«Ука, кўришайлик, дидимга ўтириб қолдингиз…»

09:50 - 09.06.2022

459

Асакалик Муроджон Унсинов тинчгина ишлаб юрган кунларнинг бирида бир танишининг хонадонига бориб қолди. Бир пиёла чой устида суҳбат бошланиб кетди. Тўрда ўтирган киши – ошнасининг таниши бировга гап бермай ўтирарди.

Муроджон уни аввал ҳам қаердадир кўрганини эслади. «Спарк»и бор эди шекилли.

– Қани, ука, овқатга қаранг, бунақа совуқда мастава жуда кетади-да, – деди у қошиқни тўлатиб қатиқ олиб ўз косасига соларкан. Сўнгра сўради: – Ука, нима иш қиласиз?

Уй эгаси жавоб бермоқчи эди, аммо Муроджоннинг ўзи ҳозир тадбиркорларга металлдан иссиқхона қуришда ёрдамлашаётгани, топиш-тутиши шундан эканини айтди. «Ёмон эмас, нолийдиган ерим йўқ, ҳатто ишим ёқиб, Бухоро, Самарқандлардан ҳам таклиф тушиб турибди. Янаги ойларга Форишдан бир буюртмам бор», – қўшимча қилди у. Шу орада у ҳамсуҳбатидан «″Спарк″ингиз бўлармиди?» деб сўрамоқчи бўлди-ю, борди-ю у мен таниган одам бўлмаса хижолат тортмай деб тилини тишлади.

– Ўзингиз ҳам иссиқхона қурсангиз бўлмайдими? – деб қолди суҳбатдоши. – Қўлингиздан келадиган ҳунар экан…

– Шунақа ният ҳам йўқмас, ошналарнинг иссиқхонасини, у ерларда пишаётган сархил меваларни кўриб, жуда ҳавас қиламан.

– Ҳа, – жонланди суҳбатдоши, – одам қилганни одам қилади! Истасангиз, мана менинг ерим бор, шуни сотаман. Қўлимдан келганича оёққа туришингизга кўмаклашаман!

– Ака, очиқ гапни айтсам, ҳозир менда катта пул йўқ. Бўлса ўзим билардим… – каловланди Муроджон.

– Ҳа, иш кейин, қани, дастурхонга қаранглар, овқат совуқ кунда тез совуйди, – мулозамат қилди уй эгаси.

Муроджон ҳамсуҳбатининг Баркамол Ғаниев эканини шу даврада билди. У ҳозир фермер бўлиб, айтишича қўли узатган ерига етаркан.

– Ёмон эмас, оддий одамлар ҳам, ҳокимиятдаги катталар ҳам мени билишади, хизматимиз сингган-да, – деди у оғзини тўлдириб.

Уй эгаси унинг гапларини тасдиқлаган бўлди. Баркамол ака ҳақиқатан фермер бўлган, ҳозир пенсияда, унинг ери маданий-маиший иншоотлар қурилиши сабабли аллақачон Асака тумани ҳокимлиги захирасига қайтарилганди. Ҳозир кексалик гаштини сураётган бу кишида ҳеч бир ваколат қолмаганди. Аммо отдан тушса ҳам узангини бермайдиган бу шахс ҳамон бировларга ўзини раҳбар сифатида таништиришни одат қилганини Муроджон кейинроқ билди. Хуллас, ўша куни Баркамол Ғаниев иссиқхона қурса, тенг шерикчилик асосида ишлашни таклиф қилди.

– Ака, шароитим кўтармайди, – изоҳлаган бўлди яна Муроджон.

– Шароитни қўйинг, сиздан пул сўрамаяпман. Еримга боринг, кўринг, ундан кейин гаплашамиз. Мана, укахонимнинг таниши экансиз, келишамиз. Келишмай қаёққа ҳам борардик?!

Баркамол ака ўша куни қўярда-қўймай Муроджоннинг телефонини олди. Ўз рақамини қолдирди. Муроджон негадир бу ўтиришдан дили ғаш қайтди. Унга бояги мастава-ю дастурхонни безаган бошқа таомлар, тансиқ салатлару тузламалар ҳам татимади.

Унинг кайфияти бузилган эди. Тўғри-да, сен энди нимадир тотинмоқчи бўлсанг, қаршингда биров ё мақтаниб, ё тўхтамай бир нима деб турса, таом татирмиди?

