Тери етиштирувчиларга негадир имтиёз йўқ…

16:08 - 03.06.2022

426

Йил давомида ўзимизга гўшт учун икки-учта қўй сўямиз. Бир неча йилдан буён йилига икки ё учта қўйнинг терисини кўмиб ташлайман. Сабаби тери топширадиган жой йўқ. Ҳар йили Қурбон ҳайитида сўйилган қўйнинг терисини бериб кетаман деб кўчалардан терифурушларни қидираман, афсуски, ҳеч ким олмайди. Авваллари ҳайит кунлари катта йўлларнинг бўйида терифурушлар одамлар олиб чиққан териларни, ҳатто ичакларни ҳам сотиб олишарди. Маҳалламизда ҳам тери олди-сотдиси билан шуғулланадиган одамлар бор эди. Улар териларнинг катта-кичиклигига қараб нархлаб, сотиб олаверарди. Ўша пайтлар эсимда, қўй сўйиб берадиган қассоблар хизмат ҳақи эвазига қўйнинг терисини берсангиз бўлади дейишарди. Қисқаси, тери экспортига рухсат берилган пайтларда чорвадорлар ҳам теридан яхшигина фойда олишарди. Бугун эса, афсуски, ушбу хомашёдан тўлиқ фойдаланилмаяпти. У исроф бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳолат Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътиборидан четда қолгани йўқ. Давлат раҳбари 2022 йилнинг 24 январь куни чарм-пойабзал саноатидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказган эди. Хусусан, йиғилишда Президент бу соҳа халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришда катта ўринга эгалигини айтиб, сўнгги йиллардаги технологик янгилаш ва маҳаллийлаштириш натижасида тармоқ сезиларли ривожланганини қайд этди.

Шу билан бирга, бу тармоқда ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплигини ҳам таъкидлади. Жумладан, хомашё ҳисобини юритиш тизими йўқ, автоматлашган кушхоналар камлиги тери сифатига таъсир қилмоқда. Дизайнер, технолог ва малакали тикувчилар, замонавий ускуна, кимё­вий восита ва бутловчи қисмлар етишмайди.

Шунингдек, Президент Бухоро ва Хоразмда йиллик 2 миллионта тери захираси бўлса-да, уни саноат усулида йиғиб олиш ва қайта ишлаш йўлга қўйилмаганини, Қашқадарёда йилига 1 миллион 800 минг, Навоийда 700 минг ва Тошкент вилоятида 500 мингта қўй-эчки териси умуман қайта ишланмаётганини таъкидлаганди.

Йиғилишда шу каби муаммоларни ҳал этиб, соҳани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган эди. Яъни, маҳаллаларда чорвани сўйиш ва терини йиғиб олиш бўйича мобил хизматларни йўлга қўйиш, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратиш зарурлиги айтилди.

Бу борадаги вазифалар давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 февралдаги «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилган.

Давлат терини қайта ишловчиларга кўпгина имтиёзлар бермоқда. Аммо тери етиштирувчиларга ҳеч қандай имтиёз йўқ. Улар арзимаган пул эвазига қимматли хомашёни терини қайта ишловчи тадбиркорларга сотишга мажбур бўлмоқда. Масалан, ҳозирги кунда битта мол териси 50-100 минг сўмдан, қўй ва эчки териси эса 10-15 минг сўмдан сотиб олинаяпти. Чорвадорлар агар тери экспортига рухсат берилса, улар учун ҳам қўшимча даромад бўлишини таъкидлашмоқда. 

Хусусан, gazeta.uz сайтининг терини экспорт қилишнинг чекланиши ростан ҳам гўшт таннархига таъсир қиладими деган саволига «Jizzax organic» қишлоқ хўжалиги кластери ҳамда «Saxovat» паррандачилик хўжалиги кузатув кенгаши аъзоси Сергей Шуров шундай жавоб берган: «Тери экспортининг нима сабабдан тақиқланганини билмайман. Лекин ундан олинадиган даромад гўшт нархига таъсир қилади. Чорвачилик маҳсулотларига сармоя киритишга қарор қилишда асосий мезонлардан бири соф маҳсулотнинг чиқиши ҳисобланади. Ҳозир бу кўрсаткич наслчилик чорвачилигида 55 фоизни ташкил этади. Келинг, соддалаштирамиз, тирик вазни 700 кг бўлган буқадан 385 кг маҳсулот чиқади. Кейин у гўшт ва бошқа нарсаларга, шу жумладан терига тақсимланади. Агар ишлаб чиқарувчи ушбу маҳсулотнинг бир қисмини арзимаган нархда сотишга ёки ташлаб юборишга мажбур бўлса, сотувга чиқариладиган қисмларининг (биринчи навбатда гўштнинг) ўртача нархи ошади. Агар ишлаб чиқарувчилар калла-пойча, тери, ҳатто қонни ҳам сотса, бу ўз-ўзидан гўшт нархини пасайтиради».

