«Қиммат машинаси ва қўриқчилари мени чалғитди…»

16:35 - 10.06.2022

436

Кейинги вақтларда фирибгарлик кўпайгандек. Лекин қарс икки қўлдан чиқади деганларидай жабрдийдаларнинг ўзида ҳам айб бор. Ишламасдан мўмай даромад топиш бировга ёқса, ҳаромдан ҳазар қиладиганларга ёқмайди. Бундайлар ҳаммасига ўзининг меҳнати билан эришишни хоҳлайди. Бироқ бировни алдаб кун кўрадиганлар бор. Анна Волкованинг макри олдида унча-мунча одам ип эшолмайди. Россияда туғилган А.Волкова айни пайтда Тошкент вилоятида яшайди. Фирибгарликни касб қилган аёл шаръий турмуш ўртоғи ва бир нечта таниши билан содда одамларга катта миқдордаги пулини кўпайтириб беришни ваъда қилиб, алдаб кетди. 

А.Волкованинг Россияда рўйхатдан ўтган «River coins LTD» онлайн иловасининг «Свой дом» дастури орқали катта миқдорда даромад топиш ҳақидаги ташвиқоти кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Жиноят иши бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, жабрланувчи деб эътироф этилган Зилола Тўраева қуйидагича кўрсатув берди: «2021 йилнинг август ойида Каттақўрғон шаҳридаги «Оққуш» ошхонасида бир аёл одамлардан пул олиб, қанчадир муддатда пулини ярим баробар кўпайтириб бераётганини эшитдим. Кейин ҳақиқатан шу гаплар ростмикан деб «Оққуш» ошхонасига бордим. Борсам, бир нечта киши бир аёл билан ўтирган экан. Аёл ва у билан бирга юрган Нозим деган киши атрофдагиларга онлайн сайтга пул тикса, тикилган пул миқдори 20 кун ичида ўйналиб, бир баробар кўпайиб қайтишини, кўпайган миқдордаги пулни ўз қўли билан эгасига санаб беришини айтаётган экан. Шундан сўнг мен ҳам қизиқиб:

– Гапингиз ростми? Алданиб қолмаймизми? – деб сўрадим.

– Мен бу аёлнинг турмуш ўртоғи бўламан, – деди ёнида ўтирган Нозим деган киши. – Бу гап ҳақиқат. Ўзим органда ишлайман.  

Эркак шундай деб ёнидан қизил рангли гувоҳномасини бир кўрсатиб, яна чўнтагига солиб қўйди. Кейин мен Нозимнинг «Кобальт» русумли автомашинаси борлигини билиб, ишонарли бўлиши учун машинасини менга сотгани тўғрисида қоғозга ёзиб беришини, шундан кейин пул тикишимни айтганимда кўнмади. Кейин уларга:

– Сизлар одамларни алдамоқчи бўлаяпсизлар, – дедим.

Нозим: – Агар шу аёл алдаса, мен ўзим уни биринчи ўринда қамайман, – деди.

Мен барибир уларга ишонмай чиқиб кетдим. Орадан икки кунлар ўтгач, А.Волкованинг ўзи қўнғироқ қилиб, телефонимни одамлардан топганини, унга ишониб пул тикишимни, тиккан пулимни бир баравар қилиб қайтаришини билдириб, учрашишни таклиф қилди. Мен рози бўлиб у айтган ошхонага бордим. Суҳбат давомида А.Волкова қўзиқорин бизнеси билан шуғулланишини, Тошкентдаги катта-катта супермаркетларни қўзиқорин билан таъминлашини айтди. Мени онлайн ўйинга қизиқтириб, агар бирданига 150 000 АҚШ долларини ўйинга тиксам, менга «Экинокс» русумли автомашина совға қилишини айтди.

