ОИТСга чалинганларнинг меҳнат ҳуқуқи чекланганми?

16:13 - 10.06.2022

423

Саломатлик – бебаҳо бойлик. Аллоҳ берган бу неъматни асраш кўп жиҳатдан ўз қўлимизда. Аммо ҳаётда саломатлигимизни ҳимоя қилиш ўзимизга боғлиқ бўлмай қоладиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Яъни кимларнингдир жамиятдаги қонун-қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида аҳоли саломатлигига путур етиши мумкин.

Яқинда «Yoshlar» телеканалининг «Янги давр» ахборот дастурида орттирилган иммунитет танқислиги синдроми(ОИТС)га чалинган стоматолог беморларга хизмат кўрсатиб келгани ҳақида лавҳа намойиш этилди. Маълум бўлишича, йигит 2021 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари томонидан назоратга олиниб, шу куни шифокор унга ОИТС касаллиги ҳақида тушунтириш берган. Била туриб бошқаларга ушбу касалликни юқтирса ёки юқтириш хавфи остида қолдирса жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирган. Бироқ ўтказилган тадбирда фуқаро ўзининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) ва ОИТС инфекцияси билан касалланганини била туриб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқ ва талабларини бузган ҳолда тақиқланган фаолият (стоматолог сифатида) билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.

Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 113-моддаси (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) бўйича иш очилиб, тергов ўтказилаяпти. Ушбу моддага кўра йигит 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Кўпчиликда савол туғилиши табиий: ОИТСга чалинган беморлар қайси соҳаларда ишлай олмайди? Умуман, ОИТСни юқтириб олган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи чекланиши мумкинми?

ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжоновга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

– Қонунчиликда ОИТСга чалинган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқига доир қандайдир чекловлар белгиланганми?

– Мамлакатимизда иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди, айрим касблар бундан мустасно.

«Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига кўра ОИВни юқтириб олганларда ОИВ инфекцияси мавжудлигини асос қилиб улар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга, уларни ишга қабул қилишни рад этишга (Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайдиган рўйхатда назарда тутилган айрим касблар бундан мустасно), таълим муассасаларига (таълим муассасаларининг қонунчиликда белгиланган айрим турлари бундан мустасно) ва тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларга қабул қилишни рад этишга, шунингдек, уларнинг бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклашга, оила аъзоларининг тураржой ҳуқуқларини, бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклашга йўл қўйилмайди.

– ОИВ ёхуд ОИТСга чалинган шахслар қайси соҳаларда ишлаши мумкин эмас?

– Соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 23 апрелдаги 7-буйруғи билан «Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари» рўйхати тасдиқланган. Улар: 1. Қон ва унинг таркибий қисмларини тайёрлаш ва уларга қайта ишлов бериш билан боғлиқ касблар. 2. Қон ва унинг таркибий қисмлари, сперма ва кўкрак сутини қабул қилиш билан боғлиқ касблар. 3. Гемотрансфузия билан боғлиқ касблар. 4. Қуйидаги тиббий муолажалар билан боғлиқ касблар: инъекциялар; диализ; венесекция; катетеризация. 5. Косметик ва пластик операциялар билан боғлиқ касблар. 6. Стоматологик муолажалар билан боғлиқ касблар. 7. Туғруқ билан боғлиқ касблар. 8. Аборт ва бошқа гинекологик операциялар билан боғлиқ касблар. 9. Соч ва соқол олиш, пирсинг, маникюр, педикюр ҳамда татуаж билан боғлиқ касблар.

ОИВ инфекциясига чалинган шахс касаллигини яшириб ёки сохта ҳужжатлар тақдим қилиб бундай шахслар ишлаши ман этилган касбларга ишга қабул қилинган бўлса, у ҳолда меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси (меҳнат шартномасининг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши) 4-бандига асосан ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилгани муносабати билан бекор бўлади. Бу ҳолатда ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар ходимнинг айби билан бузилгани туфайли ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди.