«Рембрандт»нинг қайтиши

09:41 - 10.06.2022

430

бунга айнан Бош прокуратуранинг ташаббуси билан эришилган эди

Қуйидаги жиноят тафсилоти билан танишган кишининг хаёлига машҳур «Қароқчи чоллар» кинокомедиясидаги таниш эпизодлар келиши шубҳасиз. Фильмда пенсияга чиқишни хоҳламаган, шов-шувли жиноятни очиш истагида ёнган кекса терговчи дўстининг қистовида музейдан машҳур мусаввир Рембрандтнинг қимматбаҳо асарини ўғирлайди. Бироқ улар кутган тўс-тўполон рўй бермайди. Музей ходимлари асарни реставрация учун олиб кетилган деб ўйлашади. Шундан сўнг қариялар картинани яна жойига олиб бориб қўйишга мажбур бўлишади. Бироқ ҳаёт кино ҳам, комедия ҳам эмас. Ҳикоямиз қаҳрамонлари ҳам айнан Рембрандтнинг асарини ўғирламоқчи бўлишди. Лекин бу саргузашт бутунлай ўзгача сценарий бўйича кечди…

Буюк мусаввирнинг бебаҳо хазинаси Аввало улуғ мусаввир ҳақида икки оғиз сўз. Буюк ҳолланд рассоми Рембрандт Ҳарменс ван Рейн (1606-1669) ўз ватани санъати ютуқларини умумлаштириб, янги поғонага кўтарди ҳамда ўз даври мусаввирларидан асарлари мавзусининг ранг-баранглиги, рангтасвир, гравюра ва графикада бебаҳо картиналар ярата олиши билан ўзиб кетди. Унинг қаҳрамонлари кучли иродага эга, маънан бой, оғир шароитда ҳам инсонийлигини сақлай оладиган шахслар эди. Айниқса, унинг «Адашган ўғилнинг қайтиши» асари тасвирий санъат оламида жуда катта шуҳрат қозонган дурдона сурат ҳисобланади. Шундай буюк рассомнинг қаламига мансуб асар билан боғлиқ жиноят тафсилоти нафақат юртдошларимизни, балки дунё жамоатчилигини ҳам қизиқтириши табиий…

Сотилган мерос машмашаси  2014 йил май ойида Тошкент шаҳри Яккасарой тумани судига Андрей Плужников деган фуқародан ариза келиб тушди. Андрейнинг қайд этишича, коллекционерлик билан шуғулланадиган Комил Йўлдошев ундан сотиб бериш учун Рембрандт асарини олиб, қайтариб беришдан бўйин товлаб келаётган экан. Шу тарзда аризабозлик узоқ давом этди. Ўрганишлар давомида аниқланишича, отасининг ўлимидан сўнг Андрей Плужниковга мерос сифатида 64 та тасвирий санъат асари қолган. Аммо Андрей улар орасида уни миллионерга айлантириши мумкин бўлган нодир дурдона борлигини хаёлига ҳам келтирмаган. А.Плужников пулга муҳтожлиги сабабли суратларни бирин-кетин сота бошлади. Бу орада ўзига таниш рассом Тўхтасин Неъматовга ҳам бир нечта расмни кўрсатди. Т.Неъматов эса уни нодир суратлар коллекцияси билан шуғулланувчи Комил Йўлдошев билан таништириб қўйди. Андрей К.Йўлдошевга отамерос суратларидан бир нечтасини пуллади.

2008 йил июнь ойининг бошларида Андрей Т.Неъматов билан К.Йўлдошевнинг офисига бориб, унга ўша энг нодир суратини кўрсатди. Бу Рембрандт қаламига мансуб қоралама асар эди. Коллекционер 20×25 сантиметр ўлчамдаги рамкага жойланган, тахминан 10×12 сантиметр ҳажмдаги қоғоз парчасига перода чизилган қоралама асарни суратлар бўйича эксперт Дилшод Азизовга кўрсатиб, ушбу асар Рембрандт қаламига мансуб ёки йўқлигини текшириб беришини сўради. Асар тасвири аниқ чизилмаган, муаллифнинг абстракт фикри билан бошланган, тугалланмаган ҳолда эди. Қоралама таркиби пахтадан бўлган, яъни муаллиф яшаб ижод қилган XVII асрда фойдаланилган қоғозга ва ўша замонда рассомлар ишлатган ғоз патқаламида чизилган эди. Шунингдек, қоралама асардаги штрихлар йўналиши ҳам айнан Рембрандтга хос эди. Шуларга таянган ҳолда эксперт бу ҳақиқатан ҳам буюк ҳолланд мусаввири қаламига мансуб асар эканлиги ҳақида хулоса берди.

Бу хулосадан сўнг Комил Йўлдошев узоқ савдолашиб, суратни Андрейдан    50 000 АҚШ долларига сотиб олди.

Андрей шундан кейин ҳам Комил Йўлдошевга бир нечта расмини сотди. Бу орада у Рембрандт қораламаси жуда катта қийматга эгалигидан хабар топиб қолди. Ҳатто россиялик харидорлардан бири уни 1 миллион долларга сотиб олишга тайёрлигини айтганида Андрейнинг ҳуши бошидан учаёзди. Бу орада экспертлардан бири бу асарнинг баҳоси бундан бир неча баробар қимматлигини айтиб, унинг юрагида ёнган алангага мой сепгандай бўлди. Шундан кейин Андрей коллекционердан суратни қайтариб беришни талаб қила бошлади. Муроди ҳосил бўлмагач, охири ички ишлар бўлимига ариза берди…

Жиноятчилар кимлар эди? 2018 йил 21 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой тумани судида судланувчилар Комил Йўлдошев ва Рафаэл Фузайловнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, Комил Йўлдошев 1959 йилда туғилган. Оилали, бешта фарзанди бор. Маълумоти олий, «Интер азия» МЧЖда иқтисодчи бўлиб ишлайди. Тошкент шаҳрида яшайди. У илгари қилган жиноятлари учун бир гал 3 йилга муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиниб, каттагина жарима тўлаган бўлса, кейинги сафар 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Сўнг мазкур жазо муддати 6 йилга туширилди, кейинроқ ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. К.Йўлдошев мазкур жазони ўтаб улгурмасдан яна жиноятга қўл урди.

Унинг жиноий шериги Рафаэл Фузайлов 1953 йилда туғилган. АҚШ фуқароси. Оилали, тўртта фарзанди бор. Маълумоти ўрта, пенсионер. АҚШнинг Нью-Йорк штатида доимий рўйхатда туриб, Тошкент шаҳрида истиқомат қилади.

Икки марта сарҳад ошган сурат Хўш, жиноят қандай содир этилди ва қандай фош қилинди? Андрей Плужниковнинг тўполонларидан хавфсираган Комил Йўлдошев 2011 йилда суратни вақтинча хавфсиз жойда сақланишини таъминлаш мақсадида таниши, АҚШ фуқароси бўлган Рафаэл Фузайлов билан жиноий тил бириктириб, суратни мамлакатимиздан Исроилга олиб чиқиб кетишни режалаштирди. Ўзбекистон ҳукуматининг 1999 йил 23 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида»ги 131-қарори билан тасдиқланган низомнинг 4-бандида эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. К.Йўлдошев буни яхши билса-да, ушбу низом талабига зид иш тутди. XVII асрда яратилган тарихий асарни Р.Фузайлов божхона юк декларациясида кўрсатмасдан, божхона хизматининг розилигини олмасдан, назоратдан яшириб, Исроилнинг Тел-Авив шаҳрига олиб чиқиб кетишга эришди. Шунингдек, К.Йўлдошев 2018 йил 14 июнь куни Р.Фузайлов билан келишувга кўра Рембрандтнинг ўша асарини яна қонунни четлаб ўтган ҳолда юртимизга яширинча олиб киришга муваффақ бўлди. Р.Фузайлов картинанинг устига қизининг суратини жойлаштириб, чегарадан олиб ўтди. Бу орада коллекционер асар унинг қўлида эканидан бохабар бўлган эксперт Дилшод Азизовга ҳам таъсир ўтказиб, терговда ёлғон кўрсатув бериши эвазига 100 доллар тиқиштириб, уни пора эвазига оғдириб олишга уринди.

