Икки пиёла ароқ

09:37 - 09.06.2022

390

Ўша куни Асадбек онасини ўзи ишончнома орқали бошқариб юрган «Ласетти» машинасига миндириб, Ҳазарадан Абзият қишлоғига қараб йўлга чиқди. Тоғаси тўй қилаётган эди.

Тўйхонада уларни қариндошлари илиқ қарши олишди. Базм авжида Асадбек рулда келганини ҳам унутиб, икки пиёла ароқ ичди. Қайтишда онаси, момоси, жўраси Ҳумоюн ва қариндоши Шерзодни машинасига миндириб олди.

Хайриятки, эсон-омон Ҳазарага етиб келишди. Онаси ва момосини уйига ташлаб қўйган Асадбекка «Сен боя тўйда ичиб олувдинг, йўлда худо бир асради, ҳеч бўлмаса энди уйингга кириб дамингни ол» дегувчи топилмади. У Ҳумоюн жўраси билан яна машинага ўтириб Абзиятга отланиб қолди. Қутчи қишлоғидаги мактаб ёнида йўлдаги сунъий дўнгликни айланиб ўтмоқчи бўлиб, машинани йўлнинг бу четидан ҳайдади. Аммо рўпарадан келаётган «Нексия»нинг ёнига урилди…

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида Асадбек Ҳасановнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, А.Ҳасанов 2000 йилда туғилган. Маълумоти тугалланмаган олий, ишсиз, бўйдоқ. Шаҳрисабз тумани Ҳазара қишлоғида яшайди.

Суд мажлисида қайд этилишича, А.Ҳасанов Йўл ҳаракати қоидаларининг 2-банди, 77-банди талабларига риоя қилмаган. Бепарволик билан ҳаракат хавфсизлигини таъминламасдан, йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб, фуқаро Шерназар Бобоқуловнинг «Нексия» автомашинасини чап ёнидан уриб юбориб, авария содир этган. Оқибатда мазкур машинада келаётган Вазира Эргашева ва Хумора Одилованинг жароҳат олиб, вафот этишига сабабчи бўлган. Бундан ташқари, Асадбекнинг қилмиши натижасида унинг ўзи, «Нексия» ҳайдовчиси Шерназар Бобоқулов ҳамда йўловчилар Башорат Юсупова ва Мария Халилова турли даражада жароҳатланишган. Маълум бўлишича, Мария онаси, қизалоғи ва келини Вазира билан қариндошининг тўйидан қайтаётган экан…

Судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қаттиқ пушаймонлигини билдирди. Марҳумларнинг яқинларидан узр сўради. Суд ҳукми билан Асадбек Ҳасановга 3 йил барча турдаги транспортларни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Марҳумларнинг қонуний вакиллари, жабрланувчилар ва фуқаровий даъвогарнинг етказилган моддий, маънавий ва мулкий зарарлар бўйича судланувчига даъвоси йўқлиги қайд қилинди.