Ушбу саволга «Promeat» гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси директори Иззат Муталовдан ҳам жавоб олинган: «Гўшт таннархи фақат деҳқоннинг чорвасини боқиш учун сарфлаган харажатларидан таркиб топмайди, балки буқа ёки сигирнинг субмаҳсулотлари таннархидан ҳам шаклланади. Республикада чарм бизнесини ривожлантиришга қаратилган протекционистик чора-тадбирларнинг тескари самараси ҳам бор. Тан олишимиз керакки, биз пойабзал ва чарм ишлаб чиқарувчи глобал ишлаб чиқарувчи эмасмиз. Шунинг учун ҳам мамлакатдаги терини тўлиқ қайта ишлаш имконияти йўқ. Мисол учун, Австралияда бир қорамолнинг субмаҳсулоти, яъни калла-пойча, тери ва ҳоказолари ўртача 600 доллар туради, бизда эса 100 долларга ҳам бормайди.

Мен ишлаб чиқарувчи сифатида терини каттароқ нархда сотолмайман. Чунки бизда қайта ишловчи корхоналар терини ҳеч қачон тузукроқ нархда харид қилишмайди. Уларга сотмайман дейдиган бўлсам, афсуски, экспорт ҳам қила олмайман. Шунинг учун терини арзимаган пулга маҳаллий қайта ишловчиларга сотишга мажбурман. Лекин шу пулни ҳам рентабеллик учун гўшт нархига киритаман. Агар терини қимматроқ нархда сота олсак, бу гўшт нархига ижобий таъсир қилади. Энди тасаввур қилинг-а, биз гўшт етиштирувчилар ҳозир қандай шароитдамиз, буғдой экасизу, бироқ сизда сомонини сотишнинг имкони йўқ. Балки биз тушунмасмиз, бозор қонунлари ва мантиқ бизнинг хоҳиш ва шиорларимиздан кучлироқдир».

– Қарийб 30 йилдан буён от боқиб, қазичилик билан шуғулланаман, – дейди Бектемир туманида фаолият юритувчи тадбиркор Лутфулла Раҳматуллаев. – Чамаси ўн йиллар аввал отнинг терисидан яхшигина фойда қилардик. Тери экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўзлари келиб олиб кетишарди. Эсимда, ҳар бир отнинг терисини 50-60 минг сўмдан сотардик. Бу ўн йил аввал жуда яхши нарх эди. Қорамол териси эса отникидан икки баробар қиммат бўларди. Афсуски, тери экспортига тақиқ қўйилганидан кейин от терисини ҳеч ким олмай қўйди. Биламан, терини қайта ишловчи маҳаллий тадбиркорлар фақат мол терисини сотиб олади. Эссиз, баъзан ўнталаб терини чиқиндига ташлаймиз. Агар давлатимиз тери экспортига рухсат берса, шундай исрофгарчилик бўлмасди.

Бизда энди ривожланиб бораётган қуёнчилик йўналишида ҳам терини қайта ишлаш тизими деярли ривожланмаган. Шунинг учун бу иш билан шуғулланадиган фуқаролар ҳам қуён терисини ташлаб юборишга мажбур.

– 100 тагача қуён боқаман, – дейди Сергели тумани Хонобод маҳалласида яшовчи Дилмурод Саримсоқов. – Буюртмага қараб кунига қуён сўяман. Терисини эса ташлаб юбораман. Эшитишимча, тери саноати ривожланган давлатларда қуён терисини ҳам яхшигина пулга сотиб олишар экан. Терини экспорт қилишга йўл очилса, бизнинг фойдамизга ҳам фойда қўшиларди.

Ҳукуматнинг 2020 йил 29 октябрдаги фармойишига мувофиқ Ўзбекистонда чарм маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган тери қийқимларини 2020–2021-йилларда экспорт қилишга рухсат берилди. Аммо терига рухсат берилмаган.

Хулоса қиладиган бўлсак, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аввало мавжуд хомашёни йиғиб олиш масаласига жиддий ёндашиш керак. Агар республикамизда чиқаётган терилар ҳар куни тўлиқ йиғиштириб олинса, маҳаллий қайта ишловчиларнинг эҳтиёжидан қанча ортиқ эканлиги яққол кўринади. Ортиқча тери эса экспорт қилиниши лозим.