Шинавандалик тўни ортидаги манфаатпарастлик Аммо судда Комил Йўлдошев ва жиноий шеригининг барча қинғирликлари гувоҳларнинг кўрсатувлари ва иш юзасидан тўпланган бир қатор далиллар асосида фош этилди. Судда коллекционернинг музей ташкил қилиш учун мазкур суратни сотиб олгани, таъқибда қолгани учун асарни вақтинча хорижда сақлашга мажбур бўлгани ҳақидаги чўпчакларидан наф бўлмади…

Санъатга ошуфталик киши қалбини поклайди, руҳиятини тозалайди. Бироқ судда Комил Йўлдошев фақатгина ўзининг манфаати йўлида санъат шинавандаси тўнини кийгани маълум бўлиб қолди. 

Суд ҳукм қилди. Унга кўра Комил Йўлдошевга илгари ўталмай қолган жазони ҳам қисман қўшиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда салкам 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ва ўша пайтдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 305 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Унинг жиноий шериги Рафаэл Фузайлов эса ўша пайтдаги энг кам иш ҳақининг 200 баравари миқдоридаги жаримани тўлади.

Қайта-қайта тугатилган жиноят иши Мазкур жиноят иши 2014 йил 27 майда К.Йўлдошевга нисбатан Жиноят кодексининг 170-моддаси (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) билан қўзғатилган эди. 2014–2018-йилларда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари иш бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилиниши лозим бўлган шахс аниқланмагани сабабли 7 марта, жиноят таркиби бўлмагани сабабли 4 марта ва жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли 1 марта тугатилди.

Бош прокурорнинг топшириғига асосан бу жиноят иши Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасидан талаб қилиб олинди ва 2018 йил 4 июнда Бош прокуратура иш юритувига олинди. Андрей Плужниковнинг аризаси синчковлик билан ўрганилди. Комил Йўлдошев ва Рафаэл Фузайлов кузатувга олинди. Уларнинг шубҳали ҳаракатлари видеотасвирга муҳрлаб борилди. Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Комил Йўлдошев Бош прокурор номига ўз айбига иқрорлик аризаси билан мурожаат қилди.

Россиянинг Пушкин номидаги давлат тарихий санъат музейи ходими иштирокида Ўзбекистон маданият вазирлиги Бадиий экспертиза бошқармаси томонидан комплекс-комиссиявий санъатшунослик экспертизаси ўтказилиб, мазкур асар бўёқ хусусияти, қоғоз тузилиши, расмни чизиш техникаси, шунингдек дастхат услубига кўра буюк рассом Рембрандт Ҳарменс ван Рейнники эканлиги ҳақида хулоса қилинди. Ҳозирги кунгача Марказий Осиёда буюк рассом Рембрандтнинг асари мавжуд эмас эди. Санъат асарлари савдоси билан шуғулланувчи аукцион марказлари («Сотбис» – Англия ва «Кристи» – Франция) маълумотига кўра мазкур асарнинг Европа кимошди савдоларидаги бошланғич нархи 8-15 миллион еврога тенг.

Жиноят предмети деб топилган сурат Маданият вазирлигига топширилди ва давлатимизнинг миллий бойликлари қаторидан жой олди.

Меҳнат ва маҳорат маҳсули Шубҳасиз, мазкур жиноятнинг очилиши замирида прокуратура ходимларининг кунни тунга улаб қилган машаққатли меҳнати, катта тажриба ва маҳорати, фидойилиги ётибди. Ўзбекистон Бош прокурорининг 2018 йил 22 июндаги буйруғи билан дастлабки тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб бориб, узоқ йиллар давомида бир неча марта ноқонуний тугатилган жиноят иши юзасидан қонуний қарор қабул қилинишида алоҳида ўрнак кўрсатган, шунингдек, мазкур жиноят иши бўйича тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган санъат асарининг давлатимизга қайтарилишига эришган ходимлардан бир гуруҳи рағбатлантирилди.