«Суд қарори билан меҳмонхонамни бузишмоқчи!..»

09:23 - 10.06.2022

442

Кечки пайт бўлишига қарамасдан Тошкент вилояти прокурорининг қабулига фуқаро М.Пардаева мурожаат қилиб келди. Бу аёл фуқароларга хизмат қиладиган арзон меҳмонхона қурганини, ҳозир ушбу жой 300 дан ортиқ одамга хизмат кўрсатаётганини, бу бино бўйича унинг номига чиқарилган ҳоким қарори маъмурий суд орқали бекор қилиниб, иқтисодий суд бинони бузиш ҳақида қарор чиқарганини куюниб гапириб берди. Муаммони қонуний ҳал қилишда прокуратурадан ёрдам сўради.

М.Пардаеванинг аризасига асосан ҳам маъмурий, ҳам иқтисодий ишни ўрганиш керак эди. Биринчи навбатда кадастр ҳужжатлари ўрганилди. Иш билан солиштириб кўриб чиқиш лозимлиги сабабли Зангиота тумани кадастр бўлимидан «Пилла» кичик корхонасига, «Geoburservis» хусусий корхонасига ҳамда «Nazarbek sohil marvaridi» хусусий корхонасига тегишли ва меҳмонхонанинг кадастр ҳужжатлари ва низоли бино бўйича коинотдан олинган тасвирлар ўрганилди. Маълум бўлишича, «Пилла» кичик корхонасига 1994 йилда Зангиота тумани Саховат маҳалласи Қўшқарағай кўчасидан тикув цехи ташкил қилиш учун 0,45 га ер ажратиб берилган.

Кейинчалик ушбу ерда қурилган бинолар сотилиб, бир неча марта эгаси алмашган. Бу қурилмаларнинг охирги эгаси «Geoburservis» ХК ҳисобланади. Мазкур корхона бино ва иншоотларни сотиб олади ва уларга эгалик ҳуқуқини расмийлаштиради, бироқ ерни кадастр бўлимидан рўйхатдан ўтказмайди. Яъни ерга вақтинчалик эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Ўрганишларда мазкур ер 26 йилдан буён кадастр бўлимидан рўйхатдан ўтказилмасдан келгани ойдинлашди. Бу жойнинг фақатгина 357 м2 майдонида қурилиш қилиниб, ушбу ер ўраб олингани, қолган ер йиллар давомида қаровсиз ҳолда, ободонлаштириш ёки қурилиш олиб борилмагани аниқланди.

2019 йилнинг 12 июль куни Зангиота тумани ҳокимининг қарори билан «Geoburservis» ХК атрофидаги ер захирага олиниб, «Nazarbek sohil marvaridi» ХКга меҳмонхона қуриш учун бериб юборилади. Ерни олган корхона «Халқ банки»нинг Тошкент вилояти филиалидан кредит олиб, қурилишни бошлайди.

Бинонинг биринчи ва иккинчи қавати битиб, меҳмонхона фуқароларга хизмат кўрсатишни бошлайди. Шу кезларда «Geoburservis» ХК Зангиота тумани ҳокимлиги мансабдорларининг ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, туман ҳокимининг 2019 йил 12 июлдаги «Geoburservis» ХКга қарашли цехнинг бино ва иншоотдан холи, фойдаланмай турган ерининг бир қисмини туман захирасига олиш, ушбу ерни «Обод қишлоқ» дас­турига мувофиқ «Nazarbek sohil marvaridi» ХКга меҳмонхона қуриш учун ажратиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб Зангиота тумани маъмурий судига киритган даъво аризаси мазкур суднинг 2020 йил 3 январдаги қарори билан рад қилинади.

Шундан сўнг «Geoburservis» ХКнинг шикоятига асосан Тошкент вилояти маъмурий судининг 2020 йил 14 июлдаги қарори билан Зангиота тумани маъмурий судининг 2020 йил 3 январдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, «Geoburservis» ХКнинг даъвоси қаноатлантирилади ва Зангиота тумани ҳокимининг 2019 йил 17 июлдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилади. «Geoburservis» ХК бундан фойдаланиб, «Nazarbek sohil marvaridi» ХК томонидан қурилган бинони унинг ўзига буздиришга киришади. Хуллас, Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 6 октябрдаги ҳал қилув қарори билан «Geoburservis» ХКнинг «Nazarbek sohil marvaridi» ХКга нисбатан 0,2944 га ерда ўзбошимчалик билан (аслида ҳоким қарори билан) қурилган ноқонуний иморатни унинг ҳисобидан бузиб ташлаш ҳамда ерни бўшатиш ҳақидаги даъвоси тўлиқ қаноатлантирилган.

Тошкент вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича апелляция судлов ҳайъатининг 2021 йил 21 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Қураётган биносини гаровга қўйиб банкдан кредит олган «Nazarbek sohil marvaridi» ХК учун бинони бузиб ерни бўшатиш жуда катта йўқотиш бўларди. Шунинг учун ҳам бу ҳолат бўйича адолатли ечим истаб, Тошкент вилояти прокуратурасига ариза билан мурожаат қилади.

Вилоят прокуратураси ишни чуқур ўрганиб, бир нечта ҳолат суднинг эътиборидан четда қолганини аниқлади. Яъни  суд низоли ер «Geoburservis» ХКга тўлиқ тегишли эканлиги ҳақида барвақт хулосага келган, 26 йил давомида ер кадастр бўлимида давлат руйхатидан ўтказилмаган, Зангиота тумани ҳокимлиги ажратган ерга қурилган бино ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланмаслиги суднинг эътиборидан четда қолган.

Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, «Nazarbek sohil marvaridi» ХК 26 йил давомида бўш турган 20 сотих ерда қурилиш қилиб, ҳозир меҳмонхона сифатида фойдаланиб келаяпти.

Юқорида қайд этилган ҳар иккала маъмурий ва иқтисодий иш бўйича Олий суднинг кассация инстанциясига Тошкент вилояти прокуратураси томонидан келтирилган протестлар тўлиқ қаноатлантирилди. Ҳозир «Nazarbek sohil mar­varidi» ХКнинг ҳуқуқлари тикланди.