Ё саодат – ё фалокат масаласи

12:31 - 06.06.2022

390

Таълим-тарбия ҳақида сўз кетганда Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» деган чорлови ёдимизга тушади. Маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари ўтган асрнинг бошида миллатимиз учун нечоғли муҳим бўлган бўлса, бугун ундан-да долзарб. 2022 йилнинг 5 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлиги атрофлича таҳлил қилинди.

Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболини белгилаш илмий тадқиқот инс­титути директорининг таълим инновация­ларини жорий этиш бўйича ўринбосари, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Меҳринисо ПАРДАЕВА билан суҳбатимиз ҳам таълим сифатини яхшилаш, педагогларнинг малакаси ва нуфузини ошириш, тизимга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш хусусида бўлди.

– Бугун халқ таълими тизимида қилинаётган ислоҳотлар, уларнинг устувор йўналишлари ҳақида гапириб берсангиз.

– Ислоҳотлар, энг аввало, мактаб таълимидаги муаммоларнинг ечимини топишга қаратилган. Тизимни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлашга катта куч ва маблағ йўналтирилмоқда.

Бугунги кунда 10 мингдан ортиқ мактабда 6,3 миллион ўқувчи таълим-тарбия олаяпти, уларга 500 мингдан кўпроқ педагог сабоқ бериб келмоқда. Бу таълим сифати мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисмини ташкил этувчи ўқувчилар ҳаётига таъсир этади, демакки, аҳоли ҳаётига таъсир этади деганидир. Шунинг учун умумий ўрта таълим тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Президентининг 17 та фармон ва қарори, ҳукуматнинг 44 та қарори қабул қилинган. Жумладан, Президентнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-фармони билан Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Ўрта таълим тизимини замон талаб­ларига мослаштириш мақсадида дарслик­ларни янгилаш учун давлат бюджетидан 605 млрд. сўм ажратиш, 141 мингта янги ўрин яратиш ва ўқув ўрни сонини 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказиш белгиланди.

Нодавлат таълим ташкилотларига шароит яратиш орқали уларнинг улушини 2026 йилда 8 фоизга, жумладан, 2022 йилда 3 фоизга ошириш таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини ҳам шакллантиради.

Ёшларни санъатга қизиқтириш, компьютер ва ахборот технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун зарур жиҳозлар билан таъминланган 100 мингдан ортиқ бепул тўгарак ташкил қилинади, 2022–2026-йилларда 217 та «Баркамол авлод» мактабини ривожлантириш бўйича дастур амалга оширилади.

– Сизнингча, мактаб таълимида энг асосий омил нима?

– Албатта, энг асосий омил ўқитувчиларнинг маҳорати. Гап шундаки, ўқитувчи қандай бўлса, таълим сифати ҳам шундай бўлади. Миллат тақдири ўқитувчиларга боғлиқ экан, уларни ҳар доим ҳар томонлама қўллаш зарур.

– Жамиятда ўқитувчиларнинг обрўсини кўтариш борасида шу кунгача қандай ишлар қилинди? Яна нималар қилиниши керак деб ўйлайсиз?

– Бу борада қилинган энг яхши ишлардан бири муаллимларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига барҳам берилганидир. Шунингдек, бошқа соҳалардан фарқли равишда биринчи марта педагог­ларнинг иш ҳақи белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлмаган ҳолда икки босқичда (2018 йил 1 сентябрь ва 2019 йил 1 январда) 50 фоизга оширилди. Натижада охирги тўрт йилда ўқитувчилар таркиби яхшиланиб, ўрта махсус маълумотли муаллимлар сони 30 фоиз камайишига эришилди. Энг муҳими – қарийб 45 минг нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтди.

Ўқитувчиларни қўллаш мақсадида илк бор 4306 нафар педагогга фоизсиз автокредит берилди. Шунингдек, муаллимлар учун мобил алоқа операторлари томонидан имтиёзли тарифлар тақдим этилди.

Юқори натижаларга эришган педагог­ларни қўллаш мақсадида ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўқитувчиларнинг малака тоифаларини олиш тартиби соддалаштирилди.

Ўқувчиси халқаро фан олимпиадаларида яхши натижа кўрсатган ўқитувчиларнинг иш ҳақига устама белгилаш тартиби жорий этилди.

Президентнинг 2021 йил 11 январдаги қарорига мувофиқ энди чекка ҳудуддаги ҳамда таълим сифати паст бўлган мактабларга жалб қилинган олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар вилоят доирасида бошқа туман ё шаҳардан келса 50 фоиз, бошқа вилоятдан келса 100 фоиз устама олади.

