Бир номард ва икки қўрқоқ

17:18 - 06.06.2022

401

Камолиддин туғилганида фазлу камолини кўрайлик, заволини кўрмайлик деган ниятда ота-онаси, бобо-момоси шундай исм танлашган бўлса ажаб эмас. Аммо ҳамма вақт ҳам орзулар ушалиб, айтилган сўзлар ижобат бўлавермайди. Камолиддин илк бор 25 ёшида суднинг қора курсисига ўтирди. Бир эмас, уч марта судланган Камолиддин хатоларидан сабоқ чиқармади. Оиласи, гулдек икки фарзанди бўлишига қарамасдан яна жиноят кўчасида тентиради. Ёмонликлар дояси бўлган ичкиликдан юз ўгирмади.

У 2021 йил 2 сентябрь куни эрталаб Бухоро шаҳрига келиб, мардикорлар турадиган жойдан фуқаро Р.Оққиев, Х.Оққиев ва Ф.Жўрақуловни ўзи яшайдиган Шофиркон тумани Халажиён қишлоғидаги уйига олиб келади. Келишувга кўра уйининг деворларини суватади. Соат ўнда бошланган иш тушгача давом этди. Усталар уйда тушлик қилиб олишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай дарвозадан кириб келган Камолиддин ширакайф эди. Усталардан бирининг телефонини сўроқсиз олиб, узоқ вақт титкилаб турди. Бундан жаҳли чиққан телефон эгаси Худоёр телефонини беришни сўраган эди, Камолиддинга қаттиқ тегиб кетди. У сабабсиз жанжал чиқарди.

Шу хонадоннинг куёви Мирали Тошев (лақаби афғон) ҳам тортишувга қўшилди. Худоёр Оққиев бу тариқа ишлашса иш ҳақини ололмаслигига кўзи етиб, кетишини билдирган эди, Камолиддиннинг баттар жаҳли чиқди. Энди у қутурган йиртқичга айланаётган эди. Қўлига темир профилни олиб Худоёр, Рамазон, Жўрақулни уриб жароҳат етказди.

М.Тошев билан бирга Р.Оққиевнинг «Samsung J1», Х.Оққиевнинг «Huawei 7», Ф.Жўрақуловнинг «Samsung S4» русумли телефонини, Ф.Жўрақуловнинг ҳисобида 4000 сўм пули бўлган «Ҳамкорбанк» пластик картасини, шунингдек шу куни соат 16:30 ларда Р.Оққиев, Х.Оққиев ва Ф.Жўрақуловларнинг ҳар биридан 500 минг сўмдан, жами 1 млн. 500 минг сўм нақд пулини  қўлга киритишди.

Камолиддин соат 17 ларда қишлоғидаги Собир исмли кишига тегишли бўлган ошхонага кириб, у ерда пиво ва ароқ ичди. У энди одам қиёфасидаги маҳлуққа айланиб улгурган эди.

Вобкент – Шофиркон йўналишида пиёда йўлга чиққан рецидивист  «Боғишамол» дўконидан яна бир шиша ароқ олиб, уни йўл-йўлакай ичиб борар эди. Туман марказида йўловчи кутиб турган оқ рангли «Нексия» машинасига ўтирган вақтида одамийликни тамоман унутган эди.

Машинада ҳайдовчидан ташқари олд ўриндиқда ёш йигит ва орқа ўриндиқда бир аёл ўтирган эди.

Камолиддин ўтириши билан салон бадбўй ҳиддан сасиб кетди. Унинг кўзлари бежо, ўриндиқда аёл томонга сурилиброқ ўтириб, унга тегажоғлик қила бошлади.

– Тўғри ўтиринг, сиз нималар қилаяпсиз? – деди Феруза Ўлмасова (қизнинг исм-фамилияси ўзгартирилди).

– Нима қилаяпман, кўрмаяпсанми? Сени… – оғзидан гапи билан бирга тупуги ҳам тўкилиб кетаётган К.Шодиев на ўзини, на нафсини бошқара оларди.

Олд ўриндиқда ўтирган йўловчи аҳвол яхши эмаслигини кўриб, йўлда тушиб қолмоқчи бўлди. Ҳайдовчи Шерзод Неков танбеҳ бергандек гапирди.

– Сен менинг кимлигимни биласанми?! Ман ўтириб чиққанман. Йўлингга қара! Қаерда тўхта десам тўхтайсан, бўлмаса ўлдириб ташлайман.

Бир пўписа билан ҳайдовчининг дами ичига тушиб кетди. «Ҳа-да, нима қиламан ўзимга бало орттириб», деган ўй хаёлига келди. Олд ўриндиқда ўтирган Азамат Ҳамидов (исмига умуман нолойиқ чиқиб қолган йигит) ҳам қўрққанидан тилини ютиб юборгандек, бир сўз демай кетарди. Қани, ўзбекка хос мардлик? Қаерда қолди, эркак ҳар қандай шароитда аёлнинг ҳимоячиси, деган тушунчалар?!

Халажиён қишлоғидан оқиб ўтувчи Абдуллахон зовурининг ўнг томонидаги йўлдан 150 метр ичкарига, овлоқ жойга келиб тўхтаган «Нексия» бир муштипар, ожиз қизни маст, одамийликни унутган рецидивист билан қолдириб, ортга қайтди.

К.Шодиев ҳирсини қондириш учун энг ёвуз ҳаракатлардан ҳам тийилмади. Феруза ҳар бир рад этилган талаб учун қаттиқ таҳқирланди. Ўзининг қабиҳ ниятига эришган жиноятчи қилмишини яшириш учун қизни бўғиб ўлдириб, зовур ичига ташлаб кетди.

Одамзотнинг жирканч жиноятини кўришни истамагандек қуёш уфқ орқасига беркинди. Кузнинг намиққан ҳавосидан бўғилаётгандек чағалайлар зовурда ётган жасад устидан у ён-бу ёнга безовта уча бошлади…  Аммо, бу қотиллик содир бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Қачонки, нияти ёвуз жиноятчи ҳақида Ш.Неков  тегишли идораларга хабар берганида бир инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинган бўлар эди. Ишга кетиш учун отланган, йўлида бир номард ва икки қўрқоқ учрашини билмаган Феруза ҳаёт билан видолашди. «Қизим ишдан қайтади» деб кутаётган она, ака-укаларнинг эса бу ёмон хабардан юраклари изтиробга тўлди.

Камолиддин Шодиевнинг қабиҳ қилмишларини кўриб туриб кўрмаганга олганлар ҳам қонун олдида жавоб беришди. Суд жиноятчи Камолиддин Шодиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан узил-кесил 23 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, усталарни дўппослашга ёрдамлашган Мирали Тошев 3 йил 6 ой, жиноят содир бўлганлиги ҳақида ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар бермаган ҳайдовчи Шерзоджон Неков эса 3 йил муддатга панжара ортига маҳкум этилди.