – деб қайтиб кетарди.

Бир куни иккинчи қаватга кўтарилаётган эдим, Эрпўлатнинг йўлакда ўша киши билан гаплашиб турганига кўзим тушди. «Безовта бўлманг, жудаям зўр дам олаяпман. Эътибор учун раҳмат» дея Эрпўлат у кишидан узоқлашди. Хонага яқинлашгач, орқага ўгирилди. Менга кўзи тушгач, юзлари қизариб кетгандек туюлди.

– Келаяпсизми, ака? – деди-ю хона эшигини очиб менга йўл берди. У киши ҳақида иккаламиз ҳам сўз очмадик.

Кейинги кунлар қандай тез ўтиб кетганини сезмай ҳам қолдик. Бир-биримизга ўрганиб қолгандик. Начора, вақти келиб мен бугун кечқурун поездда, Эрпўлат эса тушликдан сўнг машинада уйга қайтадиган бўлдик. Бундан буён борди-келди қилишга аҳдлашдик. Телефон номерларимизни алмашдик. Тушликдан кейинги муолажалардан сўнг хонага йўл олдим. Эрпўлат қайтадиган вақт бўлиб қолганди. Биз жойлашган бинонинг рўпарасида тўхтаб турган қоп-қора «ГАЗ-31» автомашинасига кўзим тушди. Ҳайдовчи нарсаларни жойлаштириб, юкхонани ёпаётганди. Саломлашиб ўтдим. Эрпўлат хонада ўша мен бир неча бор учратган киши билан суҳбатлашиб ўтирарди.

– Мана, акамиз ҳам келиб қолди. Энди йўлга тушсак бўлади. Қани, дуо қилинг, – деб менга юзланди. Эзгу тилаклар билдириб, худодан уларнинг ижобатини сўрадим. Учовлашиб пастга тушдик. Бояги машинанинг ёнига келдик. Ҳайдовчи йигит шошилиб машинанинг орқа эшигини очди.

– Отамнинг андижонликларга меҳри бошқача эди. Кўплаб дўстлар орттирган. Мен ҳам унинг изидан боришга ҳаракат қилаяпман. Анча дўстларим бор. Отамдек Асаканинг «Чўнтак»ида кўп ош еганман. Шунинг учун сизнинг кўнглингизни олишга ҳаракат қилдим. Қолаверса, китобга ошнолигингиз мени янада тўлқинлантирди. Отам китобни дўст тутган одам дўстликни қадрлайди деб насиҳат қилган. Унга амал қилиш – шиорим. Андижонлик китобхонга бўлган эҳтиромимни доимий деб билинг, – деган Эрпўлат хайрлашиш учун мени маҳкам қучоқлади. Узоқ йиллик қадрдонлардек бир-биримизни қўйиб юбормадик. Номаълум киши «биз ҳам хайрлашайлик» дея бизни ажратмоқчи бўлди. Эрпўлат у билан «мендан хафа бўлманглар, илтимос» деб хайрлашди.

Машина жойидан қўзғалди. Номаълум киши менга ҳавас билан кўз ташлади.

– Ажойиб инсон билан ҳамхона бўлдингиз-да, – деди. – Сиҳатгоҳ ҳисобхонасида ишлайман. Эрпўлат ака олдиндан жой буюртма қилмай келибди. Люкс хона бўш эмасди. Икки кундан сўнг бўшашини айтиб, сиз дам олаётган хонага вақтинча жойлаштирмоқчи бўлдик. Хонангизга кирдик. Андижонлик одам жойлашганини айтдик. У мамнун бўлди. Ўриндиғингиздаги очиқ қолган ва токчада тахланиб ётган китобларга кўзи тушди-ю, бирданига «шу хонада дам олавераман» деб қолди. «Люкс хона бўшаши билан кўчирамиз» деб ваъда бердик. Икки кундан сўнг уни хабардор қилдик. Кўчиб чиқишга кўнмади. «Ҳамхонам кўнглимдаги инсон экан, қўяверинглар» деди. Қайта-қайта келиб, кўндиришга ҳаракат қилдик. Йўлланмаси люкс хонага эди-да. Устига устак, ким эканлигини сизга айтмаслигимни илтимос қилди.

– Ким эди у? – дедим сабрим чидамай.

– Энди айтсам бўлаверади. Туман прокурори бўлиб ишлайди.

– Менга айтмаганди.

– Камтар-да. Боз устига бош врачимиз унинг отаси билан шахсан таниш экан.

– Отаси ким экан?

– Машҳур ёзувчи Тўлепберген Қаипбергенов.

– А?.. – дедиму ҳайратдан ёқамни ушладим.

Ушбу воқеани эшитганимга кўп йиллар бўлган бўлса-да ҳеч хотирамдан кўтарилмайди. Андижонликка эҳтиром кўрсатган бу бебаҳо инсонга ҳамон ғойибона бош эгаман!

Абдулло Мирзаакбаров