Таълим сифатини ошириш ўқувчилар билан тинимсиз ишлашни тақозо қилади. Шунинг учун муаллимларни ортиқча ҳисоботлар билан чалғитмаслик мақсадида педагоглар юритадиган ҳужжатлар сони камайтирилди.

– Педагогларнинг маҳоратини ошириш борасида институт томонидан қилинаётган ишларга ҳам тўхталсангиз.

– Институтимиз томонидан педагог­ларнинг малакасини ошириш бўйича янги тизим – «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформаси ишга туширилди. Бугунги кунда платформа орқали 200 минг­га яқин ходим малакасини оширди. Малака оширишнинг вариатив ўқув дастурлари асосида рақамли контент яратилди.

Мазкур йўналишда халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, «Класс» лойиҳаси доирасида россиялик 150 нафар, «English speaking nation» лойиҳаси доирасида америкалик 26 нафар педагог малака ошириш марказлари ва мактабларга жалб қилинди. Шунингдек, халқаро баҳолаш тадқиқотларига тайёргарлик кўриш мақсадида 383 та таянч мактаб ташкил этилиб, миллий марказ билан ҳамкорликда PISA ва PIRLS йўналишлари бўйича тўрт хил услубий қўлланма тайёрланиб, барча мактабларга етказилди.

– Тизимда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?

– Бу борада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда 9419 та мактаб кенг полосали интернетга уланди, 7000 та мактабда компьютер синфларига локал тармоқ ҳамда ўқитувчилар хонасига Wi-Fi қурилмалари ўрнатилди.

Халқ таълими тизимини автоматлаштириш, маълумот алмашинувини электрон шаклга ўтказиш ҳамда тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида йигирмадан ортиқ ахборот тизими ишга туширилди.

Аҳолига сифатли таълим хизматлари кўрсатиш мақсадида qabul.maktab.uz онлайн тизими ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳрида ва вилоятлар марказидаги мактаб­ларда жами 88 мингдан зиёд 1-синф ўқувчиларининг ҳужжатлари онлайн тарзда қабул қилинди.

Мамлакат бўйича 6 мингта мактабда kundalik.com электрон журнали жорий этилиб, 4,1 млн. ўқувчи ушбу тизимдан фойдаланаяпти. Шунингдек, attestat.uzedu.uz – электрон шаҳодатнома платформаси ёрдамида мактаб битирувчилари тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштириш мақсадида «Аттестат» ахборот тизими ишга туширилди.

Мактабларни яхши кадрлар билан таъминлаш тизимини шаффофлаштириш мақсадида ish.uzedu.uz портали орқали барча мактаблардаги бўш иш ўринларини эълон қилиш ҳамда ушбу лавозимларга электрон ариза топшириш йўлга қўйилди.

Ўқувчилар ва ота-оналар учун kitob.uz порталига икки мингдан ортиқ китобнинг электрон ва аудио нусхаси жойлаштирилди.

– Таълим тизимини такомиллаштириш борасида яна қандай ишлар режалаштирилган?

– Бугунги интернет, технологиялар ривожланган бир даврда таълим тизими кимни тарбиялаб бериши керак? Сунъий интеллект даврида ўқувчиларга нималарни ўргатишимиз лозим? Жадал техник-технологик тараққиёт ва маълумотларнинг кўплиги анъанавий ўқув материалларига асосланган таълим тизимини қайта кўриб чиқиш заруриятини келтириб чиқарди.

Тараққиёт стратегиясида аниқ мақсадлар белгилаб берилди, хусусан, 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликларни илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта кўриб чиқиш; миллий ўқув дастурига асосан 2026 йилга қадар 699 номдаги, шу жумладан, 2022 йилда 296 номдаги янги дарслик, машқ дафтари, методика китоб­лари ҳамда мобил иловаларни яратиш; миллий ўқув дастури бўйича янги методикаларга ўқитувчиларни ўқитиш мақсадида 2026 йилга қадар 769 та видеодарс яратиш режалаштирилган.

Бугун жамият ва меҳнат бозорининг эҳтиёжи қандай ўзгариб бораётганини чуқур англаб, таълим тизимини шунга мос равишда такомиллаштиришимиз лозим.

Ўзбекистоннинг келажаги мактабдаги таълим-тарбияга боғлиқ. Катта умидлар билан мактабга қадам қўяётган фарзандларимиз пухта билим олиши учун шароит яратиш, таълим сифатини яхшилашга хизмат қилувчи ислоҳотларни давом эттириш бизнинг бурчимиздир. Зеро, Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади.

Фазилат Ёдгорова суҳбатлашди