Мен эртаси куни «Оққуш» ошхонасига бордим ва А.Волкова айтганидай ўйинга тикиладиган минимал сумма – 700 долларни унга бердим. Уч кундан кейин А.Волкова менга пулимни 1400 доллар қилиб қайтарди. Алдамаётганини, яна пул тикишимни, агар 150 000 доллар тиксам, бирданига совға сифатида «Экинокс» автомобилини беришини ва пулимни ҳам 300 000 доллар қилиб беришини айтди. Каттақўрғон шаҳрида яшовчи бир аёлга катта пул тиккани учун «Экинокс» автомобили, яна бир йигитга «Ланд крузер» автомобилини совға қилганини айтди.

Шундан кейин А.Волковага ишона бошладим. 150 000 долларни бериб, совғасига «Экинокс» автомашинаси олишга қизиқиб қолдим. Дастлаб 2021 йил 8 сентябрь куни унга 27 500 долларни «Мароқанд» ресторанида бериб, пулни олгани ва қанча муддатда қайтариб бериши тўғрисида тилхат ёздириб олдим. Кейинроқ Россияда ишлаётган синглимнинг менга жўнатган пулларини ҳам А.Волковага бердим. Унга бўлиб-бўлиб жами 110 300 доллар бердим. У 20 кун ичида пулимни кўпайтириб бериши керак эди. Келишилган вақтда пулимни сўрамоқчи бўлганимда А.Волкова қўнғироқларимга жавоб бермади. Каттақўрғон шаҳридан ҳам қочиб кетибди. ИИБга мурожаат қилганимдан сўнг у 4300 доллар, кейин 5000 доллар берди. Ҳозирги вақтда у яна 101 000 доллар бериши керак. Унга нисбатан қонуний чора кўришингизни сўрайман».

А.Волкова одамларни гипноз қилгандай алдовига ишонтиради. Аввалига ўйинга 700 доллардан пул тикканларга пулини кўпайтириб беради ва кўпроқ пул тикишга қизиқтиради. Бундан ташқари, таниш-билишларини ҳам бу ўйинга жалб қилишга ундайди. Унга ишониб жабр кўрганлардан яна бири Жавлон Давронов бўлади. У ҳам танишларидан А.Волкова ҳақида эшитиб, аёл билан кўришишга қизиқади. У билан кўришганда икки қўриқчиси билан қиммат машинада келган А.Волкованинг алдовига учиб, унга 57 000 доллар пул беради. Пули ўз-ўзидан кўпайишига астойдил ишонган Ж.Давронов ҳам вақт ўтгандан кейингина алданганини билди. Кўп одамни алдовига ишонтирган А.Волкова биргина ҳудуд билан чекланмади. Гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра у бир нечта вилоятга бориб, у ердаги соддаларни ҳам алдаган.

Анзират Ҳамидова ҳам Тошкент шаҳридаги танишларидан «Свой дом» сайтида одамларнинг пулини кўпайтириб бераётган аёл ҳақида эшитади. Бу сайтни яхши билишини, бундай бўлиши мумкин эмаслигини билса-да, Тошкентга келиб, А.Волковани излаб топиб гаплашди. А.Волкова «электрон пул» билан шуғулланишини, бутун дунё давлатлари билан электрон пул олди-сотди қилишини, ўзи нақд пул бўлса олишини айтади. А.Ҳамидова А.Волковага дастлаб 20 кун ичида икки баробар кўпайтириб бериш шарти билан 2200 доллар пул беради. Кейин яна 6000, 9000, 4000 доллар, жами 21200 доллар пул тикади. А.Волкова унга ҳам «пул қўймоқчи бўлган танишларингиз бўлса олиб келинг» дейди. А.Ҳамидова ҳам вақт ўтгандан сўнг алданганини билади. Фирибгар аёл шу усулда бир нечта одамни алдаб, пулларини олиб, бермай кетди. Ёлғоннинг умри қисқа дейишади. А.Волкованинг фириблари фош бўлиб, ИИБ ходимлари томонидан ушланди. Суд унга қилмишига яраша жазо тайинлади.