Кунлар ўтаркан, Баркамол Ғаниев Муроджонга кунда-кунора телефон қила бошлади. Гапи битта: «Ука, кўришайлик, ер ажратиб, қарорини чиқартириб бераман. Дидимга ўтириб қолдингиз, сиздан бошқага ер сотсам, отимни бошқа қўяман!».

Бу қўнғироқлар албатта Муроджонга ёқмасди. Охири бир куни кўришишга қарор қилди. Бу ораларда февралнинг серё­ғин кунлари ниҳояланиб, март келди, ерга тафт етди.

Муроджон айтилган ерга борди. Баркамол ака янги «Эквинокс»ида уни ўз ерига (аслида бошқаларнинг тасарруфига ўтиб кетган ерга) бошлаб борди.

– Мана, манави боғ меники. Ҳамма дарахтини ўзим экканман, ҳатто олис Гвинеядан келтирилганлари ҳам бор. Гулларни яхши кўраман, кўчатларни севаман, етти отам боғбон ўтган…

Ҳамсуҳбатининг мақтанишлари Муроджоннинг қулоғига кирмас, у тезроқ бу ердан кетишни истарди. Суҳбат асноси Баркамол ака ярим гектар ерни унга ажратиб бермоқчилигини айтди, Муроджон ерни қандай расмийлаштириб олишини сўраганида, ўзи бу ишларга елка тутишини билдирди. «Айтдим-ку, ҳокимиятда мени ҳамма танийди» деб изоҳлади Баркамол ака.

– Бир-икки минг доллар берсак, тамом, туман ҳокимлиги захирасига шу ерни қайтарамиз-да, у ёғи сизники бўлади…

Афсуски, бу айтишгагина осон эди. Баркамол ака ўз жиноятига бошқаларни ҳам зимдан шерик қилаётганини билиб турса-да, барибир нафс уни ўз комига тортарди.

Мана энди кайфиятсизликнинг сабаби ойдинлашди. Муроджон бошқачароқ тарбия олган, пулдан ҳам ортиқроқ тушунчалар борлигини англарди.

– Қанчага сотасиз? – тоқатсизланди Муроджон.

– Ўн мингга, – деди суҳбатдоши. – Олдиндан беш минг долларини берасиз. Қолганини – иш битганда!

– Уйга бориб ўйлаб кўрай, пул топсам телефон қиламан, – деди Муроджон.

Иш пишган бўлди. Баркамол Ғаниев уни яна туман марказига ташлаб қўймоқчи эди, Муроджон рози бўлмади. Барибир янги таниши уни катта йўлгача олиб чиқиб қўйди.

Муроджон Асака марказидаги машҳур таомхоналардан бирига келди. Енгил тортди. Хизматчи қиз унга аччиқ кўк чой келтирди. Чойдан ҳўпларкан, у ўйлай бошлади:

«Катталар, ер, пул… Бу одам ўзи қанақа?! Ер сотиш – жиноят! Пора бериш – жиноят! Пора олиш – жиноят! Майли, инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин…».

Баркамол ака ҳар куни қўнғироқ қиларди: «Нима бўлди, пул топдингизми? Қачон учрашамиз?».

Муроджон ҳали бир қарорга келмаган ва пул топмаган, топгани уй ва ота-­она, қисқаси, рўзғорга кетаётган эди. Шундай бўлса-да, «тез кунда бораман» деб қўяқоларди.

Ниҳоят, пул топилди. Бу хабардан айниқса Баркамол Ғаниев қувонди ва ярим соатда етиб боришини билдирди. Бу гал у «BMW X-7» машинасида келди.

– Шунақа улов ҳам бор, – мақтанган бўлди у.

Баркамол Ғаниев ўзи сўраган 5000 АҚШ долларини санаб олиб, киссасига тиқди. Хайрлашишди. У ишни тезлаштиришга қуюқ ваъда берди. Аммо қонун нозирлари уни шу куниёқ жиноят устида қўлга олгани ва унинг тақдири ҳақида ҳукм айтиш учун жиноят ишлари бўйича Асака тумани суди мажлис чақиргани бу ваъдаларнинг ижросини бутунлай пучга чиқарди.

Хуллас, Баркамол Ғаниев суднинг ҳукми билан айбли деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима ва 3 йиллик озодликни чеклаш жазосига тортилди.